ФАН-ТЕХНИКА ЮТУҚЛАРИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

9

Фарғона шаҳридаги олимпия захиралари спорт коллежида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада Технологиялар трансфери агентлиги, Илмий-техника ахбороти маркази, Фанлар академиясининг илмий ташкилотлари, олий таълим муассасалари, илмий ишлаб чиқариш ва конструкторлик муассасалари, тадбиркор ва фермерлар ҳамда талабалар 200 га яқин инновацион технология, ишланма ва ғоялари билан қатнашдилар.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Хўжаева, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О.Парпиевлар Президентимизнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори олий таълим, фан ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-тадқиқот натижаларини иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида жорий этиш ҳамда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтдилар.

Қуёш ва қайта тикланувчи энергия манбалари, биноларни локал иситиш ва ёритиш, маҳаллий хомашёдан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, пахта тозалаш техникалари, саноатни ривожлантиришдаги янги технологиялар, мева ва сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, ичимлик суви ва экинзорларни суғориш, чиқиндиларни қайта ишлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва паррандачиликни ривожлантириш бўйича таклиф этилган лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмада тақдим этилган ишланмаларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган маҳсулот ва технологиялар бўлиб, улар янги юқори самарали материаллар, машиналар, дори воситалари ва жаҳон андозаларига мос бўлган бошқа тегишли илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш имконини беради. Эътиборли жиҳати, мазкур техник ва технологик ишланмалар ўзимизнинг маҳаллий хом-ашё воситаларидан тайёрланмоқда.

– Биз қишлоқ хўжалигига ветеринария ҳамда фармацевтика маҳсулотларини безарар маҳаллий ўсимликлардан ишлаб чиқарамиз, – дейди Фанлар академияси ўсимлик моддалар кимёси институти докторанти Ш.Мадраҳимов. – Мисол учун махсарсимон левзияни илдизи ва илдизпоясидан ажратиб олинган стероид структурали табиий бирикмалар ёрдамида ишлаб чиқилган Экдистен дори воситаси бугунги кунда АҚШ, Россия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон каби хориж мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Бу дори воситаси тонусни оширувчи таъсир кўрсатади, организмда оқсилнинг биосинтезини кучайишига ёрдам беради. Инсоннинг жисмоний меҳнат қобилиятини, иммунитетини оширади. Бундан асосан спортчилар фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, табиий ўсимликлардан тайёрланган Куфэстрола дори воситаси товуқдан тухум олиш маҳсулдорлигини икки баробарга оширади. Мазкур дори воситасини 2 тонна товуқ емига 2 килограмм қўшганда ўз натижасини беради. Маҳсулотга Франциядан 500 тонна буюртма тушгани унинг юқори самара бераётганини кўрсатади.

Фарғона политехника институти тадқиқотчиси Бунёджон Игамбердиев эса маҳаллий хом ашьёлардан сунъий мармартош ишлаб чиқариш мумкинлигини аниқлади. Унинг мазкур ғояси асосида ишлаб чиқилган сунъий мармартош табиий мармардан 4 баробар мустаҳкам бўлиб, ундан шаҳарсозлик, интерьер, ландшафт дизайнларида фойдаланиш мумкин.

– Бунёдбек каби шогирдларимиз билан фахрланамиз, – дейди Фарғона политехника институти доценти, кимё фанлари номзоди Саодат Мирсалимова. – Мазкур кўргазма натижасида шогирдларимизнинг ишланмалари қатнашувчиларнинг диққат марказида бўлиб, улар Республика Кимё институтида ўз тадқиқотларини давом эттиришга таклиф олдилар.

Бундай кўргазмалар илмий ҳажмдор, юқори технологик ишлаб чиқаришнинг ўсиши, шу жумладан, кичик инновацион тадбиркорликнинг барқарор ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, республиканинг илмий салоҳиятидан мамлакатнинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда самарали фойдаланиш, корхоналарнинг инвестиция ва инновация фаоллигини рағбатлантириш, инновация фаолиятини кенгайтириш учун инвестицияларни жалб қилишга ҳам хизмат қилади. Энг асосийси, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш билан бирга, иқтисодиётнинг реал сектори рақобатбардошлигини оширишга илмий-техник салоҳиятнинг қўшадиган ҳиссаси кўпаяди. Янги иш ўринлари яратилиб, экологик вазият ва аҳоли саломатлиги яхшиланади.

Янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни харид қилиш ва сотиш юзасидан бир қатор шартномалар имзоланди.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login