ТАДБИРКОРЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

DSC_0505

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги мазкур соҳанинг ривожида ҳамда юртимиз иқтисодиётида хусусий сектор улушининг тобора ортишида  муҳим ўрин тутмоқда. Шу сабабдан ҳам ушбу фаолиятга ёшларни кенг жалб қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилаётганлиги қонун ижодкорлик фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” номли маьрузасида “Ҳозирги вақтда яна бир муҳим масала – мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес, биринчи навбатда хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини янада кенгайтиришни таьминлай оладиган қонунларни қабул қилиш масаласи биз учун долзарб бўлиб қолмоқда” деган эдилар.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил  2 майда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун ҳам тадбиркорлик фаолияти соҳасини янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб ҳизмат қилмоқда.

Жумладан, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда хунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар тайёрлаш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун кўпи билан беш нафар шогирдни уларга тегишлича ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга ҳақлилиги белгиланди.

Шунингдек, мазкур Қонун билан тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи белгиланди.

Бундан ташқари, Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг банкдаги ҳисобварағида турган маблағларини монеликсиз тасарруф этиш ҳуқуқи, Қонуннинг 31-моддасида нормалар орқали тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатлари қатъий белгилаб қўйилди.

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик ва кичик бизнес фаолиятини қўллаб қувватлаш ва унга шарт-шароитлар яратиш, уларга кенг кафолатларни назарда тутувчи кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунида мустаҳкамланган нормалар хусусан, Қонуннинг 16-моддасида белгиланган оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмаслиги, Қонуннинг 28-моддасида акс этган оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгиланиши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий ҳимоялаш ва уни ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

You must be logged in to post a comment Login