ДОВРУҒИ ДУНЁГА ДОСТОНЛАР

QMM_9839

«Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир». Юртбошимиз томонидан мустақилликнинг илк            йилларида айтилган бу сўзлар мамлакатимизнинг истиқболдаги бош мақсадини, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини белгилаб берган.

– Ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда, – деди Президентимиз шу йилнинг 28 январида бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик Кенгашининг навбатдаги йиғилишида.

Йиғилишда уч босқичли спорт тизими – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда муҳим ўрин тутаётгани таъкидлаб ўтилди. Ўз навбатида 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари ҳам кўриб чиқилди.

Хўш, айни жабҳаларда вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Эришилган натижалар, ютуқлар хотиржам бўлишимиз учун етарлими?!

Ҳозирда вилоятимизда Олимпия спорт турлари бўйича 19 та федерациялар фаолият кўрсатмоқда. 2013 йил якунларига кўра мазкур федерациялар томонидан жаҳон чемпионатида 4 та медал (2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза), Осиё чемпионатида 8 та медал (2 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза), нуфузли халқаро турнирларда 26 та медал (11 та олтин, 6 та кумуш, 9 та бронза) қўлга киритилди. Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақалари, руспублика турнирларини ҳисоблаганда вилоятимиз спортчиларининг медаллари 381 та ташкил этади.

Маълумки, 2013 йилнинг 25 февралp куни Президентимизнинг 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги 1923-сонли қарори қабул қилинди. Шу асосда вилоят ҳокимлигининг қарорига мувофиқ, вилоят ишчи гуруҳи тасдиқланган ва спорт турларига масъуллар бириктирилди. Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш ва мувофиқлаштириб бориш учун вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан штаб ташкил этилди.

– Фарғонада барча Олимпия спорт турларини ривожлантириш, бу борадаги муаммо ва камчиликларни ҳал этиш, Олимпия чемпионларини тарбиялаш, мунтазам равишда шаҳар ва туман, вилоят ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, – дейди мазкур штаб масъул котиби Илҳомжон Турсуналиев. – Федерацияларнинг йиллик режалари ишлаб чиқилиб, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида харажатлар сметалари тайёрланди. Олимпия спорт турлари бўйича федерацияларга бириктирилган ҳомий ташкилотлар томонидан 2013 йилда салкам 558 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Спортчиларимизни бўлажак Олимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича республика комиссиясининг режасига кўра Фарғона Олимпия захиралари коллежини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаш учун 810 миллион сўм маблағ ажратилди. Биринчи босқичдаги капитал таъмирлаш ишлари учун юқоридаги маблағ сарфланди ва иккинчи босқичга қўшимча яна 450 миллион сўм берилди.

– 2013 йилда ўқувчиларимиз спортнинг 20 та тури бўйича 163 та мусобақаларда иштирок этишиб, 232 та медаллар шодасини қўлга киритишди, – дейди Фарғона Олимпия захиралари коллежи директори Илҳомжон Турсиналиев. – Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, халқаро турнирлар, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларидаги медалларнинг 75 таси олтин, 100 та кумуш ва 57 таси бронза бўлди. Бўлажак нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик асосан коллежимиз базасида шакллантирилар экан, аъло даражадаги шароитлар учун муносиб натижа кўрсатишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Шу йилнинг май ойида Наманган вилоятида «Баркамол авлод-2014» спорт мусобақаларининг финал босқичи бўлиб ўтади. Ўзига хос «кичик олимпиада» мақомини олган ушбу мусобақада академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларидан иборат 82 нафар спортчилар (шундан 44 нафари қизлар) иштирок этишади.

Мусобақаларга аниқ режа асосида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад спортнинг 16 тури бўйича ҳам совринли натижаларга эришишдан иборатдир, – дейди вилоят ҳокимлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси масъул ходими Шавкат Жумабоев.

Яқинда ўтказилган вилоят ҳокимлигининг навбатдаги аппарат йиғилишида болалар спортини ривожлантириш соҳасидаги ишлар, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик масаласи муҳокама этилди. Болалар спортини ривожлантириш жабҳасида Қува туманида ишлар яхшилиги, Учкўприк, Бувайда, Бағдод туманлари ва Марғилон шаҳрида мавжуд вазият қониқарсиз эканлиги таъкидланди.

– Бу борада малакали мураббийлар, айниқса, хотин-қизлар спорти бўйича устоз-мураббийлар тайёрлашга бўлган эътиборни кучайтириш зарур, – деди йиғилишда вилоят ҳокими Ш. Ғаниев. – Кўзланган олижаноб мақсадларга эришишда масаланинг айни жиҳати жуда ҳам муҳимдир.

Фарғона Давлат университетида жорий ўқув йилидан бошлаб янгитдан ташкил этилган хотин-қизлар спорти йўналишига 30 нафар қизлар ўқишга қабул қилинди. Талабаларнинг бадиий гимнастикага кўпроқ жалб этиш учун эса спорт тўгараги фаолияти йўлга қўйилди. Машғулотларни бадиий гимнастика бўйича спорт устаси, Ўзбекистон чемпиони Нигора Латипова ўтмоқда.

– Вилоятимиз ҳокимининг ўринли танқиди ва таклифидан келиб чиққан ҳолда, Маданият ва спорт ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда янги лойиҳа тайёрланмоқда, – дея суҳбатимизни давом эттиради Фарғона Давлат университети ректори вазифасини бажарувчи Қ. Ғозиев. – Бу лойиҳага кўра, тегишли мутасадди вазирликларга кейинги ўқув йилидан университетга бадиий гимнастика мураббийлари тайёрлаш учун қўшимча қабул квоталари ажратилиши таклиф этилади.

Дунё спортида «Аслида майдонда спортчилар эмас, мураббийлар баҳси бўлади» деган ибора истеъмолга киритилганига анча бўлди. Биз ҳам спорт орқали мамлакатимиз довруғини дунёга достон қилишни истар эканмиз, ана шу ҳаётий ақидани асло унутмаслигимиз лозим.

–  Спортчида ўзига бўлган ишонч, ирода ва қатъият, чемпионлик руҳиятини тарбиялашда мураббийнинг ўрни беқиёс, – дейди вилоятимиз раҳбари. – Бугун спорт машғулотларида чиниқаётган келажагимиз ворисларининг ҳаммаси ҳам чемпион бўлмаслиги мумкин. Лекин спорт уларни бузғунчи ғоялар таъсиридан сақлайди, кўркам, чиройли бўлиб улғайишларини таъминлайди. Қадди-қомати келишган йигит-қизларни кўрганда кўнглимиз яйраши бежиз эмас. Бундай ёшлар маънан ва жисмонан соғлом фарзандларни тарбиялашади. Спортнинг шу каби тарбиявий аҳамияти кўп эканлигини ҳамиша ёдда тутишимиз керак.

You must be logged in to post a comment Login