Чўнғара аҳли билан самимий мулоқотлар

Фарғона вилояти Риштон туманидаги Чўнғара қишлоғи анклав ҳудудда жойлашган бўлиб, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан қишлоқ аҳли билан мулоқотлар ўтказилиб, муаммолари жойида ҳал этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қўшни давлатлар билан узилиб қолган муносабатлар тиклангани, чегаралардаги муаммолар ҳал этилаётгани, қардош халқлар ўртасида қўшничилик, қуда-андачилик, борди-келди муносабатлари қайта йўлга қўйилаётгани кўп миллатли халқимизни қувонтирмоқда. Қирғизистон Республикаси билан ҳам дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. “Водил”, “Риштон” чегара постларининг очилгани ўзаро борди-келди йўлга қўйилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Чўнғара қишлоғида ҳам чегара билан боғлиқ муаммо ўз ечимини топди. Бундан қишлоқ аҳли беҳад мамнун.

Сўлим тоғлар бағрида жойлашган бу масканда ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб 1000 дан зиёд аҳоли аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаб келмоқда. Қишлоқ ҳудудида жойлашган ва халқ орасида “Йигитпирим” деб аталувчи “Султон Эр Ҳубби Вали” мақбараси азиз қадамжо сифатида машҳур.

– Қишлоғимиздаги мактабда 40 йил ишладим, кимё-биология фанидан дарс бердим, – дейди Солижон Муҳаммадиев. – 7 фарзандимнинг 5 нафари олий маълумотли, улардан бири фан номзоди. 2006 йилда муборак Ҳаж ибодатига ҳам бориб келдим. Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин. Давлатимиз раҳбари амалга ошираётган ишлардан жуда хурсандмиз. Қирғиз билан ўзбек азалдан ёнма-ён яшаб келган. Эт билан тирноқни ажратиб бўлмагани каби бу икки халқни ҳам бир-биридан ажратиб бўлмайди. Айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларимиз яхшиланаётгани ҳаммамизнинг кўнглимиздаги гап бўлди.

Вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мазкур қишлоқда бўлиб, бир қатор муаммоларни ўрганди. Улар орасида энг кўп мурожаат бу – дарё тошиши натижасида аҳоли экинларини сув ювиб кетишининг олдини олиш учун дамба қуриш, паспорт масаласи, иш билан таъминлаш, тадбиркорларга кредит ажратиш, боғча, туғруқхона ва кутубхона очиш, дорихона ташкил қилиш кабилардир. Кўп масалалар шу ернинг ўзида амалий ҳал қилинди.

Чўнғара қишлоғида яшовчи 1 минг 300 кишига 2018 йил давомида табиий газдан бепул фойдаланиши учун вилоят ҳокимлиги томонидан пул ўтказиб берилди. 11 та кам таъминланган оилага 5 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Қўшимча даромад топиши учун 100 хонадонга товуқ боқиладиган сетка ҳамда 50 донадан товуқ бепул берилди. Икки нафар ногиронга бепул дори-дармонлар тўплами ҳамда 500 минг сўмдан пул маблағи етказилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 15 миллион сўм маблағ ажратилиб, қишлоқдаги жами 267 хонадоннинг ҳар бирига китоблар тўплами совға қилинди. “Фарғонаёғмой” масъулияти чекланган жамиятига 100 тонна шелухани ўз нархи – биржа нархида етказиб бериш вазифаси топширилди. Ҳудудда бозорча ташкил этиш ва кундалик зарур озиқ-овқат моллари билан доимий таъминлаш чоралари кўрилди. Шунингдек, маҳалла ва умумтаълим мактабида кутубхона ташкил этилиб, бадиий адабиётлар билан таъминланди.

You must be logged in to post a comment Login