“БАХТИМ ШУЛ – ЎЗБЕКНИНГ ЗУЛФИЯСИМАН!”

1387298450_zulfiya

1 Март. Мунаввар тонг отди. Бу сира оддий тонг эмас. Айни дамда у нафосатга тўлиқ баҳорий кунларга йўл очибгина қолмай,  ўзининг дилбар куйчиси номини ҳам  олқишлаб уйғонди. Шоира Зулфияхоним ёди, ҳаётбахш мисралари бугун халқимиз руҳиятига баҳор қуёшидай ёқимли, оқ, пушти гуллардай  ҳарир туйғулар каби ташриф этди. 

Бутун дунё Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним тимсолида замонавий ўзбек шеъриятининг энг порлоқ саҳифаларини кўради. Европа, Осиё минбарларидан туриб, ўзбек аёлининг қалами ва сўзи қудратини кўрсата олган хассос шоиранинг тонг куйчиси деб ном олгани ҳам бежиз эмас, албатта. Бугунги кунни шеърсевар халқимиз, айниқса, устоз юрган ижод йўлидан қадам ташлашни орзулаётган издош қизлар чинакам байрам деб биладилар. Ҳар йили шоира таваллуд топган ушбу кунда унинг Тошкент шаҳрида жойлашган муҳташам ҳайкали пойи қучоқ-қучоқ гулларга – меҳр ва соғинч, эҳтиром ифодаларига тўлади.

Бу назм боғига киролмас хазон,
Бизни маҳв этолмас завол лашкари.
Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,
Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали…

Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор, дейдилар. Шоира умрининг сўнгги йилларида ёзилган ушбу мисралар истиқлол шарофати ва адабиётга, ёшларга кўрсатилган чексиз эътиборнинг самараси ўлароқ ҳаётий ҳақиқатга айланди. Шоира номига муҳтарам Президентимизнинг катта эътирофи сифатида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаб, қалам тебратаётган, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлмасин, ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш этишга астойдил интилаётган бахтли қизларнинг кўксида порлаб турибди.

Ана шу бахтли авлод вакиласи эканлигим эса – менинг толейим. Бугун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлаётган фарғоналик иқтидорли қизларнинг сафи йилдан-йилга муносиблар билан бойиб бораётганлиги эса барчамиз учун фахрланарли. Энг муҳими, ҳаётининг ҳал қилувчи кучи бўлиб шаклланаётган ёшларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган бундай юртга таъзимлар қилсак арзийди. Мамлакатимизда 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши, жорий йилнинг 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорнинг қабул қилинганлигини мана шу юрт фарзандларининг жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш, уларни мустақил ва соғлом фикрли этиб тарбиялаш, мустаҳкам ҳимоя ва эътиборга олиш сари қўйилган яна бир дадил қадам деб айта оламиз. Адабиёт, маданият, санъат, таълим ва фан йўналишларидаги истеъдодини шакллантириб келаётган, юксак маънавиятли, фаол ёшларнинг давлатимизнинг бу юксак мукофотига муносиб деб топилиши замирида ҳам миллат шарафининг тимсоли бўлган шоира сиймосига чуқур ҳурмат ва эҳтиром ҳисси мужассам.

Бир сўз билан айтганда, “Бахтим шул –ўзбекнинг Зулфиясиман!” дея ўзига бек халқига ташаккурлар айтиб яшаган, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, энг юксак жасорат соҳибаси Зулфия Исроилованинг пок ёди, қутлуғ номи унинг издошлари ҳаёти ва ижодидан, эришаётган муваффақиятларидан бўй чўзиб, янгитдан гуркираб тураверади.

Дилнавоз ҚЎЛДАШЕВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори,
Фарғона давлат университети магистранти.

You must be logged in to post a comment Login