АЖОЙИБ ОВОЗ СОҲИБИ

13

Исроиловлар оиласида 1988 йили бир чақалоқ дунёга келди. Унинг ингалашлари гўё қўшиққа ўхшаб кетар эди.
– Лайлохон, болангизнинг қўшиқчи бўлиши турган гап, – дейишди момолар унга. – Бу овоз қалбларни мойдек эритиб, ларзага келтиряпти.

Момолар меҳр-муҳаббатини қозонган Умид Исроилов катта бўлганида 9-умумтаълим мактабига қатнади. Шу билан бирга 6-болалар мусиқа ва санъат мактабининг қашқар рубоби гуруҳида ҳам ўқий бошлади.

Уқиш ва санъат сирларини ўрганишни бирдек олиб борди. Уй бекаси бўлган онаси гарчи маданият ходими бўлмаса-да, бинойидек қўшиқ айтар эди. Умиднинг санъатга қизиқишини пайқаб, унга ўзи шеър ёзиб берди.

– Ўғлим, ана шу шеърни ашула қилиб айт, – деди Лайлохон ажойиб овоз соҳиби бўлган фарзандига. – Ширали овозинг билан томошабинни ўзингта ром этасан. Сенга момоларнинг меҳр-муҳаббати тушган…

Ватанни улуғловчи бу шеърни қўшиқ қилиб куйлаганида меҳрибон она дуога қўл кўтарди.

– Шу қўшиқ билан элга танилганинг рост бўлсин, – дея дуо қилди Лайлохон. – Умринг зиёда, санъат йўлидаги қадаминг қутлуғ, мартабанг эса баланд бўлсин!

Она дуосини Умиднинг отаси – тадбиркор Шавкатжон ҳам кўллаб-қувватлади.

– Санъатинг билан оиламиз ҳурматига ҳурмат қўш, – дея у ҳам дуо қилди. – Ўз овозинг билан етти иқлимга танил… 
Умумтаълим ва мусиқа мактабларини битиргач, У.Исроилов Қўқон тасвирий ва амалий санъат коллежи ўқувчилари сафидан ўрин эгаллади. Устозлари кўмакларида миллий қўшиқчилик дурдоналарини қунт ва сабр-қаноат билан ўрганди. Кейинчалик эса миллий эстрада йўналишида ўз кучини синаб кўрди.

Умид Исроилов устозлари маслаҳатлари билан бора-бора овози юқори диапазонли опера қўшиқлари куйлашга меҳр қўйди. Ўз устида тинмай ишлаши, изланиш ва интилишларидан қолмайдиган санъат ошиғи кейинчалик опера устасига айланди.

«Ниҳол» мукофоти лауреати

Умидга ҳавас қилиб, сингиллари ҳам Қўқон тасвирий ва амалий санъат коллежида таълим-тарбия олдилар, касб-ҳунар ўргандилар. Лолахон ва Лобархонлар бугунги кунда ҳамма ҳавас қиладиган фортепианочи ва дизайнердирлар.
Ўзини санъатга бағишлаган Умид Исроилов 11 ёшида қашқар рубобини моҳирлик билан чалиши орқали ҳаваскорлик саҳнасини забт этган бўлса, 19 ёшида эса профессионал саҳнада ҳаммани лол қолдирди. У «Суғдиёна» оркестри жўрлигида «Тошкент» қўшиғини қойилмақом ижро этгани учун совриндор бўлганини ҳамон унутмайди.

Умид Исроилов Узбекистон Давлат консерваториясида ўқиб юрган кезларида ҳам устозлари меҳрини қозонди. Аввал бакалавр, кейин эса магистр дипломини қўлга киритди. У 2011 йилда Назира Аҳмедова номидаги ёш опера хонандаларининг республика кўрик-танловида мукофотли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2013 йилнинг август ойида эса Калуга шаҳрида ўтказилган халқаро танловда учинчи ўринга муносиб, деб топилганининг ўзи ўзбек опера усталарининг шуҳратига шуҳрат қўшди.

Иқтидорли санъаткор У.Исроилов Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган рус романслари ижрочиларининг халқаро кўрик-танловида ҳам биринчи ўринни эгаллади. Бу маҳорат синовида ўзбекистонлик санъат усталари орасидан фақат бир ўзи қатнашиб, 6 та опера ижро этди ва талабчан ҳайъат аъзолари ҳамда маданият арбоблари олқишларига сазовор бўлди.

– Мен Ўзбекистон фарзандиман! – дейди Умид Исроилов билан телефон орқали гаплашганимизда. – Ҳаммадан ҳам мен учун қадрли мукофот 2009 йили «Ниҳол» мукофоти лауреати бўлганлигимдир. Халқаро танловларда ўзбек опера усталари обрўсига обрў қўшишимни эса касбий бурчим деб биламан…

«Романсиада-2013»нинг олтин медали

Совринлар… Мукофотлар… Улар кўплигидан Умид Исроилов уйида ўзига хос шон-шуҳрат музейи яратган. Яқинда улар сафига опера усталари ижрочиларининг халқаро танлови — «Романсиада-2013»нинг олтин медали ҳам қўшилди.
Москва шаҳрининг муҳташам Кремль санъат саройида ўзбек операчиси Умид Исроилов баланд овозда қўшиқ куйламокда. У ўз чиқиши ва бошқаларга ўхшамас овози орқали XVII халқаро танловнинг 120 нафар қатнашчиси, ҳайъат аъзолари ва опера усталарини ҳам мафтун этди.

Танлов якунида қўқонлик санъаткор Умид Исроиловнинг ижрочилик маҳоратига тан берилди. У «Романсиада-2013»нинг олтин медали билан тақдирланиб, биринчи ўринга муносиб деб топилди.

Лауреат бугунги кунда Алишер Навоий номидаги Узбекистон Давлат академик театрининг етакчи солистидир. У қўлга киритаётган ютуқларидан эсанкираб қолмаётир. Ҳамон ижодий изланиш ва интилишда. У.Исроилов айни кунларда итальян композитори Даницеттининг «Севги шароби» операсини маромига етказиб куйлаб, Европа мамлакатлари саҳналарини ҳам забт этиш ниятида. Шунингдек, Бетховеннинг Фиделио ариясини ҳам санъат мухлислари ҳукмига ҳавола этиш йўлида ижодий изланишда.

– Мен қашқар рубобидан сабоқ берган 6-болалар санъат ва мусиқа мактаби ўқитувчиси Дилбархон Рўзиқулова, вокалист бўлишим ва консерваторияга ўқишга киришимда кўмакдош бўлган Шукурхон Баратов, ижро маҳоратимни ошириб борган Ўзбекистон Давлат консерваторияси профессори, кафедра мудири Исмоил Жалилов, саҳна маданиятини ўргатган театримиз раҳбари Бахтиёр Ёқубовлардек талабчан ва фидойи устозларимдан миннатдорман ҳамда уларга таъзим қиламан, – дейди бизга телефон орқали Умид Исроилов. – Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мен камолот чўққисини забт этяпман. Эл-юртимга маданий хизмат кўрсатиш, севган мамлакатим обрўсига обрў қўшиш мен учун катта бахтдир.
Истиқболи порлоқ бу иқтидорли йигит эндигина 25 ёшни қаршилади. Унинг орзулари бир олам. Биз эса чеҳрасида доимо табассум балқиб турадиган ёш операчи Умид Исроиловга, ҳамшаҳримизга бахт ҳамда омад тилаб қоламиз. Ижодинг янада гуркирайверсин, Умид!

You must be logged in to post a comment Login