Ўзбекистон ёшлари – Осиё чемпиони

chempЖорий йилнинг 9-27 январь кунлари Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтин медални қўлга киритди.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилаётган доимий эътибор бугун янада юксак босқичга кўтарилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этиши, терма жамоаларни янги истеъдодлар билан бойитишда муҳим омил бўлаётир.
Ёш футболчиларимиз Осиё чемпионатида эришган юксак ғалаба ҳам ана шундай улкан ислоҳотлар, эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижасидир.

Осиё чемпионатида қитъамизнинг ўн олти давлатидан терма жамоалар ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари халқаро спорт жамоатчилигига ўз имкониятларини кўрсатди, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг муносиб фарзандлари эканини исботлади.

Аслида бутун дунёда катта қизиқиш билан томоша қилинадиган миллионлар ўйини ҳисобланган футбол бўйича ҳар қандай нуфузли мусобақада юқори натижага эришиш осон эмас. Ўзбек футболи тарихида ҳам бундай юқори натижалар ҳар йили ҳам қайд этилавермайди.

Ўзбекистон футболчилари 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ва 2011 йил Эронда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган эди.

Осиё футбол конфедерацияси томонидан Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатининг кескин ва муросасиз баҳсларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари шижоату матонатда, истеъдоду маҳоратда рақибларидан ҳар томонлама устун эканини исботлаб, ҳақли ғалабага эришди.

Футболчиларимиз “А” гуруҳидаги биринчи учрашувда қатарлик тенгдошларига имкониятни бой берган бўлса-да, кейинги баҳсларда Хитой ва Уммон ёшлар терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Чорак финалда Япония ёшларини 4:0, ярим финалда Жанубий Корея вакилларини 4:1 ҳисобида енгди.

Мусобақанинг оғир об-ҳаво шароитида ўтган финал баҳсида футболчиларимиз Вьетнам ёшлар терма жамоаси устидан 2:1 ҳисобида зафар қучиб, Осиё чемпиони бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков ОФК томонидан мусобақанинг энг фойдали футболчиси, деб топилди. Унга «Тoyota» компанияси томонидан 20 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот берилди.

Ёш футболчиларимизнинг тарихий ғалабаси халқимизга улкан қувонч ва шодлик бахш этганини, уларнинг қалбида фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдириб юборганини ҳис этиш қийин эмас. Бутун халқимиз бу ғалабани катта ҳаяжон ва хурсандчилик билан қарши олди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизни ғалабамиз билан табриклаганидан қувониб, қалбимиз фахрга тўлди, – дейди ёш футболчи Рустамжон Ашурматов. – Президентимизнинг юксак эътиборини, самимий дил сўзларини ўқиб, кўзимизга ёш келди. Келгусида бундан-да улкан ғалабаларни қўлга киритишга бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз.

– Эришилган ғалабага қўшилган ҳисса жамоамизнинг ҳар бир аъзосига фахрланиш туйғуларини бағишламоқда, – дейди Забиҳилло Ўринбоев. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг футбол билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.

– Осиё чемпионатининг финал учрашувида ҳал қилувчи голни урганимдан, халқимиз ва терма жамоамизнинг ғалабасига ҳисса қўшганимдан бахтиёрман, – дейди Андрей Сидоров. – Бу чемпионатда биз муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек футболчилари ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини яна бир карра исботладик.

Терма жамоамиз аъзоларига Президентимиз совғаси – «Malibu» автомобиллари топширилди.

You must be logged in to post a comment Login