Ўзбекистонда “in bulk” маҳсулот асосида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга преференция тақдим этилмоқда

dori darmonlarЎзбекистон Республикаси Президентининг “Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республикага дори воситалари ва тиббиёт буюмлари олиб кириш тартибга солинади.

Шундай тартиб белгиланмоқдаки, корхонанинг ўзи томонидан тайёрланган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўлиқ технологик цикл бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади;

корхонанинг ўзи томонидан тайёрланмаган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади;

дори воситалари ёки тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида қадоқлаш, истеъмол ўрами ва маркировка қилишдан ташқари барча технологик босқичлардан ўтган ҳар қандай қадоқланмаган дори воситаси ёки тиббиёт буюми “in bulk” маҳсулот деб эътироф этилади.

Шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқарилган тақдирда улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади;

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари юқоридаги мезонга мувофиқ бўлмаган ёки “in bulk” маҳсулот асосида ишлаб чиқарилган ҳолларда, улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилмайди;

маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари корхонанинг ўзи томонидан
барча ёки алоҳида бутловчи ва технологик қисмларни ишлаб чиқариш ёхуд маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари бутловчи ва технологик қисмларни, шу жумладан, импорт қилинаётганларни йиғиш йўли билан ишлаб чиқариш ташкил этилган ҳолларда тиббиёт техникаси маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар орасида муқобили бўлмаган “in bulk” маҳсулот асосида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат харидларида иштирок этишда хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг худди шундай маҳсулоти қийматидан 20 фоиз миқдорида нарх преференциялари тақдим этилмоқда.

2018 йил 15 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг “in bulk” маҳсулотни импорт қилишда, рўйхатдан ўтган тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмайди. Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга “in bulk” маҳсулот асосида тайёрланган маҳсулотлар қисмига, рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 январга қадар сақлаб қолинади.

You must be logged in to post a comment Login