КИМ ЭДИ ЎЗИ СКОБЕЛЕВ?

Юртдошларимиз мамлакатимизнинг барқарор иқтисодиёти, тараққиёт сари илдам қадам ташлаётгани, халқимизни ҳар бир ютуқ ва ғалабалари, тинч ҳаётини бевосита Президентимиз Ислом Каримов номи билан ҳақли равишда боғлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1641-сонли қарорига асосан шаҳарда бугун олиб борилаётган кенг кўламли ободончилик, бунёдкорлик ишларида, бутун вилоят аҳли бир тану-жон бўлиб, ғайрат-шижоат намуналарини кўрсатмоқда.

Таъкидланган қарорга асосланиб, шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда амалга ошириладиган кенг ҳажмли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. 12 та йўналишни қамраб олган дастур бўйича олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ва ободончилик ишларини бугунги кунда шаҳарнинг ҳар бир гўшасида кузатиш мумкин. Ичимлик ва оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш, модернизациялаш, ер ости сизот сувларини сезиларли даражада камайтириш мақсадларида дренаж тизимини яратиш йўналишларида ҳам жорий йилга белгиланган вазифалар босқичма-босқич олиб бориляпти.

Афсуски, Фарғонада шундай улкан ободончилик ишлари олиб борилаётган, шаҳар кўчаларини кенгайтириш, биноларни кўркига соя ташлаб турган чинор шохларини буташ ёки умуман дарахтни кесиб олиб ташланаётган вақтда юртдошларимиз орасида турли миш-мишлар яни руслар Фарғона шаҳрини қуришда шаҳар ботқоқ, зах ерда бунёд этилаётганлиги учун генерал Скобелевни донишмандлиги сабабли чинор дарахтлари ўтказганлиги, агарда чинорлар бутунлай кесиб ташланса кўп қаватли уйларни ертўлалари сувга тўлиши каби сўзлар, ўзгалар юрти устида қилич ўйнатган рус зобити, чоризмни мустамлака сиёсатини Шарқда қон ва қилич билан жорий қилган даҳшатли, қонхўр генерал Михаил Дмитриевич Скобелев номини юзага қалқитиб чиқарди.

Яқинда харбийлар билан бўлган сухбатда харбийлар улар хизмат қилаётган гарнизон ичида шахсан Скобелев эккан арча дарахтини атрофини ўраб, ноёб дарахт сифатида сақланаётганини фаҳр билан гапирдилар. Албатта, ёши катта юртдошларимиз озми кўпми Скобелев ҳақида маълумотга эгалар, лекин ёшларимиз учун ким эди ўзи Скобелев?

1875 йилда Қўқон хонлигига бостириб келган рус қўшинининг генераллари ичида бўлган М.Д.Скобелев 100 минглаб юртдошлармизни кучлар тенг бўлмаган жангларда ва босиб олинган шаҳарларда шавқатсизларча қиришда жонбозлик кўрсатган. Кўктепа жангидаги шафқатсизлигидан таъсирланиб: “8000 бегуноҳ одамни ўлдирганингиз учун виждон азобида қолмайсизми?” – деб берилган саволга, генерал Скобелев юзсизлик билан: “Йўқ! Талофат 80000 га етмаганига ачинаман. Тўкилган ҳар томчи рус қони учун душман (ўрта осиёликлар) қонини дарёдек оқизаман. Дунё славянларники, славянлар эса Россияники… Очиғи мен урушни яхши кўраман.” -деб виждонсизларча жавоб берган эди.

И.А.Терентьевнинг “Ўрта Осиёнинг забт этилиши тарихи” номли асарида Скобелевнинг ўзининг қўмондонлигига юборган хабарлари келтирилган: “Балиқчи қишлоғининг дарёга туташ қисми ер юзасидан бутунлай супириб ташланди”. (Марғилонлик Валихон тўра бошчилигидаги юртдошларимиз билан бўлган жанг жойи, минглаб одамлар қириб ташланган).

“Скобелев йўлда келар экан, санасини кўрсатмай, Колпаковскийга телеграмма жўнатди, у 7 февралда эгасига етиб тегди. Унда Андижонда ҳамма нарса жойидалиги, аниқ маълумотларга қараганда, шаҳар тўпга тутилган пайтда харобалар орасида 20000 та одам ҳалок бўлганлиги айтилган эди” (407 бет). Барча кўчирмалар И.А.Терентьевнинг юқоридаги китобидан олинди.

“Эрталаб отам Туркистон урушидан қайтган бир юнкер билан гурунглашиб, унинг ароқ ичиш-ичмаслигини сўраб қолди. У “аҳён-аҳёнда ичиб тураман”, деб жавоб берди. “Нима учун ичасан?” -деб сўради отам. “Мана, масалан, генерал Скобелев бутун аҳолини (Кўктепа қалъасида) қириб ташлаш керак бўлиб қолганда аскарлар бундай қилишдан бош тортдилар, қирғинни амалга ошириш учун аскарларни ичкизиб, маст қилишлари зарур бўлди”, -деб жавоб қилди юнкер. Дадам бир неча кунгача буни унутолмай, ҳаммага ҳикоя қилиб юрди. Татьяна Сухотина Толстая (Л. Н. Толстойнинг қизи, “Эсдаликлар”идан). “Скобелев Ивановни зуғумга олгач, -деб ёзади рус тарихчиси Б. Наливкин, – у қўл остидаги аскарларини ҳужумга бошлаб, эмизикли болаларгача чопиб ташлади”… У чинакам ёвуз одам эди. Шовинист эди. Босқинчи эди.

“Скобелевнинг умрий мақсади Англиянинг шарқдаги мустамлакаларини, биринчи навбатда Хиндистонни босиб олиш эди. Урта Осиё – Эрон билан Афғонистонни забт этиш бу йўлдаги қулай жабҳа сифатида керак эди. Подшоҳ Александр II бу машъум режаларни қўллаб-қувватларди. Бу режани Скобелев Ўрта Осиёни қонга ботириш билан “қойил” қилиб бажарди. Фақат Александр II ни ўлими подшоҳни ҳатти ҳаракатига чек қўйди. Россияни Англия билан урушдан сақлаб қолди.

Янги подшоҳ – Александр III Скобелевнинг режаларини қатағон қилди, генералнинг мартаба осмонида тобора ўрлаб бораётган орзу қуёши бемаҳал ботди”. (Хуршид Даврон. “Босқинчи қаҳрамон бўладими?” 1990 йил)
1876 йилнинг 19 февралида Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ўрнига Фарғона вилояти ташкил қилинади ва генерал Скобелев эса ҳарбий губернатор қилиб тайинланади. Лекин генерал тез орада Болгарияга туркларга қарши урушга қўмондон сифатида жўнатилди.

Уша вақтда маҳаллий халқ Сим деб атаган, ҳозирги Фарғона шаҳри 1876 йилда асос солинган ва Янги Марғилон деб аталган. 1910 йилда Скобелевнинг ўлимидан кейин номини абадийлаштириш учун шаҳарга Скобелев номи берилган. 1918 йилдан буён шаҳар Фарғона деб аталиб келмоқда.

“Айтишларича, дастлабки вақтларда Марғилонсойнинг атрофлари сув тошқинлари туфайли ботқоқлик ҳолатига келиб қолганлиги учун бу муаммони қандай бартараф этиш масаласи пайдо бўлган. Уша вақтда Саййид Мусохўжа эшон ортиқча намликни йўқотишда шаҳар маъмурларига дарахтлардан кўпроқ экиш кераклигини маслаҳат берган. Натижада дарахтларнинг чинор, қайроғоч, акация, оқ терак туридан экилса мақсадга мовофиқ, деган хулосага келганлар. Шу ўринда яна бир савол туғилган. Яъни бу турдаги дараҳтларнинг кўчат ва уруғини топиш масаласи. Шунда Саййид Мусохўжа эшон “Биз савдогарларни турли худудларга юборамиз ва улар биз айтган дарахтларнинг кўчат ва уруғларидан олиб келишади”, деб жавоб берган. Кўп ўтмай дарахт ниҳоллари ўтказила бошлангандан сўнг, ботқоқ ерлар камайган. (“Фарғона азизлари тақдири”. Н.Абдулахатов. 2012 йил) Натижадан миннатдор бўлган рус ҳукумати кўплаб савдогарларни хаж сафарига жўнатганлиги архив хужжатларида келтирилган. Кўриниб турибдики, айнан руслар ёки Скобелевнинг донишмандлиги эмас боболаримизни топқирлиги, заковати, бинолар қуришдаги маҳорати (губернаторни уйи ва бошқа Фарғонада қурилган биноларни қуришда маҳаллий усталар ишлаганлиги архив хужжатларида келтирилган) Фарғонага кўрк берган. Тарихдаги ҳар бир ижтимоий юксалиш жамиятнинг ўз меросига, ўз ўтмишига бўлган муносабатини ислох қилишдан бошланган. Зеро, ўтмиш сабоқлари замонавий тараққиёт учун хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login