ДАҲО ИЖОДКОР

навоий

Алишер Навоий она тили имкониятларидан жуда катта маҳорат билан фойдалана олган улкан шоирдир. У ўз асарларида тилимизнинг бутун бойликлари ва нозикликларини кўрсата олган. Мутафаккирнинг насрий ва назмий асарларида маъно ва мазмун жиҳатидан ҳар хил бўлган минглаб сўзлар қўлланилган. Тилшунос олим, профессор Баҳром Бафоевнинг тадқиқотларига қараганда, шоирнинг эски ўзбек тилида ёзган асарларини тахминан 1 миллион 378 мингдан ортиқ сўз ташкил қилади.Буюк шоир асарларидаги сўзлар мавзуси жиҳатдан ранг-баранг кўринишларга эгадир.

Киши исмлари, лақаблар, таҳаллуслар – антропонимлар шоир асарларида алоҳида ўрин эгаллайди. Навоий асарлари ономастикаси бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борган тилшунос олим Ш.Ёқубовнинг маълумотига кўра, шоир асарларида ишлатилган антропонимлар 1100 дан ортиқдир. Уларнинг ҳар бир гуруҳи ўзига хос хусусиятларга эгадир. Чунончи, исмлар ўз характерига кўра тарихий шахслар номи, афсонавий номлар, тўқима исмлардан таркиб топгандир. Шоирга замондош бўлган Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон, Ҳадичабегим, Султон Абусаид, Мирзо Улуғбек, Мавлоно Лутфий, Хўжа Муҳаммад Порсо  кабиларнинг номлари тарихий шахсларни ифодаловчи антропонимлардир. “Мажолис-ун-нафоис” да 459 нафар шоирнинг номи тилга олинганки, булар ҳам тарихий исмлар саналади. Ҳиротий, Тўтий, Яҳё, Ҳабиб кабиларнинг номлари шулар жумласига киради. Шоир асарларида ишлатилган Дилором, Дилосо, Дилоро, Гуландом, Суманбу каби исмлар ўзининг ёқимлилиги, жозибадорлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Навоий асарлари лексикасида ўрин-жой номлари – топонимлар кўплаб учрайди. Уларнинг умумий миқдори 350 дан ошиб кетади. Шоир асарлари матнида қайд этилган топонимлар объектларнинг хусусиятига кўра мамлакатлар номларини – Арабистон, Хуросон, Турон; шаҳарлар номларини – Самарқанд, Балх, Бухоро,  дарёлар номларини – Аму, Нил, Синд, Мурғоб, тоғлар номларини – Қоратоғ, Шаҳд тоғи, боғлар номларини – Боғи Зағон, Боғи нав ифода этади.

Ижодкор асарларида самовий жисмларнинг отлари–астропонимлар ҳам маълум ўринни эгаллайди. Осмон буржларини англатувчи номлардан – Тарозу, Қовға, Ҳамал, Асад, Жавзо, Сумбула, сайёраларнинг номларидан –Зуҳал, Муштарий, Зуҳра, Ой, Қуёш, Миррих; юлдузларнинг номларидан –Суҳайл Сурайё, кабилардан ташкил топгандир.

Чиғатой, халаж, туркман уруғлари шоирнинг мана бу сатрларида тилга олинган:

Навоий, иста мазоҳирда чеҳраи мақсуд,

Араб ва гар чиғатой, йўқса туркману халаж.

 Ёки мана бу мисралар этнонимларга бойлиги жиҳатидан эътиборимизни тортади:

Санамлар ҳуснидин мақсуд ёр ўлмиш Навоийга,

Агар барлос, агар тархон, агар арлот, агар сулдуз.

Ушбу сатрларда барлос, тархон, арлот, сулдуз этнонимлари тилга олиб ўтилган. Булар ўша даврнинг энг эътиборли, нуфузли қабилаларидан ҳисобланганлар.

Буюк ижодкоримизнинг “Хазойинул-маоний” асарида қайд этилган тубандаги байтларга эътибор беринг.

Эй Навоий, манга бас ул санами лўливаш,

Бекка қипчоғу ағар, шаҳга қиёту билгут.

Зикр қилинган этнонимлардан қипчоқ қабиласи кейинчалик туркий халқлар: ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, қирғизларнинг этник таркибига кирган, уларнинг миллат бўлиб ташкил топишида қатнашган.

Хуллас, даҳо сўз санъаткори, халқимизнинг буюк шоири Алишер Навоий асарлари лексикасининг маълум бир қисмини аномастик номлар ташкил қилади. Улар мавзуси нуқтаи назардан бир неча гуруҳларни ўз ичига олади. Бундай            атоқли отлар шоир асарлари сўз бойлигини белгилаш ва аниқлашда алоҳида аҳамият касб этади.

You must be logged in to post a comment Login