ЯРАШУВ ИНСТИТУТИНИНГ АҲАМИЯТИ

Истиқлол йилларида суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг II чақириқ VI сессиясида қабул қилинган ва амалдаги қонунларга киритилган муҳим ўзгартиришлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларини юқори босқичга кўтарди. Ушбу сессияда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш доираси кенгайтирилди ҳамда суд-ҳуқуқ тизимидаги муҳим ислоҳотлардан бири ярашув институти жорий қилинди.  

Ушбу институт дастлаб фақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан тадбиқ этилган бўлса, бугунга келиб ярашув унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда.

Яъни, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Судлар томонидан жиноят содир этган шахсларга нисбатан ярашув институтини тадбиқ этиш ҳоллари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бунда қонунчилигимиздаги инсонпарварлик принципига риоя қилиниб, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламай, жиноят содир этган шахсга нисбатан у аҳлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишнинг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу билан минглаб инсонларнинг тинч ҳаёт тарзи сақлаб қолинмоқда.

Маълумки, шахсга содир этган қилмиши учун озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганда бир қатор салбий оқибатлар келиб чиқади. Биринчидан, озодликдан маҳрум этилган шахснинг аввалги тинч ҳаёт тарзи бузилади. Қолаверса, шахснинг ўзи учун мутлақо бегона, ноқулай бўлган муҳитга тушиб қолиши, унинг ўз эрки билан ҳаракатланишини чегаралайди ҳамда шахснинг келажакка ишончсизлик билан қарашига олиб келади. Жамиятда ўзининг одоб-аҳлоқи билан ҳаммага ўрнак бўлган, жамиятимизнинг маълум жабҳасида фаол меҳнат қилиб, кўпчиликка фойдаси тегаётган шахснинг биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган қилмиши учун озодликдан маҳрум этилиши, кўпинча салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Сабаби, озодликдан маҳрум этиш жойидаги муҳит, маҳбуслар ўртасидаги ўзаро муносабатлар оддий кишилар ўртасидаги муносабатлардан анча фарқ қилади. Оқибатда, бир неча йил озодликдан маҳрум этиш жойида бўлиб қайтган шахснинг аввалги табиатидаги меҳрибонлик, инсонларга ҳурмат ва ғамҳўр муносабатда бўлиш, меҳнатсеварлик, ақл билан иш тутиш, қонунга ҳурмат билан қараш каби хислатлари ўрнини бераҳмлик, инсоний қадриятларга беписандлик билан қараш, осон йўл билан пул топишга интилиш, қонунларга ҳурматсизлик ҳамда адоват билан қараш каби хислатлар эгаллайди. Натижада шахсга берилган жазо уни аҳлоқан тузатиш ва янги жиноят содир этишининг олдини олиши ўрнига, жамиятимизга янги рецидивистни “етиштириб” беради.

Бу билан озодликдан маҳрум қилиш жазосини умуман қўлламаслик лозим деган фикрга келмаслик керак. Фақат шахсга берилаётган жазо унинг аҳлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олишга етарли бўлса мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўтган давр мобайнида ярашув институтининг бир қатор ижобий жиҳатлари намоён бўлди. Хусусан, ўзаро ярашувга эришиш жабрланувчи ва айбдор ўртасидаги низони жиноий таъқиб чораларини қўлламасдан ҳал қилиш имконини яратади. Шунингдек, жарбланувчига етказилган зарарнинг ортиқча низосиз қопланишини таъминлайди, жиноятлар рецидивини олдини олади, муҳими айбдорни кечириш орқали уни тарбиялайди.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида ярашув институтининг жорий қилинганлиги, миллий қонунчилигимиз асосини инсопарварлик принципи ташкил этишини ҳамда қонунчилигимиз халқимиз турмуш тарзини яхшилаш йўлида хизмат қилишини яна бир бор кўрсатиб берди.

You must be logged in to post a comment Login