МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНЛАР РАВНАҚИ

Koreyan

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан одамларнинг диний туйғуларига ҳурмат, динлараро бағрикенглик тамойили баланд рутбага кўтарилди. 1992 йилнинг 2 июлида «Мусулмон фарзанди бировни кофир, бировни художўй деб тоифаларга ажратмайди… сабаби, бандасининг устидан бандаси эмас, худонинг ўзи ҳукм чиқаради. Шундай экан, бир-биримизни беҳуда айблаб, мен мусулмонман, сен кофир, деб талашиб юришлар бизга тўғри келмайди», – деди Президентимиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қатор моддалари (18, 31, 61-моддалар) ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун ҳар бир инсоннинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлайди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришни тақиқлайди. Давлат ва дин муносабатларини мувофиқлаштириш мақсадида бизда махсус идора – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилди. 2004 йил апрелида республикадаги турли конфессиялар ўртасидаги тотувлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ДИҚ қошида уларнинг раҳбарларидан иборат Конфессиялар ишлари кенгаши ташкил этилди.
Республика аҳолисининг 90 фоизидан зиёдини мусулмонлар, 4 фоизга яқинини православлар, қолганларини бошқа конфессиялар вакиллари ташкил этади. Республикамизда 16 конфессияга мансуб 2225 та диний ташкилот, жумладан, 2038 та масжид расмий рўйхатдан ўтган. (1991 йилда 146 та эди!) Республикамизда Тошкент ислом институти, Ислом университети, православ ва Протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларида юзлаб черков, синагога ва ибодат уйлари барпо этилди, таъмирланди. Улар қаторида Тошкент, Самарқанд, Навоийдаги православ ибодатхоналари, Тошкент шаҳридаги католик костёли, Самарқанддаги Арман-апостол черкови, Тошкентдаги Будда ибодатхонасини қайд этиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1991 йил 20 июнь ва 1992 йил 27 мартдаги Фармонларига биноан «Ийд ал-Адҳа» (Қурбон) ва «Ийд ал-Фитр» (Рўза) ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди. Истиқлол даврида 80 000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ҳаж, 56 000 дан ортиқ киши умра ибодатини адо этди. (1990 йилгача ҳар йили 3-4 кишигина ҳажга борарди!) Ҳар йили бошқа диний жамоаларнинг юзлаб вакиллари Исроил ва Россиядаги муқаддас зиёратгоҳларга бориб келмоқда.
Мустақиллик йилларида Қуръони карим, пайғамбар Муҳаммад (САВ) ҳадислари, Библия (Янги аҳд), Қадимий аҳднинг баъзи қисмлари (Сулаймон ҳикматлари, Рут, Эстер ва Юнус пайғамбарлар тарихи) ўзбек тилига таржима қилиниб оммавий ададда чоп этилди. Ўзбекистон Қуръонни кўзи ожизлар учун махсус Брайль ёзувида нашр қилган дунёнинг учинчи мамлакати сифатида машҳури жаҳон бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ойлик журнали 41000 нусхада, «Ислом нури» газетаси ойда икки марта 14500 нусхада, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг «Восток свыше» журнали ҳар чоракда 1000 нусхада чоп этилмоқда.
2007 йилда Ислом конференцияси ташкилоти Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси (ISESCO) қарори билан Тошкент шаҳри «Ислом маданияти пойтахти» деган шарафли номга сазовор бўлди.
Дунёнинг кўплаб минтақаларида кўп конфессиялилик ижтимоий муаммо сифатида баҳоланади. Улар муаммонинг ечимларини қидиришаётир. Мамлакатимизда эса 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Чунки 16 хил эътиқод ахли ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкам қонуний, маънавий пойдеворга қурилди. Уларнинг ўз фаолиятини амалга ошириши ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳамма шарт-шароитлар яратиб қўйилди. Бу эса мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳатлигига мустаҳкам қонуний пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Уларни Бош миллий ғоямиз – «Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт» барпо этишга сафарбар қилаётир. Бунинг яққол мисолларидан бирини Президентимиз Ислом Каримов шундай таъкидлайди: «Мусулмонлар ва христианларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маърифий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб ҳисобланишига арзигуликдир».

You must be logged in to post a comment Login