ВАТАННИНГ МУАТТАР ИСИ

222

Она-Ватан муҳаббати буюк туйғу, туғилиб ўсган юрт севгиси боқий ва муқаддасдир. Бу ҳақда қанча гапирилмасин, қанча ёзилмасин бу мавзу ҳеч қачон кўнгилга тегмайди, аксинча, унинг янги-янги қирралари очилаверади.

Элимизнинг улуғларидан бири бўлмиш Давронбек устоз Темиров яқинда ўзаро суҳбатларнинг бирида шундай деб қолдилар:

– Она-юртимиз мустақилликка эришган илк йилларда хориждаги кўплаб ватандошларимиз ўз киндик қонлари тўкилган жойларни кўриш имконияти туғилганидан қувонишиб, жаннатмакон Ўзбекистонимиз сари ошиқишди. Аэропортда кўрганим бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Хориждан учиб келган юртдошимиз самолёт зинасидан тушиб келди-ю, ўзини кутиб олгани чиққан ўнлаб юртдошлари, қариндош-уруғлари олдида ерга тиз чўкди. Кўзларида дув-дув ёш билан Ватан тупроғига бош қўйди. Сўнг ерга теккан қўлларини юзларига суртиб, тавоб қилгач, ўрнидан туриб, қадрдонлари бағрига отилди. Буни кўриб, Ватан тупроғи қанчалик муқаддас эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим…

Шу ўринда яна бир тарихий воқеани ёдга олиб ўтиш ўринлидир. Ҳамюртимиз, улуғ шоир ва ўтюрак саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда ҳукмронлик қилаётган бир вақтда – 1530 йилнинг кузида Агра шаҳрида оғир хасталаниб ётиб қолади. Шунда унинг кўнгли ота юрти бўлмиш Андижоннинг қовунларини тусайди. Шоҳнинг тилагини амалга ошириш учун олис Андижонга одам юборилади. Орадан кунлар ўтиб, она тупроқда етиштирилган қовунларни келтирган киши саройга кириб, шоҳга таъзим қилади. Шунда чексиз қувончу ҳаяжон билан кутиб олган Бобур уни бағрига босиб: “Айни дамда сиз эмас, биз таъзимда бўлишга бурчлимиз. Чунки сиз Ватаннинг муаттар исини ва муждасини келтирдингиз”, дейди. Ҳа, Ватан қадри, Ватан соғинчи шоҳга ҳам, гадога ҳам бирдек азиз.

Нафақат ўзимизда, балки кўплаб чет элларда ҳам жаннатмакон дея таърифланадиган она-юртимиз олам ҳавасига муносиб ўлкалардан саналади. Беғубор осмони сокин, сувлари мазали, унумдор тупроғига нима эксанг кўкаради, мева беради. Буюк олиму фозилларга бешик, илму маърифатга эшик бўлган она-Ўзбекистонимизни севмай, улуғламай, шаъни-шавкатини ҳимоя қилмай бўладими?!

You must be logged in to post a comment Login