МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ХАЛҚИМИЗНИНГ БЕБАҲО ҚАДРИЯТИ

DSC_9039

Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик – миллий мафкурамизнинг асосий ғояларидан бири. 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг, диний эътиқоди турли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, жаннатмакон Ўзбекистонда олийжаноб ғоя, орзу-умид, аниқ мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшаётганликлари – халқимизнинг бебаҳо қадрияти бўлмиш бағрикенглик натижасидир.

Ўзбекистон худди шу натижага эришиш учун мустақиллигимизни қўлга киритган дастлабки йилларидан турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор беришни ўз зиммасига олди. Ва бунинг уддасидан чиқди. Мамлакатда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенглиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Бугун ўзини ўзбекистонликман, деб ҳисоблаган ҳар бир киши учун эркин яшаш, меҳнат қилиш, таълим олиш, миллий, диний урф-одатларини бажо келтириш имкониятлари тўлиқ яратиб берилган. Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Ҳар бир миллатнинг, ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари, миллай дастурлари бўлади, шу дастурларга ҳурмат кўрсатиш, уларни қонуний қўллаб-қувватлаш ҳар бир мамлакатнинг тинчлиги, шу давлатнинг ривожланишининг белгисидир”, деб ёзиб қўйганлар. Шу боис ҳам бағрикенглик биз учун нафақат сиёсат, айни пайтда, қон-қонимизга сингиб кетган фазилат ҳисобланади.

Бугунги кунда Сўх туманида 70 минг нафарга яқин тожиклар яшайди. Мактабларда асосан тожик тилида таълим берилади. Ёшларни таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш учун туманда замонавий андозаларга жавоб берадиган 3 та касб-ҳунар коллежи ва 1 та академик лицейи фаолият кўрсатмоқда. Ўрта махсус таълим босқичини битирган ўғил-қизлар мамлакатимизнинг олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. 2013 йилнинг ўзида Самарқанд давлат университетига 46 нафар, Фарғона давлат университетига 30, Тошкент молия институтига 4, Андижон қишлоқ хўжалиги институтига 3, Фарғона политехника институгига 3, Тошкент автомобиль йўллари институтига 2, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалига 2, Қўқон давлат педагогика институтига 2, Тошкент юридик университитига 1, Тошкент жаҳон тиллари университетига 1, Тошкент шарқшунослик университетига 1, Тошкент тиббиёт академиясига 1 нафар сўхлик ёшлар талабаликка қабул қилиндилар.

Ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилаётган фан олимпиадалари, билимлар беллашуви ҳамда вилоят ва республика миқёсида ўтказилган бошқа кўрик-танлов, шунингдек, спорт мусобақаларида ҳам сўхлик ўғил-қизлар фаол қатнашиб, ўз билимлари ва имкониятларини тўла намойиш қилмоқдалар.

Ўтган йили вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган кўрик-танловда туманимизнинг 22-умумтаълим мактаби “Йилнинг энг яхши таълис муассасаси” йўналиши бўйича фахрли ўринни қўлга киритди.

Туманимиздаги мавжуд 29 та умумтаълим мактаблари “ZiyoNet” таълим порталига уланган. Ўқитувчи ва ўқувчиларимиз мазкур тармоқ орқали бемалол ахборот алмашиш имкониятидан фойдаланмоқдалар.

Бу ҳам бўлса мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларига ўз истеъдодларини намоён этишлари учун яратилган имкониятларнинг бир намунасидир.

Бугун сўхликлар Ватан тақдирини ўз тақдирлари билан чамбарчас боғлайдилар. Юртимизда ҳукмронлик қилаётган тинчлик ва осойишталикка ўз ҳиссаларини қўшишга, уни асраб-авайлашга, қадрлашга ҳаракат қилишяпти.

Шу боис, алоҳида таъкидлаш зарурки, миллатлараро тотувлик, дўстлик ва диллар ҳамжиҳатлиги тамойилларини кундалик турмушга сингдиришда бағрикенглик умумбашарий қадриятга айланган.

Интернет ёки телеканаллар орқали Ғарб ёки океан орти давлатларида этник низолар, миллатлараро тўқнашувлар, диний можаларни кўриб, уларда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тинчлик, осойишталик дея аталган муқаддас тушунчаларга аллақачон дарз кетганлигининг гувоҳи бўламиз, одамлар хотиржам яшамаётгани бизни яна бир бор сергаклантиради. Шунда фаровон ҳаётимизнинг, оила даврасида фарзандларимиз билан жамулжам яшаётганимизнинг қадри янада тотлироқ бўлади. Ана шундай лаҳзаларда Ватанимиз Ўзбекистон ҳақиқий дўстлик чаманзори, ҳамжиҳатлик боғи, тинчлик-тотувлик ошёни сифатида ҳар қандай инсоннинг ҳайрати-ю ҳавасини келтиради.

Шоҳидбек АСЛОНОВ

You must be logged in to post a comment Login