ФАРҒОНАДАН ҲАЖ ЗИЁРАТИГА БОРУВЧИ 950 НАФАР ФУҚАРОЛАР САРАЛАНДИ

haj– Бир пайтлар юртдошларимнинг оддий дафн маросимини ўтказишга кафанлик матоларини олиш учун қийналганлари, ҳатто навбат турган кунларини эслайман, – дейди биз билан  суҳбатда бешариқлик нуроний отахон Эркинжон Мухсудалиев. – Диний қадриятларимиз, маросимларимиз оёқ ости қилинган даврларга гувоҳ бўлганман. Мусулмончиликнинг бешинчи фарзи бўлган Ҳаж зиёратига боришни ота-боболаримиз ҳатто орзу қилишар эди. Шукрки, бугун эмин-эркин ибодат қиладиган, диний фарзларимизни ортиғи билан бажарадиган кунларда яшаяпмиз. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу диний амални бажариш тартибига ўзгартириш киритиш, бундан кейин фуқаролардан халққа фойдаси теккан, диний илмлардан хабари бор ва энг асосийси, ўзининг кўп йиллик ҳаёт йўли билан маҳалласида ибрат кўрсата олган энг муносиб одамлар бориши кераклиги тўғрисида фикр билдирганлари халқимизнинг айни дилидаги гап бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги қарорига асосан Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра эндиликда Ҳаж тадбирига боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.

Ҳаж зиёратига боришга номзодлар Низомда назарда тутилган талаблар асосида ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтказилади ва сараланади.

Бунинг учун фуқаролар йиғини раиси томонидан номзодларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилади. Номзодларга улар суҳбатдан ўтказиш ва саралаш учун рўйхатга қўшилганлиги ҳамда суҳбатдан ўтказиш санаси ва жойи тўғрисида фуқаролар йиғинининг раиси томонидан хабар берилади.

Ишчи гуруҳ ҳар ойнинг 5 санасидан кеч бўлмаган муддатда шаклланган рўйхат асосида Ҳажга борадиган заёратчи сифатида навбатга қўйиш учун номзодларни суҳбатдан ўтказади ва саралайди.

Саралаш натижасига кўра Ҳаж зиёратига боришга навбатга қўйиладиган номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида эълон қилинади ҳамда 15 кун мобайнида улар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади.

Жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ёки эътирозлар ишчи гуруҳ томонидан 5 кун муддатда кўриб чиқилади ва текширилади.

Ишчи гуруҳ жамоатчилик фикри асосида фуқарони Ҳаж тадбирига борадиган заёратчи сифатида навбатга қўйиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига 1 кун муддатда тавсия беради.

Аввало, Ҳаж тадбирига боришга навбатга қўйиладиган номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан унга қодир бўлиши, амалларни тўғри ва тўла-тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга бўлиши, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборли бўлиши каби талабларга жавоб бериши керак. Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, Ҳажга бормоқчи бўлган фуқаро олдин Ҳажга бормаган бўлиши лозим (олдинги талабда сўнгги 5 йил инобатга олинар эди). Умрага бормоқчи бўлган киши сўнгги икки йил мобайнида Умрага ёки сўнгги 5 йил ичида Ҳажга бормаган бўлиши талаб этилади.

Жорий йилда Фарғона вилоятида Низомга киритилган янги талабларга мувофиқ суҳбат ўтказилди ҳамда Ҳаж тадбирига борувчилар сараланди. 950 нафар фарғоналиклар муборак сафарга отланиш учун рўйхатга олиндилар.

– Мен қирқ йилдан зиёд таълим соҳасида меҳнат қилдим. 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдим, – дейди марғилонлик 74 ёшли онахон Нажибахон Абдуллаева. – Набираларим эл корига яраб қолди. Бахтли фаровон ҳаёт кечиряпман. Ягона орзуим мусулмончиликни муҳим амалларидан бири – Ҳаж сафарини адо этиш эди. Аллоҳга шукурким  бу зиёратга ҳар томонлама муносиб инсонлар бориши лозимлиги тўғрисидаги талаблардан кейин, менинг қалбимда ҳам бир учқун пайдо бўлди. Маҳалламизда бўлиб ўтган йиғинда менинг номзодим ҳам тавсия қилинди. Юртимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштироким, маҳалладаги тадбирларда доимий қатнашиб келганлигим эътиборга олиниб, Ҳаж зиёратига боришим айтилганида кўзларимга ёш келди. Инсоннинг эзгу амаллари эътироф этиладиган, бундай адолатли тизим жорий қилинганлиги учун Аллоҳга шукрлар айтдим. Менга мусулмонларнинг ушбу эзгу амалини бажариш жараёнида маҳалламизда истиқомат қилаётган диний экстремистик оқимга нотўғри кириб қолган ожиза аёлнинг бириктириб берилгани зиммамдаги масъулиятни икки карра оширди. Эндиликда мен ушбу фуқаронинг юртимиз ижтимоий ҳаётига қайтиши, ватанга дахлдорлик ҳиссини оширишга бўлган ишончини уйғотишга, уни чинакам ватанпарвар бўлиб тарбияланишига ўз ҳиссамни қўшаман.

You must be logged in to post a comment Login