ҚАЛҚОН БОР, ҚАЛЪА БУТ, ҚЎРҒОН САЛОМАТ

14 yanvarАкадемик шоиримиз Ғафур Ғулом армия аталмиш мардлар мактабига ана шундай таъриф берган эди. Дарҳақиқат, замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғларга эга Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлашнинг мустаҳкам қалқонига айлангани барчамизни чексиз фахрлантиради.

Вилоятимиз бўйлаб кенг нишонланган 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни тантанасида ҳам ана шу хусусиятлар яққол намоён бўлди. Эрта тонгда Фарғона шаҳридаги Хотира хиёбонида жам бўлган ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, кенг аҳоли вакиллари қутлуғ сана билан бир-бирларини муборакбод этдилар.

Ҳарбий оркестр садолари янгради. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев бошчилигида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва унга қарашли ҳарбий қисмлар, вилоят ички ишлар идоралари, прокуратура органлари, миллий хавфсизлик хизмати, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона, ташкилот, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари, кенг аҳоли вакиллари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.

Майдон узра Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.

– Юртбошимиз томонидан Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлисида таъкидланган фикрлар, муҳим ўзгариш ва янгиланишлар ҳарбий хизмат нуфузини юқорига кўтарди, армия ва халқ якдиллигини мустаҳкамлади, – дейди майор Ёқубжон Азаматов. – Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, муқаддас мажбуриятга, айни чоғда нуфузли касбга айланди.

Хотира хиёбонидан бошланган ва шаҳар кўчалари бўйлаб саф тортиб ўтган ҳарбийлар, ҳарбий техникалар намойишини юртдошларимиз чексиз фахру ифтихор билан кузатиб, олқишладилар.

Тантанали маросим Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида давом этди.

Даставвал саҳнага Давлатимиз Байроғи олиб кирилди. Давлатимиз   Мадҳияси янгради.

Тадбирда сенатор ва депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, журналистлар ва бошқалар жам бўлдилар.

Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев ўқиб эшиттирди.

Байрам арафасида “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президентимиз Фармони соҳа вакилларига кўрсатилган юксак ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди.

Давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, ­миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ­ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик, ­барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида ­мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланганлар сафида фарғоналикларнинг ҳам борлиги янада қувонарлидир.

Тантанали тадбирда уларга давлат мукофотлари – орден ва медалларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Павел Эргашев тантанали равишда топширди.

– Бу галги байрам мен учун унутилмас бўлиб қолади. Фаолиятим муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан юксак давлат мукофотига лойиқ топилгани зиммамдаги масъулиятни янада оширди, – дейди биз билан суҳбатда ҳарбий қисм командири, «Мардлик» ордени соҳиби Азизбек Хўжаахматов. – Бу орденни барча ҳамкасбларимга, сафдошларимга билдирилган ишонч деб биламан.

– Президентимиз табригини тинглаб, мудофаамиз қудрати йилдан йилга юксалаётганини, ҳарбийларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини яна бир карра ҳис этдим, – дейди «Шуҳрат» медали билан тақдирланган ҳарбий қисм взводи секция командири Авазбек Камолов. – Бугунги эътирофга муносиб бўлишга астойдил интиламиз. Юртимиз тинчлигини, халқимиз осойишталигини асрашга янада катта катта куч ва ғайрат билан ёндошамиз.

Тадбир давомида ўз хизмат вазифасини намунали адо этаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари, ҳарбий кўрик-танлов ва мусобақалар ғолибларига вилоят ҳокимлигининг диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишда, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оила аъзоларига пул мукофотлари топширилди.

Таниқли санъаткорлар ва турли ансамбллар томонидан ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар янгради.

Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар мажмуасида  тўкин дастурхон атрофида байрам шодиёнаси бўлиб ўтди.

You must be logged in to post a comment Login