Фарғонада ойнинг ҳар сешанбаси — «Ёшлар куни» деб эълон қилинди

QMM_0274Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида, жорий йилнинг 6 февраль куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур қарордан келиб чиқиб 14 февраль куни вилоят ҳокимининг “Вилоятда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 34-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар вилоят Дастури тасдиқланди.

Дастур 7 банддан иборат бўлиб, ёшлар ҳаётига оид барча жабҳаларни тўлиқ қамраб олган.

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларидаги фаоллигини ошириш борсида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Мамлакатимизда сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тўлақонли тушунтириш, ёш авлодни ушбу жараёнларга кенг жалб этишга қаратилган “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” тарғибот лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳар бир йўналиш бўйича тарғибот материаллари (маъруза матнлари, тақдимот, тарқатма материал, кўргазмали тарғибот воситалари) тайёрланади. Шунингдек, ёшларни давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ҳокимликлар, жиноят ва хўжалик судлари ҳамда прокуратура (вилоят, туман ва шаҳар) тизимларида ёшлар иштирокида учрашувлар ташкил этилади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қуйи бўғинлари бўлган умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари, корхона, муассаса ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилот етакчилари учун “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловлари ўтказилади.

Ўқувчи-талабаларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Тафаккур синовлари” каби танловлар ўтказиш ҳам дастурда белгилаб қўйилган.

Қайд этилганидек, ёшларни давлат ва жамият қурилишида фаол иштирок этишларини таъминлаш мақсадида ёшларнинг туман, шаҳар ҳокимлари билан учрашувлари ўтказилади ва унда фаол ва иқтидорли ёш тақдирланиши билан бирга, уларни бугунги кунда қийнаб турган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Дастурда юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позицияга, кенг дунёқарашга ва мустаҳкам билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб бориш давлат ва жамоат ташкилотларининг долзарб вазифаси этиб белгиланди. “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали, “Вояга етмаганларни турли маънавий таҳдидлар ва информацион хуружлардан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси, ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий қисмларига экскурсиялар ташкил қилиш, “Ёш чегарачи” мусобақалари ҳамда Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида тарихий обидалар, зиёратгоҳлар тўғрисидаги видеороликлар танлови уюштирилади.

Ёшлар ўртасида “Ёшлар ва ахлоқий қадриятлар”, “Ёшлар ва оила”, “Ёшлар ва ижтимоий фаоллик”,  “Ёшлар ва таълим”, “Ёшлар ва китобхонлик” мавзуларида социологик тадқиқотлар ўтказилади. Ўғил-қизларнинг экологик маданиятини шакллантириш ва уларни эстетик тарбиялаш мақсадида ҳудудлардаги истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, сув ҳавзалари ва бошқа жамоат жойларини озода сақлашга қаратилган экологик лойиҳа амалга оширилиб, уларнинг тарих, маданият ва маънавият соҳаларидаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Музейлар – бой тарихимиз ва бетакрор маданиятимиз хазинаси” мавзусида музейлар ойлиги ташкил этилади.

Ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарга йўналтириш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Режага кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига жалб қилиш мақсадида “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати фаолияти янада кенгайтирилади.

Ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўқишини давом эттириш ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмаси, битирувчиларни касбга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳалари амалга оширилади ва шунингдек, “Йилнинг энг яхши ёш мутахассиси” танлови ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, ёш оилаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, ўз ҳаётларини қуришларига кўмаклашиш ҳамда уларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш мақсадида ҳар бир шаҳар, туманда банк кредитлари асосида 2 тадан 4 қаватли Ёшлар уйлари қуриш ва “Камолот” шаҳарчаси” барпо этиш бу борада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг муҳим босқичи бўлади.

Шунингдек, дастурнинг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш йўналишида фан, таълим, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда ўтказилган халқаро мусобақа ва танловларда юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига намуна бўлаётган иқтидорли ёшларнинг муваффақиятларини кенг тарғиб қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг маданият ва санъат соҳаларидаги қобилиятларини барвақт аниқлаш ва ривожлантириш мақсадида 6-14 ҳамда 15-25 ёшдаги иқтидорли болаларнинг кўрик-танлови ўтказилади.

Мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялаш, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида “Камолот” ЁИҲнинг ҳудудий кенгашлари қошида “Мунозара” тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш, ёшларнинг ташаббускорлигини ошириш, ижодий ва ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сен билан бирга – Камолот сари…” акциясини ўтказиш, бунда турли соҳаларда юқори натижаларга эришган, халқаро ва республика танловлари ва мусобақаларида ғолиб бўлган иқтидорли ёшларнинг жойларда тенгдошлари билан учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ёшларнинг иқтидорларини намоён этиш, илмий тадқиқотлари натижаларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этишга кўмаклашишни тизимли йўлга қўйиш, ёш олимлар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларни минтақанинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларидан келиб чиқиб йўналтириш, илмий тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот” ЁИҲ қошида “Ёш рассомлар” уюшмаси, Фарғона давлат университети қошида “Ёш олимлар кенгаши”, Фарғона политехника институти қошида “Ёш технологлар” ва Савдо-саноат палатаси қошида “Ёш тадбиркорлар” маркази ташкил этилади ва барча истеъдодли ўғил-қизлар жалб этилади. Шунингдек, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида Фарғона ва Қўқон шаҳарлари ахборот маслаҳат марказлари қошида учун “Бизнес-инкубатор”лар фаолияти йўлга қўйилади.

Дастурда ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳам алоҳида урғу берилган. ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, тамаки чекиш каби иллатларни олдини олишга қаратилган “Биз – соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” акцияси, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий ва жисмоний камол топтиришга қаратилган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақалари, олий таълим муассасалари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жамоалари ўртасида футбол бўйича “Камолот кубоги” турнирлари, велоспорт турини оммалаштиришга қаратилган “Камолот-Тур” VII ёшлар веломарафони, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни спортнинг шахмат турига кенг жалб қилиш мақсадида “Камолот шахмат тахтаси” вилоят очиқ турнири, қизларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш ва улар ўртасида бадминтон спорт турини оммалаштириш мақсадида “Саломатлигимизни мустаҳкамлаш ўз қўлимизда” лойиҳаси, оилаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришга қаратилган “Соғлом оила” мусобақалари, маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар фарзандларини ёзги таътил вақтида болалар соғломлаштириш оромгоҳларида юқори савияда дам олишларини ташкил этиш мазкур йўналишнинг асосий тамойилларидир.

Вояга етмаганлар ва ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик содир этилишини олдини олиш, хорижда ишлашнинг қонуний асослари ҳамда одам савдосига қарши курашнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш мақсадида “Ёшлар ва қонун”, “Одам савдоси – давр муаммоси” тарғибот лойиҳалари, тарбияси оғир болалар учун тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари, уларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишларини ҳамда уларнинг кўнгилочар (дам олиш) жойларда тунгги вақтда бўлишларини олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Беҳаёлик, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, шунингдек, унинг тарқатилиши, реклама қилиниши, намойиш этилишини олдини олишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.

Шу билан бир қаторда, эрта никоҳларнинг олдини олиш, унинг салбий таъсирларини жамоатчиликка етказиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида мунтазам равишда дарс қолдирувчи ўқувчиларни таълимга жалб этиш мақсадида давомат рейдларини ўтказиш ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан мунтазам машғулотларга қатнашмаётган ўқувчилар рўйхатини шакллантирилиб, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида улар билан тизимли иш олиб борилади.

Қайд этиш жоизки, мазкур қарор билан вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Эндиликда шаҳар ва туман ҳокимларидан васийлик кенгашлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, унинг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинига кириб бориш ва ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларни белгилаб бориш мақсадида ҳудудлар кесимида ёшлар билан учрашув жадвалларини ишлаб чиқиш, ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишларига кўмаклашиш, ёш тадбиркор ва фермерларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун етарли шарт-шароитлар яратишлари қаттиқ талаб қилинади.

Мамнуният билан таъкидлаш керакки, вилоят ҳокимининг қарори вилоятда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, уларни ижтимоий-маънавий жихатдан қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва навбатдаги вазифалар ижросига қаратилган чора-тадбирлар белгилаб бориш мақсадида ҳар ҳафтанинг сешанба куни “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Шунингдек, ёшларда китобга бўлган муҳаббатни янада ошириш ва шу орқали уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш мақсадида ҳар ойнинг 2- ва 4- жума кунлари “Китобхонлар куни” деб белгиланди.

Қабул қилинган қарор, тасдиқланган дастур ва амалга ошириладиган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад битта – кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли авлодни вояга етказишдир.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login