“МЕҲНАТНИ САОДАТИНГ КАЛИТИ БИЛ…”

alisher-navoiyАлишер Навоий темурийлар сулоласи инқирозга юз тутган, улар ўртасида тож тахт урушлари авж олган оғир ва мураккаб даврда яшади. 1472 йилда Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни бош вазир лавозимига тайинлаганидан сўнг мамлакат тараққиёти учун бор имкониятини ишга сола  бошлайди.

Халқ ҳаёти ҳақида ўйлаш, у ҳақда ғамхўрлик қилиш шоир ва мутафаккирнинг доимий диққат марказида бўлди. Унинг таъкидлашича, инсон ҳамиша яхши яшаш ва бахтли ҳаёт кечиришга ҳақлидир. Навоий инсонлар ҳақида ғамхўрлик қилишни энг олийжаноб инсоний фазилат, ҳақиқий одамийликнинг мезони деб билди.

Улуғ мутафаккир бутун онгли ҳаёти ва ижодий фаолиятини инсоннинг саодати, фаровонлиги ва баркамоллиги учун курашга бағишлади. Иймон-эътиқод, ижтимоий адолат, дўстлик, меҳнатсеварлик, вафодорлик, ватанпарварлик сингари қадриятларни тарғиб этди.

У барча бойлик, роҳат-фароғатнинг асосини инсоннинг ҳалол меҳнатидадир, деб кўрсатди. Меҳнат масаласи доирасида муҳим ижтимоий-сиёсий ғояларни асослаб берди.

Навоийнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий қарашлари босқичма-босқич ривожланиб борди. У халқни қолоқлик ва жаҳолатдан қутқариш, етим-есирларга ёрдам бериш учун ўзининг маърифатчилик ғояларини илгари сурди. Халқни билимли ва маърифатли қилиш ниятида ўз ҳисобидан мадрасалар, кутубхоналар қурдирди. Олимлар, шоирлар, тарихчиларга ижодий иш билан шуғулланишлари учун етарли даражада шароитлар яратиб берди. Илм ва санъатни ривожлантириш йўлида меҳнатини аямади, илм аҳлига мадад берди, кўпгина шоир, олим, талабаларга ўз ҳисобидан нафақа тайинлади. Ҳазрат Навоий ўзининг “Вақфия” номли асарида ўз ерларидан олинадиган даромаддан кундалик харажатга етарлигини олиб қолиб, қолган ҳаммасини фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилашга ҳамда етим-есирларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, шунингдек, мамлакат ижтимоий тарққиётининг ривожланиши учун фойдали ишларга сарф қилинганлигини таърифлайди. Шу билан бирга Алишер Навоий мамлакатни ободонлаштириш ишларига алоҳида аҳамият беради. Айниқса, унинг Ҳиротда солдирган “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари “Халосия” ҳонақоси, “Шифоия” тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Дорул-ҳуффоз” биноси, Марвда солдирган “Хусравия” мадрасаси илм ва санъатнинг ривожланишида, маърифатпарварликнинг тарқалишида муҳим манба бўлиб хизмат қилди.

Алишер Навоийнинг Ҳиротда қурдирган  бинолардан бири “Унсия” бўлиб, бунда шоир ўзи яшаган, шунингдек, мукаммал кутубхона ташкил қилган бўлиб, барча илм ва санъат аҳллари фойдаланганлар. Мирхонд ва Хондамир каби буюк тарихчилар  асарларини шу кутубхонада ёзганлар.

Навоийнинг таъкидлашича, ҳаётнинг мезони инсоннинг фаолияти, хатти-ҳаракати, сифати ва гўзал фазилатидадир. Инсон ҳаётини ўзи учун ҳам, бутун жамият учун ҳам фойдали бўлган ҳизматга бағишлаши, касб-ҳунар ўрганиши, маърифатли ва яхши фазилатларга эга бўлиши керак, дейди. Инсонни тўғри, ҳалол, ростгўй, саховатли, ҳимматли, марҳаматли, оқил ва одобли бўлишга чақиради.

You must be logged in to post a comment Login