СОҒЛОМ ФАРЗАНД – ОИЛА ҚУВОНЧИ

Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган чуқур ислоҳотлар туфайли аҳоли саломатлиги даражаси йил сайин яхшиланишига, фуқароларимиз ўртасида тиббий маданиятнинг юксалишига эришилмоқда.

Юртимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга улкан эътибор қаратилаётгани нафақат бугунги кун, балки келажак нуқтаи назаридан ҳам энг тўғри стратегия  эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Оналар ва болаларга эътибор бу – келажакка эътибор.

Юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази янги бинога кўчиб ўтди. Ўтган йили бу ерда Давлат инвестиция дастури асосида 1 миллиард 824 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Хирургия, реанимация, ортопедия, пульманология, гастроэнтерология, нефрология, кардиоревматология, неврология каби бўлимлар қаторига офтальмология ва урология бўлимлари қўшилди. 

– Жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши тиббиёт марказимизда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимга янада кўпроқ масъулият юклади, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Аъзамжон Абдураззоқов биз билан суҳбатда.

Мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар туфайли оналар ва бир ёшгача бўлган гўдаклар ўлими уч баробарга камайди. Бу натижага эса аввало мунтазам равишда ташкил этилаётган тиббий кўрикларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш орқали эришилмоқда.

“Соғлом бола йили” соғломлаштириш ҳафталикларини ўтказиш билан бошланди. Тошлоқ, Ёзёвон туманларида марказ ва Республика мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактаблари, маҳаллалардаги 10 ёшгача бўлган болалар шифокорлар назоратидан ўтдилар. Ўтказилган саломатлик ҳафталикларида касалликлар аниқланган болаларга амбулатор ва стационар даволар буюрилди, керакли тавсиялар берилди. Марказнинг 12 нафар мутахассиси бу ойда Риштон ва Бағдод туманларида ўғил-қизларни тиббий кўрикдан ўтказадилар.

Аёл саломатлиги оила соғломлиги, жамият мустаҳкамлиги, мамлакат барқарорлигидир. Тиббиёт марказида даволанаётган бемор болаларнинг оналари ҳам кўрикдан ўтказилиб, уларни соғломлаштириш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йили 942 нафар аёлга керакли маслаҳатлар берилди.

“Соғлом бола йили”да Давлат инвестиция дастурига асосан марказда 2 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Янги уч қаватли бино қурилиб, болалар гематология, кардиоревматология бўлимлари, дорихона ва ўқув хоналари ўғил-қизлар саломатлигини тиклаш учун хизмат қилади. 2015 йилда қурилиш ишлари давом эттирилиб, қўшимча бинолар–ошхона, кир ювиш хоналари капитал таъмирдан чиқарилади.

 Соғлом фарзанд – оиланинг кувончи. Келажагимизни етук ва баркамол ўғил-қизлар яратадилар. Президентимизнинг аниқ мақсадли қарорлари ҳаётга татбиқ этилиб, она ва бола саломатлиги ҳимояланган экан, демак келажакни соғлом, ҳар томонлама етук баркамол ёшлар яратишига шак-шубҳа йўқ.

You must be logged in to post a comment Login