ИНТИЛИШ, ҒАЛАБА ВА ЧЕМПИОНЛИК БАХТИ

DSC_0600

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг республика ва халқаро мусобақаларларда  ғалабаларга эришаётган спортчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фарғона олимпия захиралари коллежида ўтказилган тадбирга кўзларида ғалаба иштиёқи чақнаб турган, юксак марраларни забт этишга интилган минг нафарга яқин ёш спортчилар йиғилдилар.

Спортчилар билан бўлиб ўтган учрашувда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқиб, ўғил-қизларимиз жаҳон майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётгани, улар орасида фарғоналик спортчиларнинг ҳам кўплигини алоҳида эътироф этди.

– Ўзбекистон номини дунёга танитишда сиз ёш спортчиларнинг ютуқлари  катта аҳамият касб этади, – деди вилоятимиз раҳбари. – Сизнинг маҳоратингиз, ғалабангиз мақтовга, таҳсинга муносиб, сиздек ёш ўғил-қизларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Келгусида халқаро турнирлар, Олимпиада ўйинларида фаол иштирок этиш орқали ғолиблик шоҳсупасида бўлишингизни жудаям хоҳлаймиз. 2016 йили ёзда Бразилияда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида муносиб қатнашиб, бор куч ва маҳоратингизни аямайсиз, деган умиддамиз. Бунинг учун мураббий ва устозларингизнинг сабоқлари, тавсиялари, йўл-йўриқлари муҳим аҳамият касб этишини унутманг. Президентимиз томонидан сиз ёшлар учун шундай имконият ва шароитлар яратилган экан, бундан оқилона фойдаланиш лозим. Спорт билан шуғулланган инсон ҳаётда албатта ўз ўрнини топади. Жаҳон чемпиони, Осиё чемпиони, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номларга сазовар бўлишингизга тилакдошмиз!

Учрашувда спортнинг турли йўналишлари бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, халқаро турнирларда фахрли ўринларни эгаллаган 40 нафар фарғоналик ўғил-қизларга вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев қимматбаҳо совғаларни топширди.

Тадбирда сўзга чиққан Ёзёвон туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Эрали Тўрақулов юртимизда болалар спортига берилаётган эътибор натижасида ўғил-қизларимиз эришаётган ютуқлар ҳақида тўлқинланиб гапирди. Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Камола Раҳмонова ва бошқа чемпион ёшлар рағбат ҳамда ғамхўрликлар учун Президентимизга миннатдорчилик билдирдилар.

Спорт байрамида Фарғона олимпия захиралари коллежи таэквандочилари, Фарғона шаҳар гимнастика спорт мактаби, Қува тумани 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ўз маҳоратларини намойиш этишди. Вилоятимиз санъат усталари, ёш ижрочиларнинг қўшиқ ва рақслари барчага хушкайфият бағишлади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар орасида спортга қизиқиш, соғлом турмуш тарзига интилиш кучайиб бораётгани қувонарли. Шу боис Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ўқувчи қизларга спорт кийимлари топширилиши яхши анъанага айлангани бежиз эмас.

Ёш спортчиларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган тантанали тадбирда ҳам вилоятимиздаги 530 нафар қизларга спорт кийимлари сумкаси билан совға қилинди.

– Мен Фарғона шаҳридаги 13-умумтаълим мактабнинг 4-синфида ўқийман, бадиий гимнастика билан уч йилдан буён шуғулланаман, – дейди Моҳларой Паймонқулова. – Ўтган йилнинг ёзида Тошкент вилоятида бўлиб ўтган халқаро турнирда 3-ўринни эгалладим. Дугоналарим – Фарғона шаҳридаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчилари Рухшона Фаёзова мана шу мусобақада биринчи, Яна Клименко эса 2-ўринни олишга муваффақ бўлишди. Гимнастика билан шуғулланиш менга жуда ёқади.  Спорт қоматни чиройли, ўзингни соғлом қилади. Бошқа ўртоқларим ҳам менга ҳавас қилиб гимнастика билан шуғулланяптилар.

Келажаги буюк давлатимизнинг бугунги ёшларида ҳаракат, интилиш, аниқ мақсад ҳамда шунга яраша эътибор ва рағбат бор экан, бу ёш спортчилар орасидан барчамиз кутган олимпиада ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқаверади. Буни уларнинг қатъиятли сўзлари ва чақнаган кўзлари айтиб турибди!..

One Response to ИНТИЛИШ, ҒАЛАБА ВА ЧЕМПИОНЛИК БАХТИ

  1. Pingback: Gilbert

You must be logged in to post a comment Login