ХУСУСИЙ КОРХОНАЛАР САМАРАЛИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

10814

Ўзбекистонда саноатни ривожлантириш бўйича Президент ҳамда Ҳукуматнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, мазкур ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш борасида ҳудудий дастурларнинг амалга оширилаётгани ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Ушбу йўналишда Фарғона вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётганини кўриш мумкин. Шаҳар ва туманларда енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, нефтни қайта ишлаш ва автомобилсозлик йўналишларини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинган. Айниқса, маҳаллийлаштириш дастури асосидаги ишлар самарасида маҳаллий хомашё негизида сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти кенгайди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилди.

Фарғона шаҳрида бундан уч ой олдин ўз фаолиятини бошлаган “Фар Самина нафосат” хусусий корхонаси аллақачон ички бозорда ўз харидорини топишга улгурди. Ўтган шу қисқа муддат ичида корхона ходимларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига бундай муваффақиятга эришилди.

25 нафар аёллар истеъмолчилар талабидан келиб чиққан ҳолда йигирма турдан зиёд трикотаж маҳсулотларини тайёрлашмоқда. Бунинг учун корхона “Микрокредитбанк” очиқ акциядорлик тижорат банкининг Фарғона вилояти филиали кўмагида замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозлаган. “Фар Самина нафосат” хусусий корхонаси буюртма асосида ҳам маҳсулот ишлаб чиқаради.

Фарғона шаҳрида 2013 йилда иш бошлаган яна бир корхона – “Eko-plastex” масъулияти чекланган жамиятига “Алоқабанк”нинг Фарғона филиали томонидан 9,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, замонавий технологиялар асосида қурилиш соҳаси учун полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ва натижада мазкур корхонада 100 янги иш ўрни яратилди.

2010 йилдан буён фаолият олиб бораётган Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги “Musavartex” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси эса ўтган қисқа муддатда нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорини топиб улгурди. 2013 йилда 7000 тонна сифатли калава ип ишлаб чиқарилган бўлса, шундан – 415 тонна ёки 828 минг АҚШ долларлик маҳсулотни Польша, Россия, Украина давлатларидаги харидорларга экспорт қилинди.

Яқинда корхонада модерназация ишлари амалга оширилиб, Швейцариянинг илғор компанияларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар келтирилди. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 30% га кўпайтириш имконияти туғилди.

You must be logged in to post a comment Login