ТИЛШУНОСЛИКДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Бугунги кунда ўзбек тилшунослигини тадқиқ этишда унинг бир қатор жиҳатларини ҳам ўрганиб, янги-янги имкониятларни очиш юзасидан изланишлар олиб борилмоқда. Тилшунос олим Муҳаммад Ҳакимовнинг яқинда нашрдан чиққан “Ўзбек прагмалингвистикаси асослари” китоби айнан шу соҳадаги янги қарашлар, янги йўналишдаги фикрлар маҳсули бўлиб, бунда нутқ масалаларининг амалий фаолият жараёни сифатида қандай белгиларга эга эканлиги каби муаммолар ёритилган. Асар монографик характерга эга бўлиб, унда тилшуносликда етарлича ўрганилмаган прагмалингвистика муаммолари масаласига оид фикрлар   назарий жиҳатдан асослаб берилган.

Мазкур монографияда лингвосемиотиканинг таркибий қисмлари саналган семантика, сигматика, синтактика ҳамда прагматиканинг умумназарий масалалари ўзаро уйғунликда ёритиб берилган.  Белгининг нафақат лисоний хусусиятлари, балки унинг мантиқий, фалсафий, ижтимоий, психологик ва прагматик жиҳатлари  чуқур таҳлил этилган.

Асар ўз мазмун-моҳияти билан ўзбек тилшунослигида янги йўналишларидан бири саналган прагмалингвистиканинг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Бу йўналиш тилшуносликда янги  соҳалардан биридир. Шу маънода олимнинг монографик тарзда яратган мазкур илмий асари тилшунослик фани ривожида фарғоналик олимларнинг қўшган ҳиссаси бўлиши билан бирга яна жуда кўп илмий тадқиқот ишларида асос ва манба бўлиб хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login