Ҳўқанди латифда янги театр

SHQ_5427

Ҳўқанди латифда 2013 йилдан “Қобилиятли болалар” номли ёш томошабинлар театрига асос солинди.

– Биз қобилиятли ёшлар, истеъдодли йигит-қизларни тўплаб, ижодий жамоа туздик, – дейди театр бадиий раҳбари Рустамжон Ҳусанов. – Умидли санъаткорларга Мадаминжон Жўраев ижодий маслаҳатлар бериб, халққа манзур бўладиган спектаклларни саҳналаштиришга киришди.  Янги театрда “Устоз ва шогирд”мактаби талаблар даражасига кўтарилди.

Санъат фидойиларининг саъй-ҳаракатлари билан Шарль Перронинг қаламига мансуб “Қизил қалпоқча” эртаги асосида “Қизил қалпоқча”нинг Ўзбекистондаги саргузаштлари” номли саҳна асари яратилди. Барчани дўстлик ва иноқликда яшашга, болаларни эса ватанпарварлик руҳида тарбиялашга чорловчи бу спектакль томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди.

Театр ижодий жамоаси М.Жўраевнинг “Набирагинам”, И. Турсуновнинг “Муқаррар ажал” ҳамда М.Жўраев ва З.Мамажовларнинг “Войдод Майсара ёки Ҳўқанддаги ҳангома” номли асарларини ҳам саҳнага олиб чиқди. Бунда катта меҳнат тажрибасига эга бўлган устозлар – маданият ходими Ҳусанжон Эшматов ва 5-мусиқа ва санъат мактаби директори Саидаҳмад Саидалиевларнинг ҳиссалари ҳам катта.

Театр шаклланганига эндигина 8 ой бўлди. Лекин бу ижодий жамоанинг санъат оламидаги қадами дадил ва қутлуғ. Ҳозирнинг ўзида ёш ижрочилардан Шуҳрат Тўронов, Виктория ва Лилия Бўронова, Рустам Ҳусанов, Азизжон Мўйдиновлар томошабинларнинг меҳр-муҳаббатларини қозонишган. “Қўқон ёғ-мой”, “Қўқон донмаҳсулотлари”, “Фарғона геофизика” ОАЖ ларида намойиш этилган спектакллар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.

You must be logged in to post a comment Login