НАВОИЙ ДАҲОСИГА ТАЪЗИМ

SHQ_6036

Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бебаҳо сатрлари беш асрки ҳамон мазмундор, ҳамон долзарб. Аҳамиятли жиҳати шундаки, буюк мутаффаккир асарларида инсоннинг дунёга келиб, чақалоқлигидан тортиб, то камолга етиб, ҳатто кексалик фаслига етгунга қадар маънавий тарбияси мукаммал ифодасини топади. Бинобарин,  мамлакатимизда 2014 йил – Соғлом бола йили деб эълон қилинган айни пайтда даҳо шоиримизнинг бебаҳо меросига қайта-қайта мурожаат қилиш фикрини навоийшунос олимлар таъкидламоқдалар.

Вилоятимиз марказида қад ростлаган Алишер Навоий ҳайкали ёнида шоир таваллудига бағишланган тантанали эҳтиром тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга вилоятдаги таълим-тарбия муассасалари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, адабиётшунос олимлар, илмий жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ўқитувчи мураббийлар ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Энахон Сиддиқова очиб, сўзни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ш. Ғаниевга берди.

– Шу кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида буюк мутафаккирнинг таваллуд кунлари кенг нишонланмоқда. Халқимизнинг бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида, ижтимоий-маънавий ҳаётида Навоий бобомизнинг буюк мероси муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шоирга улуғ бир шарҳ берилган: “Агар бу улуғ зот авлиё десак, авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”.

Вилоятимиз ҳокими маросим иштирокчиларини эҳтиром тадбири билан  муборакбод этди.

Шундан сўнг филология фанлари доктори, навоийшунос олим Ҳабибулла Жўраев Навоий асарларини бугунги кунда таълим-тарбия тизимидаги аҳамияти ҳақида қизиқарли маълумотларни келтирди, ҳаёт ва меҳнат фаолиятимиз учун шоир маънавий, маданий, адабий замин эканлигини таъкидлади. Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Файзулло Зоҳидов февраль ойи-маънавият ойлиги деб эълон қилинганлиги, умумхалқ хайрия хашари ҳам кўтаринки руҳда ўтаётганини айтиб, барчани адабиёт байрами билан қутлади.

Таниқли шоира Зуҳро Алиева “Тузларингни соғиндим юртим” номли шеъри, Фарғона санъат коллежи ёш ўқитувчиси Гулмира Чаварованинг Навоий ғазали билан айтиладиган ашуласи  тадбир иштирокчиларида ҳаяжон уйғотди.

Эҳтиром тадбирида Навоий пойига гуллар қўйилди.

You must be logged in to post a comment Login