ГАНЧГА КЎЧАЁТГАН ТИЛСИМЛИ ШАҲАР

2

Мустақиллигимиз бизга иқтисодий юксалиш билан бир қаторда ўзлигимизни англаш, миллий тикланиш имкониятини берди. Бу эса, ўз навбатида, Буюк давлат қуриш йўлидан бориш шароитини яратди. Буюк давлат қуриш фақат маънавияти бой халқнинг қўлидан келади. Тарихини унутмаган халқнинг маънавияти бойдир. Тарих кишиларга аждодларимиздан қолган қадр – қимматни, меҳр-оқибатни ўргатади, одамийликдан сабоқ беради, миллий ғурурни юксалтиради, Ватанга бўлган муҳаббатни кучайтиради, огоҳликка чорлайди ва ўтмишимизга ҳурмат эҳтиром билан муносабатда бўлишга ундайди. Шундай экан, мамлакатимиз, шу қаторда биз яшаётган худуд тарихини чуқур билиш ҳар биримизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз зарур.

Шу мақсадда халқимизга аждодларимиздан қолган миллий бойлигимиз, моддий ва маданий меъросларимиздан бири – Марҳамат туманида жойлашган Мингтепа тарихий-меъморий археологик ёдгорлик ҳақида маълумот берувчи макетлардан иборат очиқ осмон остидаги музей ташкил қилишга қарор қилдик. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Андижон тупроғи неча асрлик маданият ва тараққиёт намуналарини ўз бағрида асраб келаётган Далварзинтепа ва Эйлатон, Мингтепа ва Шўрабашот каби тарихий жойлар, кўҳна ёдгорликларнинг борлиги бу заминнинг юртимиздаги қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлганини эслатади”, – деб таъкидлаган сўзлари бизни янада руҳлантирди.

Тарихдан яхши маълумки, қадимги Хитой ёзма манбалари, рус ва ўзбек тарихчи-археолог олимлари ҳамда замонавий интернет маълумотларига асосланадиган бўлсак, Мингтепа қалъаси милоддан аввалги III-I асрларда қад кўтарган, қадимги Довон (Фарғона) давлатининг пойтахти дея эътироф этилган, Эрши шаҳрининг вайронаси ҳисобланади. Олимлар (таниқли археологлар, профессорлар М.Е.Массон А.Н.Бернштам, Ю.А.Заднепровский, Н.Г.Горбунова ҳамда ҳамюртларимиз, Андижон Давлат университети фахрий профессори Сайфиддин Жалилов, тарих фанлари доктори Боқижон Матбобоевлар)нинг бундай хулосага келишларига Марҳамат тумани маркази ҳудудида жойлашган қарийб 2,5 минг йиллик тарихга эга бўлган 41,2 га ерни эгаллаган ушбу ноёб археологик ёдгорлик Фарғона водийсида энг маҳобатли, мураккаб ва мустаҳкам ҳимоя тизимига эга эканлиги сабаб бўлган. Масалан, 1946 йили профессор А.Н.Бернштам Мингтепада текширув ишларининг натижаларини ва Хитой ёзма манбаларидаги Довон давлати пойтахти тўғрисидаги маълумотларни солиштириш орқали Эрши бу айнан Мингтепа ҳаробаларидир, деган фикрни қатъий қилиб қўйган.

Академик Яҳё Ғуломов такидлаганидек, Мингтепа меъморий ёдгорлиги миллий анъаналар ва меросимизни ўрганиш учун узоқ вақт тадқиқ қилишни тақозо этадиган объектдир ва унинг остида йигирмадан ортиқ докторлик ишлари ўз навбатини кутиб ётибди.

Мингтепа меъморий ёдгорлиги ҳақидаги бундай илмий хулосалар ҳамда маълумотларни кенг оммага етказиш йўлида аввал унинг макетини, сўнг музейни яратишга киришдик.

Антик даврга оид қадимий шаҳарни тасвирини тиклаш учун етарлича асосга эга бўлган маълумотлар билан танишиб чиқилди.

Дастлаб М.Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” романидаги қалъа тўғрисидаги маълумотлар олинди. Ёдгорлик хақидаги 2013 йилгача олиб борилган археологик қазилма фактлари тўпланган ахборотлар, чизмалар, интернет маълумотлари ва Ўрта Осиёда сақланиб қолган қўрғонли қалъа қолдиқлари солиштирув (аналогия) йўли билан ўрганиб чиқилди. Сўнг реконструкция макетини тайёрлаш учун 41,2 гектарлик Эрши шаҳри ички қалъаси бош тарҳининг, мудофаа деворларининг чизмаси тайёрланди. Шаҳарни ўрганишда обидани ҳозирги кўриниши бориб ўрганиб келинди. Эрамиздан аввалги қўрғонли қалъаларни қуришда аввал баланд тепалик барпо этилиб, пойдевор ўрни белгиланган. Эрши шаҳар мудофаа деворлари ҳам баланд пойдевор устига қурилганлиги аниқланди. Қалъа деворларининг пастки қисмини эни 7-11 метр бўлиб, у  тепага қараб торайиб борган. 7 метрларга борганда тепа йўлакчаси ҳамда шинаклар жойлашгани маълум бўлди.  

Дастлаб Мингтепа меъморий ёдгорлиги макетининг 20 дан бир қисмини 1:50 маштабда тайёрланди. 2012-2013 йилларда Б.Матбобоев раҳбарлигида халқаро экспедиция томонидан берилган хулосаларга асосан минора даслаб пахсадан, сўнгра 12х40 ўлчамли хом ғиштдан пирамидасимон шаклда қуриб чиқилгани аниқланди ва бу макетда ўз аксини топди. Миноранинг ўрта қисмидаги хона эшигига кириш учун жой қўйилган. Макетда кузатув минорасига чиқиш учун аввал девор қисмини тепа йўлагига зиналар орқали чиқилиб, сўнг минора ичидаги хона орқали яна нарвон билан кузатув хонасига кўтарилиши тасвирланди.

Мингтепа ёдгорлигининг тарҳига кўра девор чизмалари ўлчамларда ниҳоятда бир-бирига пропорционал  уйғунликка эгалиги намоён бўлди. Антик давр анъаналарига мувофиқ разм солинса, жануб томондан иккинчи минорадан кейин уч метр кириш дарвоза тепасида “Кўшк” деб номланган айвонли хона тасвири ишлаб чиқилди. Ичкарига кирилганда тўғрига, чапга ва ўнга йўл ва кўкаламзор майдончалар тасвирланди. Макетда масштаб бўйича кичрайтирилган бино ва иншоотлар: девонхона, омборхона, зардушт ибодатхонаси, қудуқ, қурбонлик қилиш майдони, нарвонлар, айвонча, давлат туғу (рамзи), ваз айтадиган минбар, от ҳамда арава, машъала ёқиладиган ўринлар ҳамда ёдгорликни ҳозирги кўриниши ва топишмоқли сюжет ифодаланган.

Ёдгорликнинг иккинчи макетида бойитилган манбалар асосида шаҳарнинг ички қалъасини 1:500 масштабда тўлиқ тасвирлашга ҳаракат қилинди. Бунда шаҳарнинг умумий мудофаа деворлари, миноралари (буржлари), хандақлари, мавжуд 4 та жанубий ва ғарбий дарвозалари, кўприклари (осма кўприк), ҳукмдор ўрдаси (арки аъло), зиналари, соқчилар хоналари, зиндони, зардуштийлик даврига мансуб бўлган қурилмалари ва аркка оид бошқа иншоатлари акс эттирилди.  Деворлар пахса ва хом ғиштдан қурилган. Унинг пойдеворидан ташқари кўтарилган баландлиги 9 метрлардан иборат. Қаъла мудофаа деворлари паралеллограмм тўртбурчак шаклида эканлиги 2013 йилдаги ўрганиш даврида маълум бўлди. Қаъланинг тўртала бурчакдаги буржлари одатдаги кузатув минораларидан бир ярим баробар маҳобатли эканлиги аниқланди ва бу ҳолат ушбу макетда ўз аксини топди. Аввал қалъа деворлари қурилганлиги, сўнгра деворга пропорционал ҳолатда кузатув миноралари бақамти ёпиштирилган ҳолатда барпо этилганлиги ҳам макетда тасвирланди. Миноралар девордан 9 метр ташқарига 18 метр кенгликда бўртиб чиққанлиги ва умумий баландлиги 15 метрлар чамасида эканлиги аниқланди. Буржлар эса 22-23 метрлардан иборат бўлган. Бу ҳам макетларда ўз аксини топган.

Халқимиз тўлиқ таассуротга эга бўлишлари учун қалъанинг кузатув минораси ва дарвозахонаси, хандақ устига қурилган осма кўприк қирқим шаклида тасвирланган 1:15 масштабдаги макетлари тайёрланди.

Шунингдек, безак қисмида дарвозага Архар (кийик) ва самовий от суръатлари, тепасида кўшкка чиқишда фақат Довонликларга хос бўлган Мингтепадан топилган белги тасвири ифодаланди. Минора, қалъа деворлари сарғимтир рангда, кириш йўллари ва йўлакчалар ҳамда оч кулранг тошли йўлни тасвирлашга ҳаракат қилинди.

41,2 гектарли Мингтепа ички қалъа ёдгорлигининг макетлари 20/1 қисми макети 3х2 м  ўлчамда 1:50 масштабда, умумий қалъа 1:500 масштабда ва бўлаклари(деталлари) эса 1:15 масштабда хом-ашёси цемент ва қумдан ҳайкалтарошлик услубида, ташқарига ўрнатиш учун мўлжаллаб тайёрланди. Биз яна узоқ давр ўрганиши талаб этилаётган ушбу архаик шаҳарни айнан шундай бўлган деган фикрдан йироқмиз. Бу дастлабки бир уриниш, бугунга қадар олиб борилган илмий изланишлар натижасидир. Бу саъй-ҳаракатларимиз келгусида шу соҳада фаолият кўрсатувчи бошқа мутахассисларга ҳам туртки бўлади деб умид қиламиз.

Макетлар Тошкент санъат олийгоҳининг меъморий обидаларини таъмирлаш ва лойиҳалаштириш бўлимида таҳсил олган меъмор рассом Алишер Умматов томонидан яратилди ва бу ижодий изланишлар давом этмоқда.

Яратилган санъат намуналари “Турон” ўқув марказидаги янгитдан қуриб битказилаётган хотира ёдгорлиги мажмуасидан жой олди.

Мазкур изланиш мустақил Ўзбекистонимизнинг миллий давлатчилик тарихини ўрганишга ва ёритишга муносиб ҳисса қўшишига шубҳа йўқ. Ўйлаймизки, бизгача етиб келган ушбу Мингтепа тарихий-меъморий археологик ёдгорлиги каби маданий мерос объектларини ўрганиш ёш авлодни тарихимизга, миллий ва маданий меросимизга, туғилган юртига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу амалимизга хизмат қилади. Зеро, тарихимизнинг буюк саҳифаларидан сўзловчи ёдгорликларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, келгуси авлодларга бус-бутунича етказиш, тадқиқ этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

О. Ҳусанов, “Турон” ўқув маркази директори.
Ш.Аслонов, журналист.

One Response to ГАНЧГА КЎЧАЁТГАН ТИЛСИМЛИ ШАҲАР

  1. Pingback: Derrick

You must be logged in to post a comment Login