Давлат дастури – 2018: 11 триллион 239 миллиард сўмдан кўп ва 1 миллиард 285 миллион АҚШ долларига яқин миқдорида маблағ йўналтирилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони жорий йилдаги ислоҳотларимиз асосини белгилаб берди. Мазкур фармонда амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар халқимизга зўр қувонч, алоҳида куч-қувват бағишламоқда.

2018 йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 11 триллион 239 миллиард сўмдан кўп ва 1 миллиард 285 миллион АҚШ долларига яқин миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Давлат дастурида қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган. “Сайлов кодекси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш мақсад қилинган. Бугунги кунда ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилган. Ишчи гуруҳ халқаро норма ва стандартлар талабларидан келиб чиқиб, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини унификация қилишга киришган.

Жорий йилда “Давлат хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу қонуннинг қабул қилиниши давлат хизмати тизимини ташкил этиш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш, давлат хизматига ўтиш, ўз вазифасини бажариш, хизматдан бўшаш тартибини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ҳар бир шаҳар ва туманда замонавий давлат идоралари марказларини қуриш, уларга янги инновацион технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, мобиль телефонлар орқали давлат хизматларини кўрсатиш имконияти кенгайтирилади. Махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари билан олис қишлоқларга бориб давлат хизматлари кўрсатиш тартиби йўлга қўйилади. Давлат хизматлари ягона реестри тузилади. Дастлабки маълумотларга кўра, бугунги кунда фуқароларимиз ва юридик шахсларга 1 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилади.

Жорий йилда яна бир муҳим янгилик давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги таъсирини қисқартириш, унинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш билан боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда 64 лицензия тури мавжуд бўлса, уларнинг 21 таси бевосита Вазирлар Маҳкамаси ваколатида. Ҳозирда айрим лицензияларни бериш ваколатини Вазирлар Маҳкамасидан хусусий секторга ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистода 134 йўл-патруль постлари фаолият кўрсатган. Президентнинг Сенатга Мурожаатномасидаги танқидий фикрлардан сўнг бугунга қадар уларнинг 73 таси олиб ташланган.

Муҳокамаларда аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси»га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий маълумотлар маркази” концепцияларини татбиқ этиш, ҳудудлардаги 301 аҳоли пунктининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш, интернетнинг ўтказиш қобилиятини 200 Гбит/секундга етказиш, 4 мингдан ортиқ таянч мобиль алоқа станцияларини ишга тушириш каби чора-тадбирлар режаси амалга оширилади.

You must be logged in to post a comment Login