БАРҚАРОРЛИК ПОЙДЕВОРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги XII ялпи мажлиси кун тартибидан жой олган “Гаров реестри тўғрисида”ги янги Қонун мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг бугунги босқичида иқтисодий муносабатларни тартибга солишни, бу соҳадаги айрим жиҳатларга аниқликлар киритиш, шаффофликни таъминлаш ва такомиллаштиришни кўзда тутади.

Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида гаров реестрини юритиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш ижтимоий муносабатларни такомиллаштириш, тартибга солишда муҳим ўрин тутади. Қонунда кредитор фойдаланувчи сифатида талқин этилмоқда.

Қонун билан кредиторларнинг таваккалчилигини камайтириш чоралари кўрилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларининг молиявий кўмак олишдаги мурожаатларини   кўриб   чиқиш   муддатларини   қисқартириш  учун   тегишли имконият  яратилиши  ушбу   қонуннинг  нуфузини   оширувчи   жиҳатларидан биридир.

Қонунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган гаров реестрини юритувчи ташкилот билан гаров реестрига ёзув киритиш тўғрисида шартнома тузган юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёзув киритиш шартлари алоҳида ёритиб берилмоқда. Шунингдек ушбу шартномани тузиш тартиби, мазмуни, асосий шартлари, шартнома тузувчи томонларнинг ҳуқуқи, мажбурияти ҳамда масъулияти белгилаб қўйилмоқда. Гаров реестрини юритиш электрон шаклда амалга оширилиши туфайли унга ёзувлар киритиш ва ёзувларни чикариб ташлаш жараёни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали амалга оширилиши, лекин ёзувларни чиқариб ташлаш кредиторнинг қарздор мол-мулкига бўлган ҳуқуқи бекор қилингандан кейин амалга оширилиши ҳам томонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги адолат мезонини кучайтиради. Қонун билан электрон тизимдан гаров реестридаги ёзувни излаш 2 хил усулда, яъни карздор солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки езувни рўйхатдан ўтказиш рақами орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда. Гаров реестридаги ахборотлар маҳфийлигини фойдаланувчи томонидан сақланиш кафолати ҳам қонуннинг ҳуқуқий мавқеини оширувчи омил бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, қонунда кредиторнинг, яъни фойдаланувчининг ҳукуқлари, мажбуриятларини белгилаб берувчи норма ҳам ўз аксини топган.

Қонунда қарздорнинг розилиги билан гаров реестрига ёзувлар киритиш нормалари белгиланиши билан бирга қарздорнинг розилигисиз гаров реестрига ёзув киритиш тартиби ҳам белгиланган.

Ушбу қонунда карздорнинг розилигисиз гаров реестрига ёзув киритиш ёки ёзувларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ва ушбу ҳукуқни таъминловчи ҳолатлар ҳам ёритилган: Чунончи,

– Суднинг ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган карори асосида – кредитор томонидан,

– Қарздорнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги бўлган тақдирда – давлат солиқ ва божхона хизмати ходимлари томонидан,

– Маъмурий идоралар қарздорнинг мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишга бўлган ҳуқуқини чеклаш, мол-мулкни хатловдан ўтказиш, банк операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарорлари мавжуд бўлган тақдирда – прокуратура, тергов ва суриштирув органлари томонидан ёзувларга ўзгартириш киритиш мумкин.

You must be logged in to post a comment Login