ЭРКИН ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ МАЪНАВИЯТИ

7

Дунё ҳамжамияти  ҳаш-паш деб, кўз очиб юмгунча ХХI асрнинг дастлабки 13 йилини ҳам ортда қолдириб янги 2014 йилга қадам қўйди. Бугун тарихга айланган шу йилларда эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, янги марралар сари улкан режалар тузилмоқда. Тенглар ичида тенглик ва озодлик байроғини баланд кўтариб ҳар бир соҳада дадил олға босаётган мустақил Ўзбекистоннинг эришаётган залворли ютуқлари эндиликда аҳли жаҳонда тан олиниб катта эътироф ва эътиборга сазавор бўлмоқда. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бу эришилаётган ютуқларимиз асосида, замирида халқимизнинг тарихий шаклланиб келаётган бой маънавияти мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Халқимизнинг мустақиллик йилларида дуч келган мураккаб ва таҳликали жараёнлардан эсон омон ўтишида асосий омил бўлаётган кучни кўрсатиб  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1999 йилда чоп этилган “Ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурмоқдамиз” номли китобида шундай таъкидлаган эди: “Ҳар қандай таназзулдан, таҳликали мушкул аҳволдан, авваламбор халқнинг мардлиги, бунёдкорлик салоҳияти, теран маънавияти, содда қилиб айтганда, одамларнинг мардлигига таянибгина чиқиш мумкин”. Бу тарихда кўп бор исботланган ҳаётий ҳақиқат, мустақиллик йилларида Ўзбекистон мисолида яна бир бор ўзининг тарихий исботини топди.

Ўзбекистон бугун дунёдаги энг ривожланган давлатлар иқтисодий ва маънавий таназзулни бошидан кечираётган бир шароитда ўзи танлаб олган мустақил ривожланиш йўли ва жамиятимизда шаклланган  теран маънавият кучи билан халқимизнинг нималарга қодирлигини яққол кўрсатмоқда. Демократик тамойилларни миллий хусусиятларга қараб ривожлантираётган  халқимиз бошқалардан фарқли ўлароқ, бугун оддий яшаб қолиш ташвиши билан эмас, балки эркин фуқаролик жамияти ва унга хос юксак маънавиятни шакллантиришдек улуғвор ва келажаги бор мақсад йўлидан собитқадамлик билан ривожланмоқда.

Эркин фуқаролик жамияти ва унинг маънавияти хусусида сўз борар экан биз Юртбошимиз Ислом Кармовнинг янги аср бўсағасида чуқур фалсафий мушоҳада билан бу масалада  қатъий белгилаб берган асосий ва ҳал қилувчи вазифалар тўғри кўрсатилганлигига, булар изчиллик билан амалга оширилаётганлигига алоҳида эътибор беришимиз керак. Бизни олдимизга қўйилган асосий  вазифалар қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, инсон учун  озод  ва эркин ҳаёт барпо этиш масаласи фуқаролик жамияти шакллантиришнинг бош мақсад хисобланади. Бизни янгича ҳаёт қуришга қаратилган барча режаларимиз шунга қаратилган. Халқимиз миллий менталитетида тинчлик, осойишталик ва озодликни сақлашга интилиш ҳар доим устиворлик қилиб келади. “Оч бўлайлик, тўқ бўлайлик аввало, тинч бўлайлик” деган ғоя ҳар куни ҳар бир хонадонда такрор ва такрор асосий тилак сифатида доимий янграб туради. Ўзбекистон давлати Халқимизнинг тинчликсевар табиатидан келиб чиқиб  ўзининг тинчлик хартиясини барча имкониятлар билан илгари суриб келмоқда. Давлатимиз мадҳиясидаги “Истиқлол машъали, тинчлик посбони” деган сатрлар бежиз ёзилмаган. Йўлбошчимиз Ислом Каримов томонидан танланган Тинчлик ва Озодлик давлат сиёсати янги тарихимизда юз берган қатор ички  ҳамда халқаро майдонларда юз берган ва бериши мумкин бўлган  кескин вазиятларни олдини олишда мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун биз маънавият тарғиботчилари олдида Ўзбекистонда қабул қилинган  “Тинчлик концепцияси” Қонунида мужассамлашган  асосий принциплар мазмун ва моҳиятини, Ўзбекистон Президентининг халқаро анжуманларнинг юксак минбаридан туриб тинчликка эришиш йўллари тўғрисидаги тарихий маърузалари, “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” каби асарларида илгари сурилган “маънавият-тинчлик элчиси” ғояларини кенг халқ оммаси онгига етказишдан иборат  масъулиятли вазифалар турибди.

Эркин фуқаролик жамияти маънавиятини шакллантиришда инсон, айниқса ёшларни турли миллатчилик ва маҳаллийчилик кайфиятидаги руҳий васвасалардан, оммавий маданият ниқоби остида ёпирилиб кириб келаётган турли ёт ғоя ва мафкуралар таъсири ҳамда таҳдидларидан сақлаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бу таҳдидларнинг ёшлар учун хатарли ва кескинлиги шундаки, уларнинг ҳар бири ўз йўлида инсонни фикрий қарамликка, маънавий қашшоқликка етаклаб, охир оқибатда ўзини ўзига душман қилишга, шу йўл билан халқимизнинг озодлиги ва тинчлигига хоф солишга қаратилганлигидир. Минг афсуски, уларнинг қўлида бугун энг замонавий ахборот ва тарғибот воситалари компьютер, ИНТЕРНЕТ, мобил телефон, радио ва телевидения катта имкониятлар эшигини очмоқда. Бошқача айтганда озодлик ва эркинликни сақлаш ва таъминлашда инсоннинг маънавий камолоти асосий ўринга чиқмоқда.

 Иккинчидан, фуқаролик жамияти маънавиятини шакллантириш олдида ҳар бир инсонга ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши таниши ва эркин фойдаланиши учун ҳар томонлама қулай ҳуқуқий асос яратиш вазифаси турибди. Ўзбекистонда қабул қилинаётган  барча қонунлар марказига инсон ва унинг манфаатлари устиворлигини таъминлаш масаласи қўйилган. Бу йўналишда олиб борилаётган барча ишлар инсон онгида яқин ўтмишда шалланган “…ҳуқуқий жаҳолат, ҳуқуқий саводсизлик, маъмурий-ҳуқуқий органларнинг қонунсиз зўравонлиги, ўтмишимизда рўй берган қатағонларнинг мудҳиш таъсири…” дан қутилиш учун эркин ҳуқуқий асос яратиш, маънавиятнинг бой имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унга мувофиқ равишда қабул қилинаётган барча қонунларнинг кучини бугун оддий фуқаро энди ўзининг шахсий  ҳаёти мисолида, оиласи тақдирида кўриб ундан эркин фойдаланмоқда. Кечаги қоғозда бор, лекин амалда ёлғон қонун бугун ўтмишда қолиб, эртакка айланмоқда. Шу муносабат билан биз маънавий-маърифий тарғиботда эркин фуқаролик жамиятининг асоси ҳисобланган қонун ва фуқаро манфаатлари устиворлиги масаласига алоҳида катта эътибор қаратишимиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2010 йилда бўлиб ўтган қўшма йиғилишида қабул қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш” концепциясида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда изчил олиб борилаётган  ҳуқуқий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун ва моҳиятини кундалик ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг тарғибот қилишда янада фаоллик кўрсатишимиз  керак. 

Маънавий-маърифий тарғиботда бугун ўта  долзарб бўлиб турган қуйидаги масалаларни алоҳида кўрсатиш зарур. Инсон эркинлигини таъминлаш фақат қонунга асосланишининг шартлиги, ҳаётда ҳуқуқ ва бурчнинг айнийлиги, маънавият ҳар бир одамдан  ўз ҳуқуқини фақат қонунлар йўли билан ҳимоялашни талаб қилиши, қонунбузарлик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши муросассиз кураш олиб бориш ҳар бир инсоннинг фуқаролик масъулияти эканлиги, ҳар бир фуқаро  яшаш жойи ва меҳнат жамоасида ўрнатилган тартиб интизомга қатъий риоя қилиш, фаол ҳаётий позиция танлаш йўли билан бошқаларга намуна бўлишига эришиш талаб этилади.

Учинчидан, эркин фуқаролик жамияти инсонда ўзликни англаш, боқимандаликнинг ҳар қандай кўринишларидан холи бўлишни, унга нисбатан  юксак маънавий позициядан туриб муросасиз курашишни талаб қилади. Инсонда боқимандалик кайфияти пайдо бўлишини бош омили ўз меҳнати ва қобилиятига яраша рағбатлантирилмасликдир. Бу борада яқин ўтмишдаги социалистик меҳнат тақсимоти бизга жуда оғир асоратлар қолдирди. Одамлар тер тўкиб қилган меҳнатини адолатли ва тўғри рағбатлантирмаслигини кўриб, ишлаш ўрнига тайёрига айёрлик қилиш йўлига, аниқроғи боқимандалик кайфиятига берилиб кетган эдилар.

Мустақиллик  инсонларга табиат томонидан берилган буюк неъмат – бунёдкорлик ва яратувчилик  кучини қайтариб берди. Инсонни ўз пешона тери билан яратадиган хусусий мулкига  ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини таъминланиши  бунга мустаҳкам асос бўлди. Фикримизни бир икки рақамлар билан давом эттирайлик. Ўзбекистонда бугун ялпи ички маҳсулотда  хусусий секторнинг улуши қарайиб 56% ни ташкил этмоқда, ишга яроқли аҳолининг 75% дан ортиғи айнан мана шу хусусий секторда банд бўлиб турибди. Бу рақамларнинг аҳамияти ва кучи шундаки, кеча боқиманда бўлиб, фақат бер,бер дан нарига ўтмаган одамларнинг аксарияти бугун  тақдирини ўзи яратибгина қолмай, жамиятимизнинг фаровонлигини таъминлаётган қудратли маънавий кучга айланиб улгурди.

Албатта, инсонда мулкка эгалик ҳисини шаклланиши ўз ўзидан уни комиллик  сари етаклай олмайди. Бу йўлда инсонда хусусий мулкчилик кайфияти билан боғлиқ бир қатор долзарб муаммолар юзага чиқадики, уларни бартараф этишда маънавий-маърифий тарғибот ишларини ҳар томонлама кучайтириш талаб этилади. Шахсга хос индивидуализм ва эгоизм, манмансираш ва дабдабозлик, ўзини бошқалардан юқори қўйишга интилиш, маънавий қашшоқ  турмуш тарзига ўралиб қолиш, оилавий ва жамоавий муносабатларни менсимаслик каби нохуш иллатларга қарши аниқ мақсадли кураш олиб бориш талаб этилади. “Аслида инсон эҳтиёжлари чексиз бўлиб,-деб таъкидлайди Ислом Каримов,- унга доимо нимадир етишмайди. Лекин ҳар бир одам нафс балосидан жудо бўлишга интилмоғи керак. Чунки, ҳамма кулфат ана шу нафс балосидан келиб чиқади. Уни енгишга инсоннинг кучи, иродаси етадими… Бу саволга ҳам жавобни биз маънавиятдан излашимиз керак”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг бу фикри бизга бугун маънавий-маърифий тарғибот ишларини айнан хусусий секторда меҳнат қилаётган инсонлар аудиториясига кўчиришни, улар билан олиб бориладиган тарғибот ишларини назарий, методологик ва амалий жиҳатлари устида жиддий бош қотиришни вазифа қилиб қўяди.

Тўртинчидан, эркин фуқаролик жамияти инсонни ўз кучи ва ақлига ишониб мустақил яшашга даъват қилади. Жамият эса ўз аъзоларига бунинг учун барча қулай  шарт-шароитларни  яратиб боради. Инсонда ақл-фаросат билим олиш йўли билан шаклланиб, табиат ато этган қобилият юзага чиқиб, унга мос тўғри касб-ҳунар эгаллангандагина  мустақил яшаш имконият туғилади. Бу мураккаб ҳаёт йўлида ҳар бир соҳанинг, хусусан, маънавий-маърифий тарғибот ишларининг ҳам ўз ўрни ва роли бор.

Сўз мустақил фикрли ва мақсадли шахсни тарбиялаш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш устида борар экан, биз фахр ва ифтихор билан мустақиллик йилларида ёшларни замонавий билим олишлари учун  жаҳон стандартига жавоб бера оладиган қулай шарт-шароитлар ҳақида алоҳида гапириш зарур. Энг муҳим эришилган ютуқлар сифатида таълимнинг барча бошланғич босқичларига хизмат қилувчи тизимнинг тўла янгиланганлиги, моддий-техника базасини мустаҳкамланганлиги, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилиб самарали амалга оширилаётганлиги, Олий таълим тизими ҳам жаҳон андозалари асосида қайта қурилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш талаб этилади.

Эркин фуқаролик жамияти маънавиятини шакллантирувчи ва мустаҳкамловчи илғор кучлар бугун ўрта махсус таълим тизимида тўпланган десак асло, хато қилмаган бўламиз. Ўз ақли ва кучига қаттиқ ишонган, бир вақтни ўзида 2-3 касб ҳунарларни эгаллаб мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар бугун айнан мана шу замонавий қурилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда тўпланган. Бу тизимда эришган улкан ютуқларимизни ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуман иштирокчилари томонидан эътироф этилиб юқори баҳоланганлиги маънавий-маърифий тарғибот ишлари учун бой материал бўла олади.

Ўзбекистонда барпо этилаётган эркин фуқаролик жамиятининг шаклланишида таълим тизимига хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини кириб келишига ҳамда мамлакатимиз ёшларига хориждаги энг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олиш учун яратилаётган қулай шароитлар катта рол ўйнамоқда. Бу борада 2014 йил 11-14 феврал кунлари Тошкентда ўнинчи бор ўтказилган “Таълим ва каръера” кўргазмасини мувоффақиятли ташкил этилганлигини кўрсатиш мумкин. Ёшларимиз  кўргазмада мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нуфузли таълим муассасалари ҳақида кенг ахборот олиш билан бирга, бевосита дастлабки синовлардан ўтишга  ва ўқиш учун шартнома имзолашга эришмоқдалар. Бу каби кўргазмалар ёшларнинг илмий ва инсоний дунёқарашини кенгайишига, эркин фуқаролик жамиятининг бой имкониятлари ҳақида етарли тассуротлар олишига яқиндан ёрдам беради.

Ўзбекистонда бугун спорт ва санъат маънавий камолотга элтувчи асосий омиллардан бирига айланди, десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, бу соҳаларнинг устивор ривожланиши инсонни  жисмоний ва маънавий етуклик сари илҳомлантиради, ўзига ишонч ва иродани тоблайди. Шу боис ҳам мамлакатимиз Президенти болалар ва ёшларни бу соҳаларга кўпроқ жалб этиш ҳаракатига шахсан ўзи бош-қош бўлмоқда. Мисол учун биргина 2013 йилда олиб борилган қурилиш ишлари кўламига эътибор қаратайлик. Ўтган йилда мамлакатимизда жами 113 та спорт иншооти ва сузиш ҳавзалари, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб фойдаланишга топширилди. Аҳамиятлиси шуки бу объектларни 132 таси қишлоқ жойларда барпо этилди. Бугун ёшлардан қарайиб 2 миллиондан ортиғи спортнинг 30 дан ортиқ  турлари билан мунтазам шуғилланмоқдалар. Бу йўналишдаги ишлар жорий йилда ҳам устивор ривожланиши кўзда тутилган. Ушбу йилда мамлакатимизда яна 115 та спорт объекти ва 48 та болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилмоқда.

Бешинчидан, эркин фуқаролик жамияти ҳар бир инсондан ўз шахсий манфаатларини халқ, Ватан манфаатларининг ажралмас бир бўлаги деб қарашни, уларни ўзаро маънавий асосларда уйғунлаштира олишини талаб қилади. Ватан туйғуси ҳар биримиз учун шахсий маънавий олий қадриятки, бунга эришмасдан туриб инсон ҳеч қачон бахтли бўла олмайди. Муборак Ҳадисларда “Ватанни севмоқ имондандир”,- деб бежиз айтилмаган. Зеро, бугун ҳар бир фуқаро, у қаерда яшамасин ёки ўқимасин ўзини Ватанини соғиниб яшашини ўзи бу ҳикматни қандай қимматга эга эканлигини кўрсатади. Шу боис биз маънавий – маърифий тарғиботчилар олдида ўз оиласи, маҳалласи ва Ватанига содиқ бўлган инсонгина чинакам эркин бўлишини ҳаётий мисоллар ёрдамида кўрсатиб боришдек мураккаб вазифалар турибди. Бу каби долзарб вазифаларни умумлаштириб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил якунлари ва янги йил режаларига бағишланиб ўтказилган Вазирлар Маҳкамасидаги йиғилишда сўзлаган маърузасида шундай таъкидлайди.

“Бизнинг вазифамиз, керак бўлса, олий бурчимиз – фарзандларимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан уйғун ривожланган, замонавий билим ва тажрибаларни пухта эгаллаган, Ватанимиз ва халқимиз келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун қўлимиздан келган барча-барча ишларни амалга оширишдан иборат”.

Фарҳод Турғунбоев, ФарДУ профессори,

Шоҳидбек АСЛОНОВ, журналист.

You must be logged in to post a comment Login