ЎЗБЕКИСТОНДА КАСАНАЧИЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИЛАР 2019 ЙИЛГАЧА СОЛИҚ ТЎЛАМАЙДИЛАР

1912136

Юртбошимиз раҳбарлигида фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашдай олийжаноб мақсадларни кўзлаб ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиёти жадал суръатларда ривожланмоқда. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатлари, солиқ тўловларининг оптимал даражаларини жорий этиш борасидаги чора-тадбирлар ривожланишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилиши, уларнинг фаолият юритишларига сунъий ғовларнинг бартараф этилиши,  солиқ борасида ҳавола этилаётган имтиёзлар, ҳисобот топширишнинг электрон шакли тобора кенгроқ қўлланиши, кредит ажратилишидаги сансалорликларга чек қўйилиши  туфайли ишбилармонлар сафи тобора кенгаймоқда. Хориждан замонавий, юқори самарали технологиялар, ускуналар келтирилиб, рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган тадбиркорлар йилдан йилга кўпаймоқда.

Ўтган йилнинг ўзида рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-таомил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қисқартирилди. 22 турдаги интерфаол солиқ хизмати жорий этилиб, зарур рухсатномалар бериш муддати 2 марта ва мазкур жараёнлар учун харажатлар қиймати 5 марта қисқартирилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсатнома олиш жараёнида тўланадиган харажатлар 8 баробар камайтирилди, банкларда ҳисобрақами очиш учун тўловлар бекор қилинди.

 Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги Қарорига асосан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қуйи ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга туширилиши, чакана савдо қилувчи якка тартибда тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси энг кам иш хақининг 2 баробаридан 0,5 бараварига камайтирилгани яратилаётган имкониятларнинг ёрқин кўринишидир. Шунингдек, уй шароитида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқарадиган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхоналарга белгиланган солиқ имтиёзлари 2017 йилнинг 1 январигача амал қилиши белгилаб қўйилгани, касаначиларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилиш 2019 йилнинг 1 январигача узайтирилгани шак-шубҳасиз иқтисодиётимиз янада жадал суръатларда ривожланишини таъминлайди.

You must be logged in to post a comment Login