ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК – ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

1912136

Истиқлол йилларида оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Боиси оилаларнинг ҳар жиҳатдан мустаҳкамлиги бу мамлакатнинг қудратини белгиловчи омиллардан бири саналади.

Шу боис ҳам юртимизда инсон манфаатларини кўзлаб,   кичик бизнес  ва оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайдиган қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиндики, бундай кўзланган мақсад халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришни кўзда тутади.

Жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунларда мулк эгасининг ҳуқуқлари устувор аҳамиятга эга экани мустаҳкамлаб қўйилди. Бундан ташқари, янги таҳрирда қабул қилинган «Рақобат тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда улар асосида имзоланган «Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон  мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

 «Мамлакатимизни 2013-йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014-йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида Президентимиз Ислом Каримов маърузасида ҳам бу борада эришаётган ютуқларимиз алоҳида тилга олиниб, юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилди.

Бугунги кунда Фарғона вилоят прокуратураси ва унинг жойлардаги органлари томонидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасидаги ишлар мунтазам ўрганиб борилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларига барҳам бериш прокуратура органларининг доимий диққат марказида бўлмоқда.

Ўтган 2013 йил давомида шаҳар, туман прокуратура органлари ташаббуслари билан ўтказилган тадбирлар натижасида жойларда 1850 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 4008 та янги иш ўринлари яратилгани фикримизга ёрқин мисол бўла олади.

Фаолияти тўхтаб қолган 583 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта йўлга қўйилди. Натижада 885 та янги ишчи ўрни яратишга эришилди.

Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар юртимиз иқтисодиётини янада жадаллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва шу орқали оилаларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

 

You must be logged in to post a comment Login