СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ, ЕНГИЛЛИК ВА АФЗАЛЛИК

2121

Истиқлол йилларида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти ривожини таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини юксалтиришда солиқ имтиёзлари, афзаллик ва енгилликлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4455-сонли Фармони муҳим дастуриламал бўлаётганини айтиб ўтиш керак.  Бевосита вилоят ҳокимлиги кўмагида бу ҳуқуқий ҳужжат ижроси изчил равишда таъминланаётгани натижасида вилоятимиз миқёсида кичик ва хусусий бизнес, оилавий тадбиркорлик каби соҳалар ҳам жадал ўсиб, янги иш ўринлари яратилаётгани, аҳолининг турмуш тарзи ва фаровонлиги кўтарилиб бораётгани қувонарлидир.

Ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида йилдан-йилга солиқ юки камайиб, тадбиркорлик муҳити ижобий томонга ўзгариб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўтган йил мобайнида вилоятимизда солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилди. Бу эса солиқ тўловчилар ва солиқ объектларини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тушумларни кўпайтириш имконини берди. Бунинг самараси туфайли маҳаллий бюджетнинг барқарор даромад манбаларини ошириш, солиқ қарзларини кескин қисқартириш, нақд пул тушумларини кўпайтиришга эришилди.

Таъкидлаш ўринлики, 2013 йил давомида вилоят солиқчилари томонидан бюджетга солиқ ва тўловлар тушуми режаси юз фоизга бажарилди. Бюджетга ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,8 фоиз кўп маблағ жалб этилди. Йиғилувчанлик даражаси вилоят бўйича 101,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йили бюджетга туширилган солиқ ва тўловларнинг 97 фоизи маҳаллий бюджетга йўналтирилганлиги сабабли маҳаллий бюджетлар харажатини ўз вақтида ҳамда тўлиқ маблағ билан таъминлаб бориш имкони яратилди.

Ҳисобот даврида бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга истиқбол (прогноз) режаси ортиғи билан бажарилиб, бир йил олдинги тушумга қараганда, 157,3 млрд. сўм ёки 1,2 баравар кўп маблағ туширилди. Бунинг натижасида хўжалик юритувчи субъектларнинг умумий солиқ қарзи йил бошига нисбатан кескин қисқартирилди. Вилоятда нақд пул тушумини кўпайтириш, маблағларни банкдан ташқари айланишини қисқартиришга доир саъй-ҳаракатлар орқали ўтган йилда банк кассаларига бир йил олдингидан 23 фоиз кўп, бошқача айтганда, 374 млрд. сўмдан зиёд нақд пул жалб этилди.

Ўз навбатида соҳа фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани ҳам эътиборга сазовор. Президентимизнинг юқорида таъкидлаб ўтилган 4455-сонли Фармони ижроси бўйича  2014 йил 1 январь кунига қадар вилоятдаги ҳисобот топшириш мажбуриятига эга бўлган 22 минг 700 тага яқин корхоналарнинг 95 фоизи электрон рақамли имзо билан таъминланди. Молиявий ва солиқ ҳисоботларини электрон тартибда қабул қилиш топшириғига кўра 92 фоиз корхоналардан ҳисоботлар электрон кўринишда қабул қилинди. Натижада 334. 400 та қоғоз иқтисод қилинди ва корхоналар ихтиёрида 12 млн. сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинишига эришилди. Электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш учун ундириладиган тўлов ҳам камайтирилгани сабабли ўтган йили 19,5 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари томонидан 340 млн. сўм ўрнига 170 млн. сўм маблағ тўланди.

Фармонда солиқ ҳисоботи шаклларини йирик корхоналарга 2,3 марта, кичик корхоналарга 1,7 марта қисқартирилиши белгиланган. 2014 йил мобайнида вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари топшириши керак бўлган 644,3 мингдан зиёд солиқ ва молиявий ҳисоботлар электрон шаклга ўтказилади. Бунинг самараси сифатида 3,5 миллион донага яқин вароқ ёки ўртача ҳисоблаганда йилига ўртача 17 тонна қоғозни иқтисод қилиш имконияти вужудга келади.   

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига мувофиқ, шунингдек бюджет қонунчилигини такомиллаштирилиши муносабати билан солиқ ва бюджет қонунчилигига янгиликлар киритилиши ютуқлар бардавомлигидан далолат беради. 2013 йил 25 декабрда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унга асосан Солиқ кодекси янги бўлим билан тўлдирилиб, 51 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга туширилди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга пасайтирилди.

You must be logged in to post a comment Login