ЯРАТИБ ЯШАШНИНГ ҲИКМАТИ УЛУҒ

Дунё дунё бўлиб яралибдики, инсон ўз қўли, меҳнати билан заминга ниҳол қадайди, боғлар яратади. Оламнинг янада яшнаши учун хисса қўшади. Лойнинг кўзага айланиши, оддийгина матонинг хушбичим либос суратига кириши, ҳаёт манзаралари рангин бўёқларда жилваланиши бир мўжиза. Қийинчиликларга чап бериб, интилиб, қизиқишларини иқтидорга, иқтидорни эса шакллантира олиш ҳам саодат. Барча тенгдошларидек бўлиш, улардан ўзиб кетиш, яшаш учун, яратиш учун курашиш ҳам жасорат. Ана шундай фазилат соҳиби Нигора Эргашева Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Қўштепалик ҳунарманд оддийгина оиланинг фарзанди. Икки укаси ва сингилларининг меҳрибони, сирдош, суянчиғи. Гарчи ҳаёт ўзининг аччиқ неъматларини туҳфа қилган бўлса-да, қалбидаги умид, иштиёқ уни олға интилишга ундайди. Бувиси Ҳабиба опа ёрдамида либослар тика бошлайди. Бу меҳрибон инсоннинг кўмаги, малҳам бўлувчи сўзлари доимо набирасига таянч ва мададкор бўлган. Шунинг учун тикувчининг илк иши бувисига аталган. Эгнига меҳр билан яратилган кўйлакни кийиб юрган кезлари маҳалла аёллари ҳавас билан боқди. Кўрса кўз қувнайдиган, дилни яйратадиган, ярашганидан қувонтирадиган турли ҳил либослар эгаси бўлиш умидида эшик қоқиб келувчилар кўпайди. Эндиликда исми ёнига улуғловчи касби қўшиб айтилар, “Нигора чевар” дея эъзозланарди. Бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бор. Зеро, бу ҳунар хонадон аёлларига онамерос. Шу боис ҳам, ундаги туғба қобилият, ички бир ҳиссият иш унумини оширди. Йиллар ўтиб, ўзининг тикувчилик цехини очди. 10 нафар маҳалла аёлларини иш билан таъминлади. Қизларни ҳунар ўрганишга жалб қилди. Ҳозирда 50 дан зиёд шогирдлари атрофида парвона. Икки синглиси Маъмура ва Муҳаббатлар опасининг яқин ёрдамчисига айланишди. Энг зийрак шогирдлари Гавҳарой, Нигора, Моҳларойим, Ферузалар билан биргаликда аёллар, тўй либослари, элита пардалар, попопчилик намуналари яратмоқдалар.
Инсон қўлини гулга қиёс қиладилар. Шундай хислат эгаси, юксак мукофот соҳибаси келажакдаги режалари хусусида сўраганимизда кулибгина жавоб қайтарди.

– Яратиб яшашнинг ҳикмати улуғ. Инсоннинг ўз севган иши, мақсади бўлмоғи даркор. Иккиси энг қийин пайтларда ҳам интилиб, матонат билан ҳаракат қилишимизга умид беради. Эндиликда фаолиятимни янада кенгайтириб, 100 га яқин ишчи ўрни яратиш ниятидаман. Маҳсулотларимнинг чакана савдосини йўлга қўймоқчиман.

Қаҳрамонимиз қалбида жўшиб турган ниятлари, орзулари ҳақида узоқ гапирди. Муҳими, Нигора опанинг сўзларида фақатгина ҳаёл қилиш эмас, балки уни амалда татбиқ этиш учун ҳаракат, ғайратни кўриш мумкин. Ана шу интилиш, ижтимоий масъуллик хисси барчамизга ўрнак бўлгудек.

You must be logged in to post a comment Login