РАҲМАТХЎЖА АЛИХЎЖАЕВ ДУНЁГА ДОНҒИ КЕТГАН ПИЧОҚЧИ

пичок

Водийнинг сўлим ва гўзал масканларидан бири ҳисобланган Шаҳрихон тумани ўзининг бой тарихига эга. Бу юртдан етишиб чиққан кўплаб олиму фузалолар, шоиру адиблар, академиклар ва изланувчан тадбиркорлар бутун мамлакатимизга машҳур. Айниқса, туманда ҳунармандчилик асрлар оша ривожланиб келмоқда. Шаҳрихонда миллий ҳунармандчилигимизни ардоқлаб, унинг янада ривожланишига катта ҳисса қўшиб келаётган устазодалар кўпчиликни ташкил этади. Бугун мамлакатимизда туманимиз ҳунармандлари томонидан тайёрланган буюмлар кириб бормаган бозорни, савдо расталарини топиш қийин. Юртдошларимиз ясаган бешик, ёғоч буюмлари, чевар аёллар томонидан тикилган куйлак, пальто, тун, дўппи ва бошқа қўл меҳнати буюмлари республикамиз бозорларида жуда ҳам харидоргир.

Шунингдек, Шаҳрихон ҳунармандлари довруғини бутун дунёга ёяётган пичоқчилик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Туманда бу ҳунарни санъат даражасига кўтарган устазода пичоқчилардан бири Раҳматхўжа Алихўжаевдир.

Уста Раҳматхўжа ХVII аср охири ХVIII аср бошларида Шаҳрихон пичоқчилиги мактабига асос солган уста Исмоилхўжа сулоласининг 7-авлод давомчисидир. Истеъдодли, изланувчан Раҳматхўжа 1952 йилда Шаҳрихон шаҳрида таваллуд топган. У болалик чоғиданоқ боболари ҳунарини ўзлаштириш мақсадида отасининг ёнига кириб, пичоқчилик сир-синоатларини қунт билан ўргана бошлади. Вояга етгач, 1970-1972 йиллари ҳарбий хизматни ўтади. У армиядан қайтгач, яна ўзи меҳр қўйган ҳунарини давом эттирди.

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан юртимизда миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу соҳа билан шуғулланаётганларга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилиб, шарт-шароитлар яратилди. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган ҳунармандчиликнинг қадр-қимматини янада ошириш борасида турли кўргазмалар, кўрик-танловлар ташкил этила бошланди. Ана шундай нуфузли танловларда уста пичоқчи Раҳматхўжа Алихўжаев ҳам фаол қатнашиб, ўзининг юксак дид билан сайқал бериб тайёрлаган нақшинкор пичоқ, қайчи, сувенир ханжар, қилич каби буюмларини кўргазмаларга тақдим этиб, шаҳрихонликларнинг бу ҳунарни санъат даражасига кўтара олганликларини намойиш қилиб, фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди. Жумладан, мустақиллигимизнинг 10 йиллиги муносабати билан пойтахтимиз Тошкентда ўтказилган «Шу азиз Ватан барчамизники!» шиори остидаги фестивалда Ўзбекистон бадиий академиясининг дипломи билан тақдирланди. 2002 йили эса «Ташаббус–2002» танловининг вилоят босқичида «Энг яхши ҳунарманд» номинацияси буйича 1-ўринни эгаллади ва шу йили мазкур танловнинг Республика босқичида фаол қатнашиб, лауреатлик дипломига сазовор бўлди. Бундан ташқари, уста Раҳматхўжа 2003 йили 166 та давлатлар ҳунармандлари ўртасида Парижда ўтказилган «Сифат белгиси» танловида ҳам 1-ўринни эгаллаб, «Олтин кубок» олишга эришди. Шунингдек, 2004 йили қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Фарғона водийси ҳунармандлари ярмаркасида ҳамда 2006 йили Иссиқкўл вилоятида ўтказилган «Оймо-2006» халқаро фестивалида 1-даражали диплом билан тақдирланди.

Кейинги йилларда устанинг тинимсиз меҳнати ва ижодий ишларининг самараси ўлароқ Шаҳрихон пичоқчилик мактабига хос «Толбарги», «Сукма», «Исорча» «Қозоқча» ва «Бухороча» каби янги нусхалари юзага келди.

Бу пичоқларнинг Шаҳрихон мактабига хос хусусиятлари, уларнинг ёрма дасталари чор қиррага мойил, гулбандидаги «Қуш тили» деб номланувчи бежирим, ўсимликсимон чизма нақшлар, даста ва тигларининг бир-бирига мутаносиблиги, «Каптар бўйин» тусда товланувчи тигларининг ўта кескирлиги, ўз навбатида Шаҳрихон пичоқларининг ўзига хос нафосатини, устанинг дастхатини белгилаб туради.

Уста томонидан юксак дид ва маҳорат билан сайқал топган пичоқлар Қиргизистон, Эрон, Саудия Арабистони, Россия, Германия, Австрия, АҚШ, Франция ва кўплаб турли хорижий давлатларда халқаро кўргазмалар намойиш этилмоқда. Уста номи, қолаверса, Ўзбекистон-Андижон номи дунёга ёйилмоқда.

Оддий пичоқчилик ҳунарини қадрлаб эл эътирофи, олқишини қозонган Раҳматхўжа Алихўжаев ўзининг 40 йиллик иш фаолияти давомида ўғиллари Мусахон, Фарҳоджон, Азимхонларга ва 50 нафардан ортиқ шогирдларига ўз ҳунари сир-синоатларини эринмай ўргатди. Устанинг ўгит ва маслаҳатларини олган фарзандлари ва шогирдлари ҳозирги кунда сидқидилдан меҳнат қилишиб, Шаҳрихон пичоғи довруғи бутун дунёга кенг ёйилишига улкан ҳисса қўшишаётир. Агар устанинг шогирдлари қўлга киритаётган ютуқларни тилга оладиган бўлсак, Содиқжон Неъматов Президент соврини учун ўтказилган «Ташаббус-2007» кўрик-танловида қатнашиб, 1-ўринни эгаллади ҳамда «Матиз» автомашинаси билан мукофотланди. Ана шу йили устанинг Маъмиржон Сайидохунов ва Ҳабибулло Устахонов каби шогирдлари ҳам Украина пойтахти Киев шаҳрида бўлиб ўтган «Мастер Клинок» кўргазмасида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгалладилар ва ўзбек миллий пичоғининг бутун дунё тиг усталари ўртасида ўзига хос ўрни борлигини исботлашди.

Бир сўз билан айтганда, кўпчиликка Эшон ака номи билан яхши танилган фидойи инсон, уста пичоқчи ҳануз эл-юрт хизматига камарбаста бўлиб келаётир.

                                                                           Турсунмуҳаммад МАДАМИНОВ,
Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login