ВАТАН АСЛ ФАРЗАНДИНИ УЛУҒЛАЙДИ

I karimovИслом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унга вилоят фаоллари, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, турли соҳа вакиллари,   ижодкорлар, талаба ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради. Мустақиллик меъмори  Ислом Каримовнинг давлатимиз ва халқимиз учун қилган буюк хизматлари, унинг  раҳбарлигида юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Илмий-амалий конференцияни таниқли тележурналист Севара Турсунова олиб борди ва сўзни Ўзбекистон Халқ артисти Галина Мелниковага берди. У ўз сўзида Биринчи Президентимизнинг жасорати ва матонати, эзгу-ишлари Ватанимиз тарихи саҳифаларида олтин ҳарфлар билан муҳрланди, дея эътироф этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ўқиб эшиттирди, қарор ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизда ўтказилаётган тадбирлар ҳақида тўхталиб, Биринчи Президентимиз таваллуд куни муносабати билан вилоятимизга ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

Ислом Каримов номидаги илмий-амалий, маърифий мемориал мажмуа раҳбари, Ўзбекистон санъат арбоби, академик Турсунали Қўзиев, мажмуа илмий ходими Умид Азизов Биринчи Президентимизнинг 1989 йилдан бошлаб Фарғона вилояти билан боғлиқ фаолияти, вилоятимизда нишонланган муҳим саналар, хусусан Аҳмад ал-Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний юбилейлари билан боғлиқ тарихий воқеалар хусусида сўз юритдилар, мажмуанинг бугунги фаолияти ҳақида маълумот бердилар.

Ўзбекистон Халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова Ислом Каримов хотирасига бағишланган шеърини ўқиб берди. Вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Топволди Холдоров Ислом Абдуғаниевич ташаббуслари, олижаноб ишлари ҳақида изҳорларини сўзлади. Интернет тармоғида birinchiprezident.uz веб сайтини яратган фарғоналик журналист Иқболжон Абдужабборов Ислом Каримов хотирасига бағишланган электрон мақолалар ҳақида фикрларини билдирди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна  Каримовага сўз берилди. Татьяна Акбаровна мазкур муҳташам сарой қурилишига тамал тоши қўйган, эзгу-ниятларини фарғоналиклар билан ўртоқлашган, халқини жондан ортиқ севган, ҳаётини мамлакат равнақига бахшида этган инсон хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор, унинг буюк хизматларига эътироф учун давлатимиз раҳбарига, Ўзбекистон халқига, таваллуд кунни кенг нишонлаётган ташкилотчиларга чуқур миннатдорчилик билдирди.

Вилоят ҳокими илмий-амалий анжуманга якун ясар экан, бу каби тадбирлар  вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида, корхона ва ташкилот, муассасаларида бўлиб ўтаётганлигини таъкидлади. Татьяна Каримовага Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди учун вилоят ҳокимлигининг совғасини топширди. Тадбир иштирокчиларидан бир гуруҳи анвойи гулдасталар тақдим этишди.

Маънавий-маърифий тадбир сўнггида фарғоналик истеъдодли санъаткорларнинг концерт дастури намойиш этилди. Озод Ватан, истиқлол, она-замин мавзусида қўшиқлар янгради.

You must be logged in to post a comment Login