ГАНГА ДАРЁСИДАН ОМОН ҚОЛГАН ЗОТ

alisher-navoiy

Ҳазрати Навоий бобомиз  ўзининг асарларида таъкидлаганидек, ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий бурчларидан бири уларга яхши ном, исм қўйишдир. Токи бола улғайиб, ўзининг исми билан чақиришларидан ҳижолат чекмасин, ранжимасин.

Шунинг учун шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам исмига монанд шерюрак бўлиб улғайган. Подшоҳ ва саркарда сифатида бутун мамлакатлар ҳаётида юз берган шиддатли курашлар ва кескин бурилишларни бошдан кечирган. Бобур Мирзо ўз даври ва ўз муҳитидан баланд турган маърифатли сиймо ва ҳақиқат учун курашувчи ботир шахс бўлганлиги учун подшоҳлик унга роҳатдан кўра кўпроқ азоб-у уқубат келтирди. Буни Бобурнинг қуйидаги шеърида кўриш мумкин:

Юз жавру ситам кўрган,

Минг меҳнату ғам кўрган,

Осойише кам кўрган

Мендек яна бир борму?!

Олмос қирраларидай нур сочиб турган бу сўзлар Бобурнинг дунёга асрларда бир келадиган ноёб сиймо эканлигидан  далолат беради. Чунки у шунча даҳшатларни, шунча кулфат-у фалокатларни бошдан кечирганига қарамай, ўзидаги энг яхши фазилатларни йўқотмади, унга табиат берган улуғ истеъдодни беҳуда ҳайф қилмади., балки тенгсиз меҳнатсеварлик ва фидокорлик билан улуғ давлат барпо этди ва ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. Бобур Мирзонинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан комил инсон бўлганини Уилям Эрскин жуда кўп ишонарли далиллар билан кўрсатиб беради:

“Бобур ўткир мерган ва қиличбоз эди. Унинг гавдаси шу даражада бақувват эдики, баъзан ҳар иккала қўлтиғига икки навкарни қисиб олиб, Агра қалъаси девори устида юрарди ва шу аҳволда йўлида учраган тўсиқлардан ўтарди”.

Бу паҳлавонлик Бобур Мирзога бобокалони Амир Темурдан ирсий мерос бўлиб ўтган деб ҳисоблаш мумкин. Чунки ёшлигида Ҳиндикуш тоғининг Кўтали Заррин деган хатарли довонидан қиш кунида бир ҳафта тинимсиз қор тепиб йўл очган пайтларида кўпчилик беку навкарлар ҳолдан тойганда ҳам Бобур Мирзо чарчамас экан.

Умрида кўп хатарли онларни бошдан кечирган Бобур Мирзо Ганга бўйида отаси Умаршайх Мирзога ўхшаб жардан дарёга қулаб тушиши мумкин бўлган ҳодисани “Бобурнома” асарида кундалик жўн ҳолатга ўхшатиб ҳикоя қилади. Жангларда отга ўқ тегиб йиқилган пайтлари кўп бўлади. Бундай пайтда йиқилган отнинг тагида қолиб майиб бўлмаслик учун яхши чавандоз от йиқилиб улгурмасдан олдин чаққонлик билан эгардан сакраб тушиб, ўзини бир четга олади. Мана шундай сакрашларда катта тажриба оширган Бобур Мирзо жар учган жойдан дарҳол ўзини четга олиб улгургани учун отни ҳам ўлимдан қутқаради, ўзини ҳам.

Паҳлавонлик бундан ортиқ бўлмас! Унинг руҳидаги қудрат, қалбидаги куч, истеъдодига хос даҳо жисмидаги паҳлавонликка нисбатан неча карра зўр бўлганини ёзган асарларига ва умр бўйи кўрсатган маънавий жасоратларига қараб тасаввур этиш мумкин.

 

You must be logged in to post a comment Login