Ўзбекистонда олий таълим тизимини янада такомиллаштириш учун АҚШ тажрибасини ўрганмоқда

Oliy ta'limЎзбекистонда олий таълим тизимини модернизация қилиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди. Қарорда ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш белгиланган. Жорий йилнинг 7-29 октябрь кунлари АҚШда бўлиб, у ердаги таълим жараёнлари билан танишганимиз ҳам бу борадаги ишларнинг амалий самараси бўлди.

Сафар давомида Вашингтон, Нью-Йорк, Чикаго, Фэрфилд, Блумингтон, Бостон, Мэдисон каби шаҳар ва округларнинг олий ўқув юртларида бўлиб, таълим соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Америка коллеж ва университетлари ассоциацияси Вашингтонда жойлашган ва штатлар томонидан молиялаштирилади, бу профессионал бирлашмага таълим тизими ва коллеж, университетларга тааллуқли  420 та давлат олий таълим муассасалари киради. Ташкилотнинг аъзолари таълим ва ўқитиш масалалари юзасидан умумий жараённи бошқаради.

Хофстра университетидаги профессор-ўқитувчилар билан учрашув ҳам барчамизда катта таассурот қолдирди. Университетда кўплаб йўналишлар мавжуд бўлиб, магистратура ва аспирантура босқичидан бошлаб илмий- тадқиқот ишлари билан шуғулланилади. Профессорлар магистр ва аспирантлари билан ҳамкорликда мавзуни оралиқ фанлар доирасида ҳамда мавжуд компаниялар буюртмаларига асосан танлайдилар. Мавзу доирасида махсус дастур профессор томонидан ишлаб чиқилади ва буюртмачиларга молиялаштириш учун тақдим этилади. Илмий тадқиқот жараёнида экспериментал ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳоз ва ускуналар сотиб олинади.

Аспирантурага ўқишга кириш учун тадқиқотчилар мавзу танлаб, биринчи босқичда махсус фанлар бўйича имтиҳон топширишади. Иккинчи курсдан бошлаб диссертация ёзилади. Диссертация химояси тадқиқотчининг публикациясига оид ишлар билан баҳоланади, эришган натижалари таҳлил қилинади. Кафедрада 3 та ихтисослик бўйича профессор кўриги асосида тадқиқотчига диплом берилади.

АҚШ олий таълим муассасаларининг аксариятида Марказий Осиё, Евроосиё ва бошқа мамлакатлар тили, турмуш тарзи каби масалалар бўйича илмий тадқиқот олиб борувчи мактаб ва институтлар фаолият кўрсатади. Колумбия университетининг Харриман институтида бўлганимизда ҳам ана шу жараённинг гувоҳи бўлдик.

Чикагодаги Иллинойс технология университетининг яқин Шарқ тиллари цивилизацияси факультетида ислом тарихи, араб, ўзбек, қозоқ, қирғиз, арман ва шу каби бошқа тиллар ўрганилади. Қадимги туркий тил, эски ўзбек тили ҳам ўргатилади. Бакалавр талабалар 4 йил  ўқиш мобайнида 128 кредит соат тўплаши керак. 1 та фан 3 кредит соатдан иборат бўлиб, 1 семестр 15 ҳафтани ташкил қилади. Бу семестрда талаба 16 кредит соат тўплаши зарур. 4 йил 8 семестрдан иборат бўлиб, фақатгина архитектура йўналиши талабалари 5 йил ўқиши талаб қилинади.

Магистратурада ўқиш 2 йил, баъзи соҳаларда 1,5 йилдан иборат. Магистратура талабаси ишлаб чиқаришга кетадиган бўлса, 1,5 йил ўқийди ва магистрлик диссертациясини ёзмайди. Илмий тадқиқот ишларини давом эттириш нияти бўлган талаба, албатта, 2 йиллик курс якунида магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиши шарт.

Талабалар билимини баҳолаш 2 хил тартибда амалга оширилади:

1. Талабаларнинг гуруҳ сифатида берилган топшириқни еча олиш маҳорати баҳоланади.

2. Талаба билими ўқитувчи томонидан индивидуал шаклда баҳоланади.

( PhD) бўйича ўқиш жараёни 3-5 йилни ташкил қилади.

Глобал муносабатлар маркази (CUNY) ходимлари билан учрашувда ҳам ўзимизни қизиқтирган кўплаб масалаларга жавоб олдик. АҚШ олий таълим муассасалари фаолияти бозор иқтисодиёти мезонлари асосига қурилган. Ҳар бир фан ўқитувчиси талабаларга дарс бериш учун янги ғоя ва технологиялар асосида махсус дастур тузиши керак. Янги дастурлар асосида университетни битираётган талабага амалиёт давридаёқ кампания ва ишлаб чиқариш корхоналари томонидан иш ўринлари таклиф қилинади. Бу таклифлар иш ҳақининг кўплиги билан талабалар томонидан танланади. АҚШ олий таълим муссасалари ўқитувчилари синов даври учун бир йил, уч йил муддатга раҳбарият билан шартнома асосида ишлайдилар. Умрбод ишлаш мақомини қўлга киритиш учун илмий-тадқиқот ишлари билан жиддий шуғулланиш зарур бўлади.

Индиана университетидаги информатика, компьютер ва муҳандислик мактабида илмий тадқиқот ишлари фаннинг янги соҳалари ва оралиқ фанлар ўртасидаги муаммолар ечимига бағишланганлиги билан характерлидир. Янги ихтиро ва ғоялар билан ишлаш учун илмий лабораторияда замонавий асбоб-ускуна ва қурилмалар мавжуд бўлиб, халқаро ва маҳаллий талабалар профессор назоратида экспериментал тадқиқотларни амалга оширадилар ва уни амалиётга жорий қиладилар. Информатика, компьютер ва муҳандислик мактабида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ишлаб чиқариш, компаниялар ва АҚШ давлат департаменти буюртмалари асосида ташкил этилади.

Халқаро Меридиан маркази, АҚШ таълим вазирлиги, АҚШ давлат департаменти ва бошқа жойларда ташкил этилган ҳар бир учрашув илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда катта аҳамият касб этди.

Умуман олганда, АҚШга сафаримиз давомида юртимиздаги олий таълим тизимидаги ишларни таққослаш, тажрибаларни ўзаро ўртоқлашиш имконига эга бўлдик. Айниқса, океан орти мамлакатида талабалар билан ўзбек тилини ўрганиш бўйича Online машғулотларни ўтказганимиз ҳам юртимизни таништиришга хизмат қилди, албатта.

 

М. ҲАКИМОВ,

Фарғона давлат университетининг илмий ишлар бўйича проректори,

филология фанлари доктори, профессор.

You must be logged in to post a comment Login