ОЛИМП ЧЎҚҚИСИНИ КЎЗЛАЁТГАНЛАР

113

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида бугун юртимизнинг барча ҳудудларида, хусусан вилоятимизда ҳам ёшларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишлари учун қулай шароитлар муҳайё қилинди.

Ушбу жамғарма маблағлари ҳисобига вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида 2004-2012 йиллар мобайнида 112 та болалар спорти объектлари бунёд этилди. Бу хайрли иш 2013 йилда ҳам давом эттирилиб, манзилли дастурга мувофиқ вилоятимизда яна 14 та янги объектлар фойдаланишга топширилди. Болаларнинг севимли масканига айланган бу жойлар замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди.

Давлатимиз томонидан яратилаётган шундай қулай шароитлардан унумли фойдаланаётган Қува туманида болалар спортини  ривожлантириш борасида ижобий натижаларга эришиляпти.

– Туманимизда болалар спортини  ривожлантириш бўйича эришаётган озми-кўпми ютуқларимизнинг боиси, мамлакатимизда бу соҳага катта эътибор қаратилаётганлигидир,– дейди республика болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Қува туманидаги вакили Иқболжон Юсупов. – Туманимизда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 4 та замонавий спорт зали, 1 та очиқ сув ҳавзаси бунёд этилгани ҳам кейинги пайтларда қувалик йигит-қизлар ичидан кўплаб халқаро ва мамлакат миқёсидаги мусобақалар ғолиблари етишиб чиқишига замин яратди. Биргина 2013 йилда жамғарма  маблағлари ҳисобидан туман ХТМФМТТЭ бўлими тасарруфидаги таълим муассасалари 58 миллион 865 минг сўмлик спорт жиҳозлари билан таъминланди. Ана шундай ғамхўрлик туфайли туманимиз ёшлари спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Туманда бугун 3 та БЎСМ ва битта БЎФМ фаолият олиб бормоқда. Уларда 4 мингга яқин ёшлар спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, стол тенниси, бадиий гимнастика, акробатика, енгил атлетика, дзю-до, турон якка кураши, кураш, самбо, бокс, сузиш турлари бўйича  100 нафарга яқин малакали мураббийлар қўл остида шуғулланишмоқда. Тумандаги 1-БЎСМ нинг турон якка курашчилари халқаро ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда муносиб иштирок этишаётганлиги қувалик спорт ихлосмандларини хурсанд этмоқда. Туман футбол мактабининг тарбияланувчилари ҳам вилоят, республика мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келишяпти. “Сиз “Нефтчи”да ўйнашни хоҳлайсизми?” лойиҳасида иштирок этган Лазизжон Васийжонов “Нефтчи”нинг ёшлар жамоасига таклиф этилди.

– 2005 йили республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан бизнинг мактаб учун спорт зали қуриб берилганлиги қувалик йигит-қизларда жисмоний тарбия билан шуғулланишга бўлган иштиёқни ошириб юборди, – дейди тумандаги 2-БЎСМ директори Озодахон Пўлатова. – Мактабимизда айни кунларда 500 нафарга яқин қизлар бадиий гимнастика, акробатика ва спортнинг бошқа турлари билан ошно бўлишган. Альбина Арслонова, Шарофат Абдуқаюмова ва Шаҳноза Солиевалар мураббийлик қилаётган бадиий гимнастика тўгарагига қатнашаётган қизлар сони тобора ортиб бораётгани қувонарли ҳол.

Акробатика бўйича Бельгия ва Германияда ўтказилган Евро-Осиё чемпионати совриндорлари сафида бўлган Камола Раҳмонова, Фотима Камоловалар, тромполин бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоси Самир Усмонов, умидли боксчилар Миразиз Мирзахалилов, Бобурмирзо Толипов, футбол бўйича мамлакат олимпия терма жамоаси аъзоси Бобурбек Йўлдошев ва бошқа кўплаб қувалик иқтидорли спортчилар яқин келажакда Олимпиада ва жаҳон биринчиликларида муносиб иштирок этишади, деган умиддамиз.

Тумандаги таълим масканлари ўқувчиларининг 12 мингга яқини спорт билан мунтазам равишда шуғулланиб келишмоқда. Шулардан 5500 нафарга яқини қизлар эканлиги алоҳида эътирофга лойиқдир. Ўтган йилда туман бўйича 68 нафар Ўзбекистон, 12 нафар Осиё чемпионлари ҳамда 2 нафар жаҳон биринчилиги совриндорлари етишиб чиққанлиги ҳам қувалик мураббийларнинг фидокорона меҳнатининг маҳсулидир.

You must be logged in to post a comment Login