ҲИНДИСТОН ҲАЙРАТЛАРИ

Кейинги пайтда юртимизда Президентимиз ташаббуси билан хорижий тилларни ўрганишга катта эътибор берилиб, барча турдаги таълим муассасаларида бу масалага жиддий ёндашиш талаб этилмоқда. Жумладан, Фарғона политехника институтида ҳам талабалар таътили вақтларида барча профессор-ўқитувчилар билан инглиз тилини чуқурлаштириш мақсадида дарс машғулотлари олиб борилмоқда. Кафедраларда ҳафтанинг бир кунида фақат инглиз тилида суҳбатлашиш йўлга қўйилган. Ҳар бир устоз келажакда дарс машғулотларини инглиз тилида ҳам бемалол ўта оладиган даражада мукаммал ўрганиш учун ҳаракат қилмоқдалар.

Фарғона политехника институти «Ўзбекистон тарихи» кафедраси ассистентлари Илёсхон Бурҳонов ва Зумрадхон Ҳатамовалар ҳам ўз олдиларига ана шундай мақсад қўйиб, изланаётган ёш ўқитувчилардан. Улар яқинда мамлакатимизда ёшларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, “ITEC” дастурида қатнашдилар ва ушбу лойиҳа бўйича давлат грантини қўлга киритиб, Ҳиндистон давлатида уч ой давомида педагогик маҳоратларини ошириб қайтишга муваффақ бўлдилар.

– Биз инглиз тилини мукаммал ўрганиш мақсадида 2013 йил май ойининг бошида Ҳиндистон ҳукуматининг Тошкентдаги элчихонасига International Training Programme (ITP) дастурининг Progress to Proficiency курсига ҳужжат топширдик. Ҳужжатларимиз саралаш босқичидан ўтганидан кейин инглиз тилида суҳбат бўлди ва муваффақиятли натижадан сўнг бизнинг исм шарифимиз ҳам ғолиблар қаторида эълон қилинди, – дейди суҳбатда З.Ҳатамова.

– Машғулотлар қаерларда олиб борилди? Ўзга бир қитъа таассуротлари, Ҳиндистоннинг ўзига хос жиҳатлари, ёдингизда муҳрланиб қолган лаҳзалар тўғрисида ўртоқлашсангиз.

– Ҳиндистонда бизни жуда илиқ қарши олишди. Андрапрадеш штати Хайдарабод шаҳрининг Хорижий тиллар универститетида («The English Foreign Languages Universiti») бизга ўқиш ва яшаш учун барча шароитлар мавжуд эди. Уч ой мобайнида дарслар малакали профессор, докторлар томонидан олиб борилди.

– Курс давомида Ҳиндистон бўйлаб ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритилган «Қутб минор», «Ҳумоюн томб», «Махатма Ганди музейи», ва хиёбони, «Лотус темпул», «Агра Форт», «Тожмаҳал», «Ред Форт», «Ҳаво маҳал», «Маха Ража қасри», «Жантар мантар» каби тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлдик. Ҳар бири ўзига хос, Ҳиндистон миллий анъаналари асосида қурилган кўркам ва ҳайратланарли. Айниқса, Тожмаҳал, чиндан ҳам, мўъжизанинг ўзгинаси экан. Ўзимизни худди эртаклар дунёсига тушиб қолгандек ҳис қилдик. Деворлари оппоқ мармардан, ақл бовар қилмайдиган даражада маҳорат билан яратилган бу тарихий обида инсониятнинг қанчалар чексиз куч-қудрат, ақл- заковат, тафаккур ва тасаввур дунёсига эга эканлигидан далолат бериб турарди. Кўнглимиздан, агар аждодимиз Бобур Мирзо Ҳиндистонга келмаганларида, эҳтимол, бу мўъжизавий минора Ўзбекистонда қад ростлаган бўлармиди, деган ўй ҳам кечди. Лекин, барибир, Ҳиндистонда бўлса ҳам дунёни лол этаётган бу бебаҳо меросни Бобурийлар сулоласи қолдирганидан фахрланиб қўйдик.

Тожмаҳалдан дунёнинг турли буржларидан борган сайёҳларнинг қадами узилмас экан. Биз эсдалик учун суратга тушмоқчи бўлганимизда, сайёҳларнинг диққатини ўзимизга жалб этибмиз. Чунки бизлар миллий кийимда эдик. Менинг атлас кўйлагиму турмуш ўртоғимнинг дўпписини кўриб, “Бухо-ро! Бу-хорий!”,- дея бизни бир-бирларига кўрсатиб, қаршимизга шошилдилар. Тожмаҳал ёнида, турли миллат вакиллари хоҳишларига кўра, бир неча бор суратга тушдик. Дилларимизда аждодимиз, ислом оламининг олиму уламоси, муҳаддис Имом ал-Бухорий юртидан бўлганлигимиз учун ҳам чексиз фахр ва ғурур туйғуларини туйдик. Теран илдиз отган тарихимиз, дунёга донг таратган шундай аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Чунки уларнинг авлодлари бўлганимиз учун ҳам бизга бугун дунёнинг бошқа бир буржида, биз тилини ҳам билмайдиган, танимайдиган хорижликликлар алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатаётан эдилар. Бундай ифтихор туйғуларини сўз билан ифодалаб бўлмайди.

Машғулотлар тугагач, курс якунида сертификат топшириш маросими бўлди. Маросимда нуфузли меҳмонлар, бизга таълим берган ўқитувчилар ва курс талабалари иштирок этдилар. Хайдарабод шаҳри «Османия» университети ректори, доктор Сурабхи Бхарти ушбу маросимда нутқ сўзлаётиб: «59 нафар хорижий тингловчидан Ўзбекистонлик тингловчиларга алоҳида эътибор қаратмоқчиман. И.Бурҳонов ва З.Ҳатамова энг юқори балл тўплаб, аъло даражали сертификат билан тақдирланадилар!»,- деб бизни саҳнага таклиф этди ва бу биз учун фахрланса арзирлик бўлди. Бундай қувончли лаҳзалар, албатта, ёдимизда муҳрланиб қолди.

– Бугун дунё ахборотларининг 99 фоизи инглиз тилида бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, сизларнинг режаларингиз қандай?

– 2013 йил биз учун жуда омадли, эсда қоларли йил бўлди. Янги йилдан ҳам умидларимиз катта. Ҳозирда талабаларга билим беришда маъруза ва амалиёт машғулотларини инглиз тилида олиб боришга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўйламизки, 2014 – “Соғлом бола йили” ҳам мақсадларимизга эришиш учун яна бир поғона бўлиб хизмат қилади.
Мухбиримиз суҳбатлашди.

You must be logged in to post a comment Login