ФАРҒОНАДА 642 ТА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

mtmЎзбекистон Президентининг ташаббуси билан республикамизда илк маротаба Мактагача таълим вазирлигининг ташкил этилганлиги, ҳозирда унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти изчил йўлга қўйилганлиги катта тарихий воқеа бўлди.

Бугунги кунда вилоятда 642 та мактабгача таълим муассасаси ва  16 та нодавлат таълим муассасалари фаолият олиб бориб, уларда 91 минг 342 нафар болалар тарбияланмоқда. Бироқ бу кўрсаткич ҳудуд миқёсидаги 3-7 ёшли 270 минг 28 нафар болаларнинг 33 фоизини ташкил этади, холос.

Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларга кўра, вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда бошқарма тасарруфидаги барча туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари жами 1 млрд. 863 млн.сўмлик офис жиҳозлари билан таъминланди. Туман-шаҳар мактабгача таълим бўлимларига замонавий маъмурий бинолар ҳамда режа асосида алоҳида хоналар ажратилди. Ҳозирда вилоятдаги барча мактабгача таълим муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси ва интернет тармоғига уланганлик ҳолати меъёрлаштирилмоқда.

Вилоятдаги 642 та мактабгача таълим муассасаларининг барчаси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. 618 та МТМ атрофи тўсиқлар билан тўлиқ ўралган.

Мактабгача таълим муассасаларида қўлланилаётган овқатланиш меъёрларини ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда 2018 йилнинг  1 январидан бошлаб янгиланган овқатланиш меъёрлари ва республиканинг барча мактабгача таълим муассасаларида тизимли мониторингини жорий этиш вазифаси ижроси бўйича бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларига қўлланилаётган овқатланиш меъёрлари қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг 2017 йил 10 ноябрдаги 11-сонли қарори билан тасдиқланди. Жорий йил  1 январдан бошлаб барча мактабгача таълим муассасаларида ушбу меъёр асосида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.

Мактабгача таълим муассасаларига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (картошка, сабзи, пиёз, гуруч) заҳирага олиш бўйича режалаштирилган маҳсулотлар тўла жамғарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги              “2017 йилда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2017 йилда вилоят бўйича жами 38 та мактабгача таълим муассасаси биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, мазкур муассасалар 4,424 млрд сўмлик мебель-жиҳоз ва болалар ўйинчоқлар билан таъминланди. Бироқ, қайд этиш керакки, бугунги кунда вилоятимиз туманларидаги аксарият болалар боғчаларининг умумий аҳволи, хусусан, бинолар таъмири  қониқарли ҳолатда эмас. Жорий йилда вилоятимизда ана шундай таъмирлаш ва моддий-техник базасини янгилашга муҳтож бўлган 65 та, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг қўшимча таклифи билан яна 30 та мактабгача таълим муассасасида реконструкция ва мукаммал-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

-Президентимиз қарори билан давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ишларига кенг йўл очилди, -дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси раҳбар ва педагог кадрлар билан ишлаш ва уларни танлаб олиш бўлими бошлиғи Мадаминжон Исроилов. -Бунинг натижасида вилоятимизнинг  ҳар бир шаҳар-туманларида нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини шакллантириш учун тадбиркорлар аниқланиб, лойиҳалаштириш ишлари бошланди. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг бари вилоятимизда болалар таълим-тарбия масканларини янада замонавийлаштириш, уларда ўғил-қизларимиз учун энг яхши қулайликлар яратиш босқичма-босқич амалга оширилаётганлигини кўрсатади.

Ўтган йиллар давомида таълимнинг бирламчи бўғинида талай муаммо ва камчиликлар урчиб кетгани оғриқли нуқталаримиздан бири эди. Эндиликда мактабгача таълим тизимининг самарали фаолиятига, давлат даражасидаги эътибор билан гуллаб-яшнашига катта умидлар боғласак бўлади. Ахир, барчамиз ҳам энг яхши нарсаларни, аввало, дилбандларимизга аталишидан шод бўламиз. Бу борада вилоят мактабгача таълим бошқармаси олдида ҳудудда мазкур тизимнинг юксалишини таъминлаш, болалар боғчаларини ҳар томонлама қулай ва сифатли, замонавий таълим-тарбия масканига айлантиришдек муҳим вазифалар кўндаланг турибди.

You must be logged in to post a comment Login