ЁШЛАРНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

1912136

Учкўприклик Нилуфархон Маматованинг болалик чоғларидаги орзулари рўёбга чиқди. Бугунги кунга келиб у ўзи истаган қўли гул, моҳир чеварга айланди. Тикувчилик касбига бўлган ёшликдаги қизиқиш, интилишлар самараси туфайли у ҳозирги кунда туман ҳунармандлари қаторида туриб, ўз касби, ҳалол меҳнатлари билан маҳалласи, қишлоқдошларининг корига ярамоқда.
– Юртимизда мен каби ёш ҳунармандлар, тадбиркорлар фаолиятига юксак эътибор қаратиб келинаётганидан ҳурсандман, – дейди Н.Маматова. – Айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ўз бизнесларини ташкил этиш, уни ривожлантириш йўлида яратилаётган имтиёз ва имкониятларнинг аҳамияти беқиёс. Фақатгина ундан оқилона фойдаланиш орқали кўзланган олий мақсадларга эришилади. Мен ҳам ана шу шароитлардан фойдаланиб, ўз ҳунаримни янада ривожлантириш ниятида тижорат банкидан уч миллион сўмдан иборат имтиёзли кредит олишни режалаштирганман. Ушбу маблағ эвазига тикув машиналарини сотиб олиб, яни ишчи ўринларини яратиш ниятидаман.
Дарҳақиқат, жамиятимизда Нилуфар каби ўз йўналиши асосида юксак мақсадларни кўзлаб, олий марраларга дадил интилаётган фаол ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётидаги муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида вилоятимизда кенг кўламдаги ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Учкўприк туманида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш масалалари туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси Бандликка кўмаклашиш маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши, Маънавият тарғибот маракази туман бўлими ҳамда “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда атрофлича ҳал этилиб, ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланмоқда.
Тумандаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларнинг кўпчилиги шартнома асосида “Ҳумотўқимачи” корхонасига ишга жойлаштирилди. Ҳозирда мазкур корхонада улар ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритиб, билим даргоҳида олган назарий билимларини, амалиётда синовдан ўтказишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 280 нафар ишчи ходим меҳнат қилаётган ушбу корхонада бугунги кунда оддий пахта хом ашёсидан калава ип маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида корхонада 4 миллиард сўм қийматидаги маҳсулот ишлаб чиқарилганининг ўзи корхона иқтисодиётининг тобора равнақ топиб бораётганини ифодалайди. Даромад ҳисобидан эса яна элликдан зиёд янги ишчи ўрни яратишни режалаштирганмиз, дейди корхона раҳбари Асроржон Деҳқонов.
Бу ерда тўрт йилдан буён фаолият юритиб келяпман, – дейди корхона ишчиси Мадинахон Мирзажонова, Касб-ҳунар коллежини тамомлаганимдан сўнг ушбу корхонага ишга қабул қилиндим. Ҳозирда калава ўровчи ходим сифатида меҳнат қилиб келаяпман. Ойига 450-500 минг сўмдан зиёд маош оламан. Қувонарлиси корхонамизнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Улар юқори шароитларда меҳнат қилиб замонавий технологияларни бошқараяптилар.

You must be logged in to post a comment Login