Коллеж: 58 та олтин, 76 та кумуш ва 74 та бронза

DSC_0097

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш жараёнида унинг узвий қисми сифатида болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, умумтаълим мактабларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни бугунги кун талабларига мос тарзда жиҳозлаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилаяпти.

Биргина 2013 йилнинг ўзида республикада 113 спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 болалар мусиқа ва санъати мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилган. Мазкур қурилиш ишлари, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 210 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилганю

Бунда давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва  2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўтган йилда 554 нафар бола (163 нафари қизлар) халқаро, қитъа ва минтақа миқёсидаги мусобақаларда ўттизга яқин спорт тури бўйича иштирок этиб, 124 та олтин, 96 та кумуш ва 133 та бронза медалини қўлга киритди.
Фарғона вилояти мисолида эса Жамғарма маблағлари ҳисобидан Қўқон шаҳри, Фарғона ва Ўзбекистон туманларида янги спорт иншоотлари барпо этилди. Марғилон шаҳри, Риштон, Учкўприк ва Бағдод туманларидаги мактабларда спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Фарғона шаҳри, Қува ҳамда Ёзёвон туманларида болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилди. Бу ишларга 17,4 миллиард сўм сарфланди. Фаолият кўрсатаётган 112 та спорт объекти ва 413 та мактабдаги спорт иншоотларини зарур инвентар ҳамда ускуналар билан билан жиҳозлашга бир миллиард 614 миллион сўм йўналтирилди.

Ҳозир ушбу мажмуаларда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 205 минг нафар ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу рақам 2003 йилга нисбатан олганда 1,4 баробар кўпдир.

Яратилган имкониятлар самараси эришилган муваффақиятларда кўринади. Биргина Фарғона олимпия захиралари коллежи ўқувчилари 2013 йилда ўтган нуфузли мусобақаларда 58 та олтин, 76 та кумуш ва 74 та бронза медални қўлга киритди.

– Коллежимизда тўқсон нафардан зиёд малакали спорт мураббийлари спортнинг 20 тури бўйича машғулотлар олиб бормоқда, – дейди коллеж директори Илҳом Турсуналиев. – Бу ерда яратилган кенг шароитдан унумли фойдаланаётган ўқувчиларимиз спорт маҳоратини муттасил оширмоқда. Рустам Абдураҳмонов, Уйғун Ўктамжонов ва Баҳодир Аҳмаджонов яқинда ўтган белбоғли кураш  бўйича жаҳон чемпионатида совринли ўринларни забт этдилар.

You must be logged in to post a comment Login