ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚНИНГ МУНОСАБАТЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧДА

6266048

Очиқлик, ўзаро ҳамфикрлик, дўстона ва амалий ҳамкорлик Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ришталарни мустаҳкамламоқда. Ўтган ҳамфтада Афғонистон Президенти Ашраф Ғани жаноби Олийларининг Ўзбекистонга ташрифлари бушбу тарихий алоқаларни янги босқичга кўтарди. Ва икки давлат ўртасида янги саҳифа очиб берди.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 13 октябрда ўрнатилган. Лекин шунча йил давомида бирор марта расмий ташриф амалга оширилмаган. Икки томонлама ҳамкорлик 2016 йилга келиб, изчил ривожлана бошлади. 2017 йил январда Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди. 

Давлат раҳбарлари 2017 йил 7 июнда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ мажлиси ҳамда 10 сентябрда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида учрашувлар ўтказди. 

Афғонистон делегациясининг ташрифи арафасида биринчи марта Тошкент ва Кобул ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат чуқур рамзий маънога, айни пайтда катта амалий аҳамиятга эгадир. 

Энди икки мамлакат расмий вакиллари, ишбилармон доиралари, энг асосийси – оддий фуқаролари Тошкент ёки Кобулга бевосита бориб-келиш имкониятига эга бўлишди. 

Ашраф Ғани ташрифи давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши кураш, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиш мумкин эмас. Бу ўлкада тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир, деди Ўзбекистон Президенти. 

Жаноб Ашраф Ғани маърузасини ўзбек тилида бошлади, Ўзбекистон Президентига «Дўстим ва Биродарим» деб мурожаат қилди. Чунки ўзбек тили Афғонистон Конституциясида расмий учинчи тил деб белгиланган. Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар истиқомат қилади.

Минтақа давлатлари ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистон учун стратегик аҳамиятга эга транспорт ва энергетика инфратузилмаларини барпо этиш бўйича ўта муҳим келишувларга эришилди. 

Хусусан, «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилади. 

Шунингдек, «Мозори Шариф–Шибирғон–Маймана–Ҳирот» темир йўлини барпо этиш бўйича битим имзоланди. Афғонистон шимолида фойдали қазилмалар, жумладан, углеводород захираларини излаб топиш ва уларни ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида фикр алмашилди. 

Савдо ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги имзоланган битимлар иқтисодий алоқалар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган. Ўзбекистонда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, темир йўл, транзит ва бошқа тўловларнинг тариф нархлари туширилиб, савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш учун энг қулай шароитлар яратилмоқда. 

Ушбу ташриф доирасида умумий қиймати ярим миллиард долларга тенг буғдой, қора металл прокати, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича келишувлар бу йўлда катта қадам бўлади. 

Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва текстиль маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди. Айниқса, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам келишиб олингани икки халқни янада яқинлаштиришга хизмат қилади. 

Афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида махсус таълим маркази ташкил этилди. Афғонистон фуқаролари учун барча зарур шароитлар яратилди. 

Шунингдек, Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди. 

Мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегара постларидан ўтказиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, юкларни транзит ташиш, божхона, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, олий таълим соҳаларига оид ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид қўшма комиссия тузиш, Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консулхонасини очиш тўғрисидаги келишувларнинг муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. 

Made in Uzbekistan маҳсулотлари афғон томонининг қизиқишини уйғотмоқда. Ташриф дастурида Тошкентдаги қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташриф тасодифий эмас эди. У ерда Бош вазир Абдулла Арипов барча маҳсулотни кўрсатиб берди.

Ашраф Ғани ўзбек саноати ишлаб чиқариш маҳсулотларини нафақат кўришга муваффақ бўлди – самимий дўстлик нишони сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 25 та «Isuzu» автобуси ва 3 та «New Holland» трактори жанубий қўшнига совға сифатида тақдим этилди.

Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу жафокаш заминда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор экани шубҳасиз. Айни шу мақсадда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили фаолият олиб бормоқда. 

Амалга оширилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли икки давлат муносабатлари бундан кейин янада ривожланади, ўзаро борди-келдилар кучаяди ва буларнинг барчаси икки халқ манфаатларига жавоб беради.

You must be logged in to post a comment Login