ПИЧОҚНИНГ СЕҲР ВА ЖОЗИБАСИ

пичок

Истиқлол йилларида миллий ва қадимий ҳунармандчилик турларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий кўмак ва мададлар кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар қилинди. Натижада кўпнинг эътибори, рағбатидан четда қолган миллий ҳунармандчилик мактаби ва анъаналари қайта тикланиб ривожланиб бормоқда. Айниқса Президентимизнинг 1997 йил 31 мартда қабул қилган «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқчига олиб чиқди. Бугун қайси бир савдо дўкони ёки кўргазмаларга борсангиз миллий ҳунармандчилик андозалари билан йўғрилган ранг- баранг, маҳсулотлар кўзингизни қамаштиради. Дунёни ҳайрат ва ҳаяжонга солаётган бу маҳсулотлар маҳаллий ёшлар сай- ҳаракати билан амалга оширилаётгани эса фахр, ифтихор бағишланди.

Ана шундай кўхна ҳунарлар қаторида пичоқчилик ҳам муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Қадимда пичоқчилик қуролсозликнинг энг кенг тарқалган тури бўлгани учун деярли ҳар бир шаҳарларда фаолият кўрсатиб келган. Баъзи жойларда эса бу касб санъат даражасига кўтарилиб, ўзига хос мактаблари шакилланган. Фарғона водийсида Қўқон, Чуст, Шаҳрихон, Қорасув мактаблари машҳур бўлган. Пичоқлар хом ашёси, кўриниши, тайёрлаш услублари билан бир- биридан фарқ қилади. Пичоқларнинг асосий қисми «Дамашқи», «Исфаҳоний», «Фарангий», «Ўрусий», «Туркона» сингари пўлат хом ашёларидан тайёланиб, шакли ва тиғига кўра ажралиб турган. Яъни, бир бир томони тиғ «Якқадам», икки томони тиғ бўлган «Дудама», букламали «Қўшпичоқ», ўроқ каби қайрилиб тиғи ички томонда бўлган «Ўроқи» турларига, ишлатилишига кўра «Рўзғори», «Ошпичоқ», Чопқипичоқ», «Саллоҳи» кассоблар пичоғи, «Мардона» эркаклар белига осиб юрадиган, қиличдан кичикроқ ясалган «Шамширак, тирноқ оладиган «Дўкот», қамиш қаламларни учини чиқарадиган «Қаламтарош», қовун сўядиган «Ҳарбузи», суяк тозалашга чиқарилган «Чол пичоқ» сингари турларига бўлинган бўлиб ҳар бир пичоқнинг ўзнинг вазифаси ва қулай хислатлари билан эътибор қозонган.

Қўқон пичоқчилик мактабида ХIХ асрда Бобоназар пичоқчи, Қосим яроқсоз, уста Мирхолиқ Фаранг, Муҳаммаджон пичоқчи Алибой ўғли каби усталари билан машҳур бўлган. XX аср бошларида қўқонлик уста Исхоқ Қосим ва уста Маҳмуд Муҳаммаджоновлар томонидан тайёрланган пиқоқлар Париж ва Женевада бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларда кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланган.

Эътиборли жиҳати бу қадимий ҳунармандчилик анъаналари бугунги кунда янги усул ва замонавий андозалар билан бойиган холда тараққий этмоқда.

Бугунги Қўқон пичоқчилик мактабида уста Ҳасанжон Умаровнинг ижодий ишлари ўзига хослиги, пишиқ, пухталиги, ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Ҳасанжон ёш бўлишига қарамай пичоқчи уста сифатида ўзига хос мактаб яратган ҳунармандлар сирасига киради. Болалигидан ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиш уни ўз устида ишлашга, изланишга ундади. Ҳамма тенгқурлари кўча — кўйда турли ўйинқароқликлар билан кун ўтказса у отаси, пичоқчи уста Омонжон Умаровнинг ёнига кириб пичоқ тайёрлаш сирларини қунт билан ўрганди, амалий ишларида кўмаклашди, билмаганлари, ўзини қизиқтирган саволлар ҳақида сўраб ўрганди. Тез орада эл, устозлар назарига тушди. Айни кунда «Усто» бирлашмасида меҳнат қилаётган ёш пичоқчи ўнлаб ёшларга пичоқ тайёрлаш жараёни, тарихи хусусида сабоқ бериб келмоқда. Маҳаллий шароитда қўқонлик ёшлар саъй-ҳаракатлари билан тайёрланган ижодий иш намуналари бир неча бор халқаро кўргазмаларда нуфузли ўринларни эгаллади. Жумладан 2001 йилда Қозоғистоннинг Алмата шаҳрида ўтказилган «Марказий Осиёнинг Олтин мероси» кўргазма ярмаркасида 1-даражали диплом билан тақдирланди. 2007 йили эса Парижда ўтказилган халқаро «НЕГАИСТОН» (лотинча) танловида фахрли 2 ўрин сохиби бўлди. Ана шу халқаро анжуманда мутахассислар кўз ўнгида пичоқ ва бошқа қуроллар ясаб ўзбек метал.созлиги ва қуролсозлиги чуқур илдизга эга эканлигини ва бу илдиздан янги ниҳолар ўсиб келаётганини барчага кўрсатиб берди.

– Қўқон пичоқларининг ўзига хос жиҳатлари кўп, – дейди пичоқчи уста «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси Ҳасанжон Умароз. – Аввало улар маҳаллий пўлатдан тайёрланиб ўта кескирлиги ва бежирим безакларга бойлиги билан эътибор қозонган. Чунки пичоқ дасталарига ишлов беришда оддий ёғоч маҳсулотларидан ташқари фил суяклари, каркидон, ёввойи эчки ва анхар шохларидан фойдаланиб дасталарига ёқут, феруз, кумуш жисмлари ёпиштирилган. Бу эса пичоқ ва бошқа яроқларни кўримлигини оширган, табиий жисмлардан тайёрланган яроқ дасталари эса ўзига хос кўриниши, узоқ сақланиши билан ҳам ажралиб туради. Ҳозирда ҳам Қўқон пичоқчилик мактабининг ўзига хос усулларини сақлаган холда ривожлантириш учун амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунда тарихий манбаларда қайт этилган жараёнлар, устоз пичоқчиларнинг хотиралари амалий ёрдам бермоқда.

Қўқон пичоқларини қўлингизга олсангиз ундан кўнгил узолмайсиз. Нозиқ дид, юксак маҳорат билан ишланган пичоқларда аксингизни кўрасиз. Қуёшга тобласангиз кўзингизни қамаштиради. Вахолангки оддий пўлатдан пичоқ тайёрлаш осон иш эмас. Пичоқчилик сабр-бардош билан ишлашни, куч-қувват, қалб гўзаллигини талаб этади. Ана шу хислатлар мужассам бўлсагина пишиқ, пухта ҳунармандчилик буюмлари яратилади, эл оғзига тушиб эътибор топади.

You must be logged in to post a comment Login