ФАРЗАНДЛАРИ СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ ЮРТ

113Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам бўлмаган соғлом ва баркамол авлод сифатида шаклланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш Президентимиз томонидан давлатимиз олдидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири эканлиги мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ қатъий белгиланди. Буни 1991 йил 20 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуни мисолида ҳам кўриш мумкин. Бундай эътибор ва ғамхўрлик ҳамон давом этмоқда. Жорий йилнинг 6 февраль куни Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилинган қарор ҳам бизнинг келгусидаги мақсад ва вазифаларимизни яна бир бор белгилаб берди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан 2013 йилда 2200 дан зиёд тадбир, учрашув, давра суҳбати, очиқ мулоқот ҳамда кўрик-танловлар ташкил этиш орқали қарийб 1 миллион 400 минг нафарга яқин ёш ўғил-қизларни ўз атрофимизга қамраб олишга эришилди.

Ўтказилган 250 дан зиёд кўрик-танловларда ёш истеъдод эгалари аниқланиб, уларнинг иш фаолиятлари, ижодлари рағбатлантирилди. Тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқувчиларга ҳар томонлама кўмак берилди. Биргина “Менинг бизнес ғоям” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичларида 1330 нафар ёшлар иштирок этгани, уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қизиқишлари ортиб бораётганидан дарак беради.

Аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, келажагимиз бўлмиш ёшлар бандлигига кўмаклашиш, бекорчилик оқибатида ёшлар орасида юзага келадиган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ёш тадбиркорлар фаолиятини кенг тарғиб қилиш, уларни маънавий рағбатлантириш, олий ўқув юрти, ўрта махсус касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва маҳаллалардаги ушмаган ёшлар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 мартдаги 57-сонли баёнига асосан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар Дастури ва унинг бажарилишини таъминлаш юзасидан ижро механизми”нинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ташаббуси билан 2013 йилда 23 маротаба ихтисослаштирилган иш ўринлари ярмаркалари ҳамда “Ватаним тараққиётига менинг хиссам” шиори остида ёш тадбиркорлар ишлаб чиқарган махсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Мазкур ташкил этилган ярмарка ва кўргазмаларга 10 000 нафардан ортиқ ёшлар, 1000 га яқин корхона, ташкилот ва муассасалар, 500 нафарга яқин тадбиркорлар жалб этилди. Ихтисослаштирилган иш ўринлари ярмаркасида 700 нафардан ортиқ ёшлар иш билан таъминланди.

Ана шундай кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бориш мақсадида жамиятимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, диний ақидапарастлик каби иллатларни олдини олиш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, унинг асл мақсади ва қиёфасини очиб берувчи тарғибот ишларини ташкил этиш борасида «Камолот» ЁИҲ вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

“Ёшлар гиёҳвандликка қаршимиз”, “Спорт – саломатлик гарови”, “ОИТС ва ОИВдан сақланинг”, “Табиатни асранг”, “Оғусиз ҳаёт сари”, “Гиёҳвандлик аср вабоси”, “ОИТС ўлим сари”, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Соғ танда соғлом ақл”, “Саломатликнинг ёш дўстлари”, “Соғлом ва бахтли ҳаёт сари”, “Табиат ва саломатлик”, “Ёшлар ва табиат”, “Бахтли болалик”, “Спорт ва мен”, “Чемпионликнинг сирлари” каби бир қтор мавзуларда ташкил этилган ижодий учрашув ва спорт мусобақали фикримиз исботидир.

Ёшлар ва юқори бўғин ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминловчи «Камолот» ЁИҲ ва жойлардаги «Камолот» етакчилари ҳамда «Камалак» сардорларининг роли ва ўрнини ошириш мақсадида яратилаётган шарт шароитлар ва имкониятлар ўғил-қизлар ўртасида кенг тарғиб қилинди.

Юртбошимиз томонидан қабул қилинган ёшлар ҳаётига оид қарор, шунингдек, бу борадаги вилоят ҳокимининг қарори бизни ўз фаолиятимизга чуқурроқ назар солиш, таҳлил қилиш ва керак бўлса, амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимизни яна бир бор кўриб чиқишга ундайди.

Зеро, бугун ҳар бир одам ўз фаолиятини танқидий нуқтаи назардан баҳолаб, эртага қилиши лозим ва шарт бўлган вазифани бажаришда аниқ мақсадлар белгилаб олмаса, у замондан орқада қолади. Бошқача айтганда, кеча нима қилдим, бугун нима қиляпман ва эртага нима қилмоқчиман деган саволни ўз олдига кўндаланг қўйиши талаб этилмоқда. Ва бу саволнинг асосий ғояси Президентимиз таъкидлаганидек, Ватан бизга нима берди, деб эмас, биз Ватанга нима бердик, деган савол бўлиши керак. Бу борада аввало биз – “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ва қуйи бўғин етакчилари бош бўлсак, шундагина ёшларни ўз ортимиздан эргаштира оламиз.

Юртбошимиз ҳамда вилоят ҳокими қарорлари билан тасдиқланган дастур ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида кенг йўл очиши, шубҳасиз.

Дастурда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидламоқчиман.

Чунончи, ёшлар онгида ва қалбида, энг аввало, Ватанимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун эканлиги теран англатиш, қонунларга ҳурмат туйғусини ўстиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларни жамиятдаги ўзгаришлар томошабини эмас, фаол иштирокчиси бўлишини таъминлаш, бунинг учун тарғиботда санъат, спорт, илм-фанда оламшумул ютуқларни қўлга киритган ўғил-қизларнинг ёшлар орасидаги нуфузидан фойдаланиш, уларни ибрат сифатида кўрсатиш, ва шу орқали “Камолот”нинг устувор ғоялари ортидан эргаштириш, албатта, самара беради.

XXI аср ахборот технологиялари асри эканлигини ва ёшларнинг компьютер ва интернетга бўлган катта қизиқишини инобатга олиб, шу йўналишга оид тўгараклар ташкил этишни режалаштиряпмиз. Уларда компьютер ва интернет имкониятларидан мақсадли фойдаланиш лаёқатини ошириш ҳамда шу йўл билан ёш авлод онгида айнан интернет ва бошқа ахборот воситалари орқали кириб келаётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилиш мумкин. Шунингдек, ёшларнинг ахборот коммуникация соҳасида тўплаган тажрибаларини ўзбекча компьютер дастурларини яратишга жалб этиш ва бу фаолиятни рағбатлантириб бориш зарур.

“Камолот” ЁИҲ ёшларнинг иқтисодий билимлар билан бирга аниқ фанларни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга ҳам катта эътибор қаратиши керак. Чунки тараққиёт асосини физика, кимё, математика, биология каби фанларнинг ривожи ташкил этади. Ўзбекистон улкан имкониятлар юрти эканлигини, таълим масканларидаги кимё ва физика лабораторияларининг замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланганлигини, юртимизда кимё ва фармацевтика ривожи учун барча табиий шарт-шароитлар мавжудлигини, бугун четдан келтирилаётган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлигини инобатга олсак, ёшларнинг аниқ фанларни чуқур ўрганишга бўлган эътиборини, албатта, рағбатлантириш керак. Зеро, қадим-қадимдан бизнинг аждодларимиз айнан аниқ фанлар йўналишида жаҳон илм-фани пойдеворини яратиб берган. Бугунги кунда физика-математика ва кимё бўйича ўтказилаётган Халқаро олимпиадаларда ёшларимизнинг ҳамиша юқори ўринларни эгаллаётгани ҳам юртимизда ушбу фанларнинг оммавий ривожига фундаментал асос борлигини кўрсатади.

Бу ишларни амалга оширимиз учун бизда барча имкониятлар бор. Фақат биздан олдимизга белгилаб берилган БУЮК МАҚСАД йўлида жипслашишимиз, бор куч ва ғайратимизни соғлом ва ҳар томонлама баркамол, етук, салоҳиятли ёшларни тарбиялашга сафарбар этишимиз талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, минглаб қоракўз ёшларимизнинг келажагига юртимизнинг тақдири, келажага қараётгандек муносабатда бўлиш барчамизнинг ҳам инсоний, ҳам фуқаролик бурчимиздир.

Шоҳидбек АСЛОНОВ

You must be logged in to post a comment Login