Шавкат Мирзиёев диний-маърифий соҳани ривожлантиришга эътибор қаратмоқда

din ulamolarБугунги кунда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда  диний илмларга ихтисослашган мактабларнинг очилиши, буюк алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилаётгани халқимиз маърифатини зиёда қилишга мустаҳкам замин яратади.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқини дунё жамоатчилиги ҳам юксак эътироф этди. Зеро, юксак минбарда янграган ислом динини зўровонлик ва хунрезлик билан бир қаторга қўймаслик, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш тўғрисидаги фикрлар эзгулик ва тинчликка даъватдир, миллий қадриятларимизнинг асраб-авайлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам диний-маърифий мавзуга кенг тўхталиб, Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланаётгани, ушбу ноёб асарлардан  бугунги  давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкинлигини, эндиликда уларни ўқиб ўрганиш зарурлигини  таъкидлади.

Дарҳақиқат, биз бой маданий меросимиз хазиналарини чуқур ўрганиш асносида жаҳолатга барҳам берамиз. Муқаддас китобларимизда “Илмнинг барчаси яхшидир” дейилган. Ислом таълимоти илмни ҳоҳ диний бўлсин, ҳоҳ дунёвий, уни қадрлашга буюрган. Дунёвий ва диний илмларнинг пухта эгалланиши маънавий ҳаётимизнинг тозаришига хизмат қилади.

Илми бор инсон ҳеч қачон жаҳолатга яқин йўламайди, жиноят кўчасига кирмайди, бузуқ ақидаларга эргашмайди. Илм ўрганишнинг асосий омилларидан бири китоб мутолаасидир. Афсуски бугунги кунимизда нафақат ёшларимиз, балки катталаримизда ҳам китоб мутолаасига бўлган қизиқиш сусайиб кетган. Китобхонликка нисбатан интернет сайтларига кириб, сайтлардаги маълумотлардан фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо шу ўринда интернетдаги таҳдидларни ҳам унутмаслик керак.

Китобга бўлган қизиқишни, илмга иштиёқни оиладан бошлаш керак. Шу ўринда бир мулоҳазани ўртага ташлашга тўғри келади.  Баъзи оилаларда ота-оналар ўғил-қизларининг туғилган куни ёки бирор ютуққа эришган кунларида турли қимматбаҳо буюмлар совға қилишади. Ҳатто машина калитини тутқазиб қўйишади. Лекин бу тақдимлар ўша фарзандда молу дунёга ҳирсу ҳавасни уйғотади, секин-аста бола таъмагирликка ўрганади. Ундан кўра ота-оналар болаларига энг яхши китоблардан совға қилсалар бахту саодат калитини армуғон этган бўладилар.  Пайғамбаримиз (с.а.в) “Ҳеч ким фарзандига одобдан кўра афзалроқ ҳадя беролмайди” дея марҳамат қилганлар. Одобнинг мағизи илм ва фазилатдир. Назаримда китоб ўқишни ҳам, илм олишни ҳам фазилат даражасига олиб чиқишимиз зарур.

Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар халқнинг моддий фаровонлигини ошириш, меҳнатга муносабатини шакллантириш билан бирга унинг маънавий эҳтиёжларини қондиришга ҳам хизмат қилади. Бу борада биз имом-хатиблар зиммасига ҳам  жуда масъулиятли вазифалар юклатилди. Маҳаллаларда ўтказилаётган ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларида янада фаол иштирок этишимиз, фарзанд тарбиясида ота-оналаримизга динимиз кўрсатмалари, миллий қадриятларимизга асосланган ҳолда тавсиялар беришимиз керак бўлади. Оилавий ажримларнинг олдини олишда қайноналар, ёш келин-куёвларга ҳақиқий бахт гўзал одоб-аҳлоқ, маърифат, вафо-садоқат, мусаффо эътиқод эканлигини мунтазам тушунтириб боришимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз” деган шиор ҳар биримизнинг қалб амримизга айлансин.

You must be logged in to post a comment Login