ЭЗГУЛИК УЛАШИШ БАХТИ

Ҳаётимиздан муносиб ўрин эгаллаган 2013 йилда юртимизда аёлга бўлган эътибор, оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳакамлаш, ўғил қизларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш йўлида кўплаб эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Биргина таълим соҳасида олиб борилган ибратли ишлар эътирофга сазовордир. Фарзандлар таълим-тарбияси масаласини умрининг мазмунига айлантирган фидойи ўқитувчиларимиз жуда кўп. Ёзёвон туманининг Чўлигулистон қишлоғидаги 22 умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Ўктамхон Солиева ҳам ана шундай устозлардан биридир.

Болаларнинг қизиқарли олами, уларга бўлган ўзгача меҳр-муҳаббат туйғулари Ўктамхон опани ўқитувчилик касбини танлашга, айни бошланғич таълим тизимида фаолият кўрсатишга ундади. Мана 30 йилдирки, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида машаққатли ва самарали мехнат қилиб келмоқда.

– Болаларнинг бегонаси бўлмайди, – дейди Ўктамхон опа ўзи билан шу соҳада фаолият кўрсатаётган шогирдларига қарата. – Улар бизнинг фарзанларимиз, кўз-қорачиқларимиз ва эртанги ёруғ келажагимиздир.Уларга қаратилаётган эътибор, берилаётган мустаҳкам таълим-тарбия, ўғил-қизларимизни ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб улғайишларига йўл очади. Билимли, тафаккури теран ёшлар эса Ватанни обод этиш, унинг фаровонлигига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларни амалга оширишга қодир бўлади.

Ҳа, таълим даргоҳида ана шундай тажрибали устозларнинг борлиги ўқувчиларнинг юксак бахтидир. Мисол учун шу мактабни ўтган йили тамомлаган Қобилжон Шерматов 2011 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Истеъдод” кўрик-танловининг Республика босқичида ғолиб бўлиб унинг “Қишлоқжоним” номли китоби 20 минг нусхада ижод фонди томонидан чоп этиб берилди. Шунингдек, Ў.Солиева раҳбарлигида мактаб қошида очилган “Ораста қизлар” тўгараги аъзолари ҳам ўтган йиллар давомида бир қатор ютуқларга эришиб келишмоқда. Қўлга киритилаётган бу каби ижобий натижаларнинг замирида аввало меҳри дарё, оқила, ўз касбини жону дилдан севувчи ана шундай устозлар меҳнатидандир. Ўктамхон Солиеванинг бу каби машаққати ва шарафли меҳнати йиллар давомида ўз намунасини кўрсатиб, опа қатор ютуқларга сазовор бўлди. Жумладан, 1996 йилда Бухорода бўлиб ўтган “Педагогик ўқишлар” респулика кўрик-танловида биринчиликни қўлга киритган опанинг фидокорона меҳнатлари 2006 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган “Аёл баркамол авлод мураббийи” кўрик танловида ҳам муносиб тақдирланди. Жорий йилда эса “Энг намунали мактаб хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти кўрик-танловининг вилоят босқичида муваффақиятли қатнашиб, республика босқичига йўлланма олгани, опанинг таълим соҳаси билан бир қаторда хотин-қизлар қўмитаси тизимини ривожлантириш йўлида самарали фаолият кўрсатаётганини англатади.

Дарҳақиқат, жамиятда аёл оқила бўлса, фарзандлар соғлом, оилалар фаровон, юрт обод бўлади, мамлакат тараққиётга юз тутади. Шу боисдан ҳам юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ижтимоий фаоллигини оширишга муҳим аҳамият қаратиб келинмоқда.

Хусусан лавҳамиз қахрамони ҳам ўзи фаолият кўрсатаётган 22 мактабда 3 йилдан буён хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқда.

– Бугунги кунда қўмитамизнинг 40 дан зиёд аъзолари бор, – дейди Ў.Солиева. –Фаолият давомида улар билан ўзаро алоқада бўлиб, бугунги шароити, оилавий аҳволи ўрганилиб борилади ҳамда уларга моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатилади. Уларнинг саломатлигини тиклаш, маданий ҳордиқ чиқаришларига шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Нафақат мактаб жамоасида фаолият кўрсатаётган ходимлар, улардан ташқари тумандаги “Чўлигулистон” қишлоғининг турли маҳаллаларидаги аёлларни ҳам ўз ҳоҳишига асосан қўмитага аъзо қилдик. Уларнинг иштирокида эса жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ҳаттоки, қишлоқдан алоҳида жой ажратилиб аёлларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари йўлга қўйилди. Улар бу ерда спортнинг волейбол, баскетбол, стол тениси турлари билан шуғулланиб ўз вақтларини чоғ ўтказмоқдалар. Қўмитамизга аъзо бўлган аёллар орасида тадбиркорликка, ҳунармандчиликка қизиқувчи аёллар ҳам бўлгани боис, келгусида уларга имтиёзли кредит олишларига ёрдам беришни режалаштирганмиз.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир” маърузасида “Қачон оила бахтли бўлади? Қачонки аёл бахтли бўлса. Қачон аёл бахтли бўлади? Авваламбор, унинг болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса. Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади? Қачонки оиласи тинч, рўзғри фаровон бўлса, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлса, -деган доно фикрларни таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам аёлнинг қувончи, оиланинг, жамиятнинг қувончи, фарзандларнинг бахту саодатидир. Шунинг учун ҳам Президентимиз ташаббуси ва бошчилигида мамалакатимизда хотин-қизларнинг шаъни, қадр қимматини сақлаш, унинг манфаатлари йўлида изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бу эътибор ва қулайликлардан ўз ўрнида ва оқилона фойдаланиш орқали илғор натижаларга эришилади. Чуночи аёлнинг, оналарнинг фаоллиги фарзандларнинг иқболидир. 2014 йилга “Соғлом бола” йили деб ном берилишида ҳам ана шу мўтабар зот бўлган оналар, аёллар ва фарзандларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини йўлида амалга ошириладиган устивор мақсадлар мужассамдир.

You must be logged in to post a comment Login