МУҲТОЖ ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Ўтган 2013 йил 12-13 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда 16 та масала кўриб чиқилди ва шулардан 9 та қонун қабул қилинди. Айниқса, “Васийлик ва хомийлик тўғрисида”ги Қонун Сенаторлар томонидан қизғин маъқулланди.

Қонуннинг асосий мақсади васийлик ва хомийлик институтининг ягона қонунчилик ва ҳуқуқий асосларини, шунингдек қонунийликка риоя этилишининг, васийлик ва ҳомийликка муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлашнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишдан иборат.

“Васийлик ва хомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўққиз боб ва элликта моддадан иборат.

Ҳозирги вақтга келиб, васийлик ва хомийлик билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Оила кодекслари ҳамда бир қатор бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинаётган бўлиб, уларда васийлик ва хомийлик соҳасидаги барча масалалар ва улар фаолиятини амалга ошириш механизми етарли даражада тартибга солинган эмаслиги ушбу Қонунни қабул қилинишини зарур қилиб қўйди. Васийлик ва хомийлик соҳасида ягона норматив ҳужжат йўқлигидан келиб чиқиб, ушбу Қонуннинг қоидаларида васийлик ва хомийлик органларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини аниқлашга, васийлик ва хомийликни белгилаш, устидан васийлик ёки хомийлик белгиланган шахснинг мол-мулкни сақлаш ҳамда бошқариш механизмига, шунингдек етим болалар ва ота-онасининг қармоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқиқий механизмларига доир нормаларни такомиллаштириш назарда тутилган.

“Умумий қоидалар” деб номланган 1-бобда Қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар ҳамда васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишлари, шунингдек васийлик ва ҳомийликнинг асосий принциплари белгиланган.

Давлат органларининг васийлик ва хомийлик соҳасидаги ваколатларига бағишланган 2-боб васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятини амалга оширувчи органлар тизимини белгилайди ҳамда уларнинг ваколатларини ва асосий вазифаларини моддама-модда тартибга солади.

Васийлик ва ҳомийликни белгилашда ҳамда васийлик ва ҳомилий тайинлаш масалаларига бағишланган 4-бобда ота-она вақтинча бўлмаганида васийлик ёки ҳомийликни белгилашга доир нормалар акс эттирилган, васийлик ёки хомийлар этиб тайинлана олмайдиган шахслар доираси аниқланган, дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш тартиби, шахсга бир неча васий ёки ҳомий белгилаш, бир шахсни бир неча васийликдагиларга васий ёки ҳомий этиб тайинлаш, вояга етмаганларнинг ўзи берган ариза бўйича уларга васий ёки хомий тайинлаш тартиби. Шунингдек, ота-онаси бор шахсга васий ёки хомий белгилаш хусусиятлари акс эттирилган ваколатларини беради.

6-боб васийлар ва хомийларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари акс этирилган нормаларини жорий этади.

7-бобда васийликдаги ёки хомийликдаги шахснинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, васийликдаги ёки хомийликдаги шахснинг мол-мулкини бошқаришга, муҳофаза қилишга, васийлик ва хомийлик органларининг васийликдаги ёки хомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини амалга оширишга тааллуқли рухсатномалари, васийлик ва хомийлик органларининг рухсатини олмасдан васийликдаги ёки хомийликдаги шахс номидан шартнома тузиш оқибатларига, васий ёки хомий томонидан келтирилган зарарнинг ўрнини қоплашга доир қоидалар, шунингдек васийликдаги ёки хомийликдаги шахсга нафақа тайинлаш нормалари ҳам баён этилган.

“Васийлик ва хомийлик соҳасидаги назорат” деб номланган 8-бобда васийлар ва хомийлар мажбуриятларининг ижро этилиши устидан, шунингдек васийлик ва хомийлик органларининг фаолияти устидан назорат масалалари очиб берилган ва васий ва хомийнинг ҳисобот бериши назарда тутилади, васийликдаги ёки хомийликдаги етказган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби, шу жумладан васий ёки хомийнинг қонунга хилоф харакатлари (харакатсизлиги) устидан шикоят бериш назарда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши васийлик ва ҳомийликка муҳтож фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича реал ҳуқуқий кафолатлар яратади, республикада васийлик ва хомийлик тизимини модернизация қилишга олиб келади, васийлик ва хомийлик фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини кучайтиришга, шунингдек уларнинг механизмларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

You must be logged in to post a comment Login