“ЎЗБЕКИСТОНДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН”

03

Фарғона вилоят савдо-саноат палатаси, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси, иқтисодиёт бош бошқармаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида бўлиб ўтган ярмаркада юздан ортиқ кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари янги турдаги маҳсулотлари кўргазмаси билан иштирок этдилар.

Фарғона шаҳридаги кўптармоқли “Сайқал” корхонасида ишлаб чиқарилаётган электроаравачалар нафақат республикамизда, балки мустақил ҳамдўстлик давлатлари орасида ҳам ягона саналади.  Энди бу аравачаларнинг зинапояларга мослаштирилган турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Данғарада ёш йигит-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган аёллар ва болалар оёқ кийимларини кўриб хорижники деб ўйлашингиз табиий.

– Кичик корхонамизда оёқ кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали 30 та ишчи ўрни яратганмиз,–дейди тадбиркор Ойбек Абдуллаев.–Энди Туркиядан янги технологиялар олиб келишни мўлжаллаяпмиз. Маҳсулотларимиз тури кўпайиши баробарида яна 30 та иш ўрни яратилишига эришамиз.

Яқин-яқингача  хориждан валютага сотиб олинадиган қурилиш қоришмалари, бўёқлар, оилавий ётоқ жиҳозлари бугун вилоятимизнинг чекка қишлоқларида тадбиркорлар ва ҳунармандлар томонидан тайёрланаётгани эътиборга молик. Ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар туфайли уларнинг имкониятлар кўлами кенгайиб бормоқда.

– Ярмаркада чойшаблар тўплами билан иштирок этяпман, – дейди ҳунарманд Мавлуда Болтабоева. – “Ҳунарманд” уюшмасига аъзоман, банкдан кредит олиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтирмоқчиман, маҳсулотларимни Россияга экспорт қилиш ниятидаман.

Бўлиб ўтган ярмарка вилоятда саноат салоҳияти йил сайин ўсиб бораётганини намойиш этадиган маҳсулотлар кўргазмасига айланди.

You must be logged in to post a comment Login