ҲАМЮРТИМИЗ — ОСИЁ ЧЕМПИОНИ

img388_28390

Ўзбекистонимизнинг спорт ҳаётида эришаётган натижаларини келажагимизнинг мустаҳкам асоси ҳисобланган мустақиллик билан боғлаймиз. Зотан, мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида бу соҳага, хўсусан ёшларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига эътибор кучайтирилди, барча шарт-шароитлар яратилди. Йилдан-йилга юртимиз шаънини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қила оладиган кўплаб истеъдодлар кашф этилаётир. Ана шундай ёшларимиздан бири Мирзиёджон Ҳожиевдир.

Мирзиёд Ҳожиев 1991 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида ўқитувчи-зиёлилар оиласида туғилган. Унинг 14 ёшдан бошлаб спортга ҳаваси ортди. Дастлаб тумандаги каратэ тугарагида шуғулланиб юрди. Мураббийи бошчилигида ўзлари яшаб турган қишлоқдан Ўзбекистон туманининг чегараси ёқасидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона канали бўйларида югуриш машқларини бажарди. Шу кезлари мураббий Дилшод Турғунов каналда каноэ, байдаркада эшкак эшиш тўгараги очиб, қизиқувчи ёшлар мактабини ташкил этган эди.

Мирзиёд ҳам сувда моҳирлик билан эшкак эшиб, ким ўзарга мусобақа ўтказаётган тенгдошларини кўриб уларга ҳавас қилди. Мураббийи ёрдамида бир неча муддат мактабдан бўш пайтлари каналда сув спорти билан шуғулланиб юрди.

2005 йилда Россиянинг Москва шаҳрида ўтказиладиган Бутунжаҳон қишлоқ ёшлари ўртасидаги мусобақаларда қатнашиш учун республика саралаш мусобақалари ўтказилди. Саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтган Мирзиёд каноэда эшкак эшиш мусобақаларида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, Москвадан дастлабки кумуш медали билан қайтди. Шундан сўнг республика каноэчилари устоз-мураббийларининг назарига тушди ҳамда Чирчиқ шаҳридаги Олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилинди.

Коллеж талабаси сифатида бир неча бор Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларида қатнашиб, чемпионликни қўлга киритди. “Ўзбекистон спорт устаси” деган шарафли номга сазовор бўлди. Шу йиллар мобайнида Франция, Германия, Чехия давлатларида ўтказилган каноэда эшкак эшиш мусобақаларида юртимиз номини муносиб ҳимоя қилди. Бўлиб ўтган халқаро мусобақалардан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан қайтди.

2009 йилда “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонига эришди ҳамда Ўзбекистон Жисмоний тарбия олийгоҳига имтиёз асосида талабаликка қабул қилинди. Қувонарли жиҳати, она-Ватанимиз номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшишга астойдил интилган Мирзиёд Ҳожиев 2009-2010 йилларда Германия, Польша ва Франция давлатларида ўтказилган Жаҳон чемпионатларида ҳам муваффақиятли қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олди. 2011 йил Польшанинг Познань шаҳрида ўтказилган беллашувларда биринчи, Эроннинг Теҳрон шаҳрида ташкиллаштирилган Осиё чемпионати мусобақаларида эса иккинчи ўринни эгаллаб, юртимиз байроғини юксакларга кўтарди.

Каноэда эшкак эшиш бўйича 2012 йилнинг ёзида Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон биринчилигида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳонга танилган спорт устаси, бир неча бор дунё спорт мухлислари назарига тушган юртдошимиз Вадим Миньков даражасига кўтарилган Мирзиёдга тенг келадиган спортчи камдан-кам топиладиган бўлди.

– 2012 йилнинг ёз ойларида Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида бунёд этилган сузиш каналида “Самарқанд юлдузлари” деб аталган мусобақа ташкил этилди. Осиёнинг 10 та давлатидан иштирок этган каноэда сузувчилар мусобақасини биз ҳам шахсан бориб кузатдик, – дейди М.Ҳожиевнинг отаси Раҳмонжон Мадалиев. – Онаси иккимиз ўғлимизнинг бу мусобақада ҳам ғолиб чиқишига ишонган ҳолда унга мухлислик қилдик. Ўғлимиз ота-онасининг, мухлисларининг, она-8атанининг ишончини оқлаб, қаторасига учта йўналиш бўйича бишнчипикни кўлга киритди.

Шу каби ҳаяжонли кунлар, ютуққа бой мусобақалар Мирзиёднинг ҳаётида кўплаб содир бўлган. 2013 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида Жаҳон студентларининг Универсиадаси бўлиб ўтди. 170 та давлат вакиллари қатнашган ушбу мусобақаларда Ўзбекистондан жами 55 нафар спортчи талабалар иштирок этган бўлса, 19 нафар спортчимиз она юртимизга медаллар билан қайтдилар. 4 та медаль эса байдарка ва каноэда эшкак эшиш мусобақаларида беллашган ҳамюртларимиз томонидан қўлга киритилди. Бу медаллар орасида Мирзиёднинг бронзаси ҳам аҳамиятли бўлди. Шу йили у 200 метрга сузишда Осиё минтақасида энг юқори натижага эришиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли унвонга эришди.

Айни кунларда у мамлакат терма жамоаси аъзоси сифатида 2014 йилда бўлажак мусобақаларга тайёргарлик машқларини бошлаб юборди. Дастлабки тайёргарлик синов машқлари Малайзияда ўтказиладиган бўлди.

К.Шерматов,
Ш.Аслонов.

You must be logged in to post a comment Login