ВАТАН ДЕСАНГ, ЎПКАНГ ТЎЛИБ КЕТМАСА…

11

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллигини кенг  нишонлаш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор барча ижод аҳлини руҳлантириб юборди. Чунки бу қарор айни халқимизнинг, Муҳаммад Юсуфни жон дилидан севган адабиётсеварларнинг қалб тубидаги орзу-интилишларига ҳамоҳанг бўлди, десам адашмаган бўламан.

Ўзбек шеърияти осмонида содда, самимий, халқона, дардли сатрлари билан минглаб инсонларни кўнглини забт этган суюкли шоир Муҳаммад Юсуф қисқа умри давомида ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Юксак инсоний фазилатлар билан бирга ёшлик сурури, ишқ ва муҳаббатнинг нафис навлари, ўзбекона содда, шу ўринда, эзгу, бокира ва бетакрор туйғу ҳамда кечинмаларни ёрқин аксини шоир ижодида яққол кўрамиз. Сўзнинг бадиий имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиш, мусиқий равонлик, туйғулар тиниқлиги, самиймий ва майинлик, руҳий манзараларни лўнда ифодалай билиш Муҳаммд Юсуф шеърий услубининг етакчи хусусияти эди. М.Юсуф номини билмаган, эшитмаган, шеърларидан ёд олмаган, қўшиқ бўлиб янграган сатрларига беихтиёр қўшилиб куйламаган инсон (ўзбек) бўлмаса керак.

  Шоир халқ орасида тез машҳур бўлиб кетди. У бундай маҳоратга қандай эришди? Шоир ҳаммани бирдай самимий, улкан муҳаббат билан севди. М. Юсуф она-Ватанни, табиатни, гўзалликни, “қоракўз жайрондан тортиб, чўлоқ турнагача, беозор капалакдан тортиб нозик қизғалдоқгача, деҳқоннинг тер югурган яктагидан тортиб қадоқ қўлигача, оқ тулпордан тортиб буғдойзору, бедапоясигача” улкан муҳаббат билан севди.

 М. Юсуф шеъриятининг самимияти, туйғуларнинг ростлиги кишини мафтун қилади. Айниқса, шоир Ватан мадҳини тараннум этган битиклари адабиётимизда бетакрор саҳифа очди. Ватан ҳақида кўп шеърлар, қасидалар, достонлар ёзилган. Лекин ҳеч ким М. Юсуфчалик юртга бўлган муҳаббатни ёниб изҳор эта олмаган, куйлай олмаган бўлса керак. Уни қуйидаги шеъридан ҳам билиш мумкин:

Кўҳна толбешикдан бошланган олам,
Сенга иддаолар қилмай севаман.
Бир куни синглим деб, бир куни онам,
Ватан кимлигингни билмай севаман…
Менга еринг суюк, осмонинг суюк,
Боқсам тенг тўрттала томонинг суюк.
Товонимга кирган тиконинг суюк,
Кафтдан зирапчанг ҳам юлмай севаман…

Муҳаммад Юсуфнинг шеърий тўпламларини ҳар сафар ўқиб чиққанингизда болаликни соғингандек бўласиз, кўнглингиз тозаради. Бошқача куч оласиз.

Муҳаммад Юсуф ўз интервюларининг бири шундай деган: — Менимча шоирлик касб ҳам, ҳунар ҳам эмас. Мен зўрман, деган истайсизми, йўқми даъво. Шоирлар ўзлари билмаган ҳолда худога эркалик қилишади. Баъзан одам, ўзингни ёзган шеърингни ўзинг ўқиб, кўзингдан ёш чиқиб кетади. Шундай пайтлар мен ўйлайман, шоирлар битта ўзлари шеър ёзмайдилар. Уларга кимдир ёрдам беради. Илоҳий бир фаришталар ёрдам беради. Бўлмаса, нега ўзингни ёзган шеърингни ўқиб, ўзинг йиғлайсан?

Шоир шеърларида Ватан образини яратар экан онага, гоҳ ота, гоҳи сингилга, гоҳида тилининг остида сақлаган новвотга. Ота бўлиб сўкса ҳам, ранжимайди, жаҳл қилса ҳам, жилмайса ҳам бирдай содиқ бўлиб севади. Бу муҳаббат ҳеч қандай таъма, илинж, мансаб ёки бирор нарса умидида эмас, балки Ватанга бўлган муҳаббатнинг соф, тоза, буёғи тиниқ, оҳорли манзараларидир.

Ватанпарварлик ғоялари М.Юсуф ижодини ўзагини ташкил қилади. Айниқса, шоирнинг мустақиллик йилларидаги ижоди диққатга сазовордир. Шоирнинг ҳар шеър мисраси ортида ўзбекнинг миллий руҳи, унинг қувончу дарди, ташвиши, меҳр-муҳаббати, орзу армони, умидлари, қўйинг-ки, бутун ҳаёти гавдаланади. “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон!”, “Халқ бўл элим”, “Ўзингдан қўймасин халқим”, “Ватаним”, “Изҳори дил”, “Андижон”, “Юртим” шеърлари М.Юсуфнинг юрт учун ёниб, куйиб яшайдиган ўғлон сифатида ўқувчилар қалбида Ватан туйғусини шакллантиришда замин бўла олади. Шоирнинг юрагидаги юрт севгиси ҳар қандай ўткинчи майда нарсалардан устун туради.

Мирзабод ариғи, шоир эккан тераклар, мовий осмон, буларнинг бариси шубҳасиз, чексиз илҳом манбаи. Бежиз Мухаммад Юсуф сингари баҳорни қарши олишни, лола-қизғалдоқларни сийлашн, ялпизларга суянишни орзу қилмаймиз, албатта. Устознинг шеърлари ўқувчини тарбияга етаклайди. Маънавий дунёсини бойитади. Ватанга бўлган муҳаббатини оширади. Шоир ҳаётни улуғлаган, уни борича таърифлаган, тирикликнинг бош мақсади юртга муҳаббат эканини таъкид этган ҳар бир мисрасида.

Кўкда лочин нетар кўзи ўтмаса,
Қаламингни синдир сўзи ўтмаса.
Ватан десанг, ўпканг тўлиб кетмаса,
Шеър ёзишга бало борми, биродар.

Яна бироз муддатдан сўнг, юртимизга баҳор кириб келади. Ўзи билан бирга шоир соғинчини, ажиб ҳиссиётларни олиб келади. Ҳаётда тушунишни истасанг, тирикликнинг мазмун-моҳиятини, ватан нелигини билмоқчи бўлсанг, шоир Мухаммад Юсуф шеърларига юзлангин. Токи туғилган гўшамизга муҳаббатимиз шоир орзу қилганидек абадий бўлсин.

You must be logged in to post a comment Login